Виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш бўйича миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар

133

ХХ аср косманавтика асри, фан-технологияларнинг тез суръатда ривожланиш асри сифатида инсоният тарихига муҳраланди. Шу билан бирга ўтган асрнинг энг катта ютуқларидан бири сифатида инсон ҳуқуқларига оид муштарак халқаро норматив базанинг яратилишини ҳам келтириш мумкин. Бу давргача бўлган паллада инсон ҳуқуқлари халқаро миқиёсда муҳофазага олинмаган бўлса, ўтган асрнинг ўрталарига келиб инсон ҳуқуқларини халқаро даражада ҳимоя қилишга қаратилган умумий механизм шакллантирилди.

Бундан ташқари, бу каби халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар барча мамлакатлар учун очиқ деб белгиланди.

Халқаро ҳуқуқий нормалар миллий қонунчилик билан муносабатда кўпинча устунлик характерида бўлади. Бу ҳолат асосан давлатлар томонидан тан олинади ва конституция ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатларда ўз аксини топади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам бу масалага алоҳида тўхталган бўлиб, унга кўра мамлакатимизда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлиги тан олинади.

Халқаро миқиёсдаги ҳужжатлар инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларида, жумладан, дин ва эътиқод эркинлиги борасида ҳам қабул қилингани ижобий ҳолатдир. Чунки виждон эркинлиги инсон ҳуқуқлари таркибида ўзига хос ўрин эгалловчи муҳим ҳуқуқлардан саналади. Мазкур соҳада қабул қилинган халқаро ҳужжатларни шартли равишда икки қисмга бўлиб ўрганиш ўринлидир.

Биринчи гуруҳ – БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасаларининг халқаро универсал шартномалари;

Иккинчи гуруҳ – инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий халқаро шартномалар ва конвенциялар.
•Дин ёки эътиқод эркинлиги соҳасидаги универсал халқаро шартномалар.

Виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқ қуйидаги универсал халқаро шартномаларда мустаҳкамлаб қўйилган:

БМТ Устави инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишни рағбатлантириш ва ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш зарурлиги ҳақидаги ташкилот аъзолари учун мажбурий юридик кучга эга бўлган қоидаларни ўз ичига олади. БМТ Уставида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёки кафолатлашнинг бирор механизми назарда тутилмаган бўлсада, уларга риоя қилишни тартибга солувчи қатор тамойиллар ўз ифодасини топган. Улардаги асосий омил инсон шахсиятининг қадр-қиммати, дунё халқлари, шу жумладан, эркак ва аёлларнинг тенглиги, ирқий, жинсий, тил ва диний белгилари бўйича камситилишга йўл қўйилмаслиги деб тан олинган. Жумладан, Уставнинг 55-моддасига асосан давлатлар ўз ҳудудларида “инсон ҳуқуқларига, кишиларнинг ирқи, жинси, тили ва динидаги тафовутлардан қатъи назар ҳамманинг асосий эркинликларига ялпи ҳурмат билан қараш ва уларга риоя қилишга” ёрдам беришлари лозим. Шундай қилиб, БМТ Устави талабларига асосан ташкилотга аъзо давлатлар инсоннинг қайси динда бўлиши, эътиқодий қарашларидан қатъи назар инсон ҳуқуқларининг бирдек таъминлашни ўз зиммаларига олишлари зарур.

БМТ муайян йиллар давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базасини яратди. Ташкилот томонидан қабул қилинган ҳужжатлар орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро билл алоҳида эътиборга молик. Бу ҳуқуқий ҳужжат қуйидаги бешта қисмдан иборат:

Биринчиси,¬ 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси;

Иккинчиси, 1966 йилда қабул қилинган Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт;

Учинчиси, 1966 йилда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (ФСҲТП);

Тўртинчиси, ФСҲТПнинг 1966 йилда қабул қилинган хусусий шикоятларга доир факультатив протоколи.

Бешинчиси, 1989 йилда ФСҲТПнинг иккинчи¬ ¬- ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги факультатив протоколи қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ( БМТ Бош Ассамблеяси №217А(III) сонли Резолюцияси билан 1948 йил 10 декабрда эълон қилинган ва қабул қилинган) тарихда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг аниқ рўйхати берилган биринчи универсал характердаги ҳужжат ҳисобланади.

Декларациянинг қабул қилиниши улкан аҳамиятга эга бўлиб, инсон ҳуқуқлари ҳимоясида олға ташланган катта тарихий қадам бўлган. Бу ҳужжатнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос олим Эрика-Ирэн А.Даеснинг таъбирича айтганда, Декларация чинакам эркинлик хартиясидир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида инсоннинг кўплаб ҳуқуқлари қатори виждон эркинлиги ҳам шахснинг ажралмас табиий ҳуқуқи сафатида эътироф этилган ва унинг кафолатини давлатлар зиммасига юкланган. Жумладан, Декларациянинг 18-моддасида шундай дейилади: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”. 19-моддада эса, шахснинг “эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода этиш” ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйган. “Бундай ҳуқуқ ўз эътиқодини ҳеч қандай тўсқинликларсиз амалга ошириш эркинлигини ўз ичига олади ”.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, шунингдек иттифоқлар тузиш эркинлиги ва дискриминация қилмаслик эркинлигини кафолатлайди. Бундай бирлашмалар диний жамоалар тузилишини белгилаб берувчи қонунларга таъсир этади.

“Ҳар бир шахс тинчлик мақсадларида бирлашмалар ва иттифоқлар тузиш ҳуқуқига эга” (20-модда). Бундан ташқари, ҳар бир шахс ушбу Декларацияда белгилаб қўйилган барча ҳуқуқ ва эркинликларга эга (2-модда) ва барча инсонлар қонун олдида тенгдирлар ва ҳеч қандай тафовутларсиз қонун билан тенг равишда ҳимояланиш ҳуқуқига эга (7-модда).

Теҳронда 1968 йилда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Бутунжаҳон Конференцияси 1-мурожаатномасида “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳар бир шахснинг ажралмас ва бузилмас ҳуқуқига нисбатан жаҳон халқларининг умумий келишувини акс эттириши ва халқаро жамоатчилик аъзолари учун мажбурият бўлиб ҳисобланиши” белгилаб қўйилди.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида БМТ органлари инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилган деярли барча халқаро ҳужжатларда Декларацияда мустаҳкамлаб берилган принциплар ривожлантирилиб борилган. Жумладан, виждон эркинлигига оид Умумжаҳон Декларациясининг мажбуриятлари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. Ушбу Пакт аъзо давлатлар учун юридик мажбурият юклайдиган шартномавий мажбурият бўлгани сабабли, унинг дин ёки эътиқод эркинлигини чеклашга нисбатан қоидалари бир пайтнинг ўзида анча аниқроқ ва анча тушунарлироқ ифодаланган. Ушбу Пактнинг 18-моддасида шундай дейилган:

1.Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқ ўз ихтиёри билан ўзига маъқул динни қабул қилиш ва эътиқод қилиш эркини, якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда, ошкора ёки хусусий тартибда сиғинишга боришга, диний ва бошқа урф-одатларни ва маросимни бажариш эркини ҳам ўз ичига олади.

2.Ҳеч ким ўз ихтиёрига кўра ўз дини ва эътиқодига эга бўлиш ёки қабул қилиш эркини камситадиган мажбурий ҳолатга дучор этилмаслиги лозим.

3.Дин ёки эътиқодга сиғиниш эркига фақат қонун билан белгиланган ва жамоат хавфсизлигини, тартибини, саломатлиги ва ахлоқини сақлаш учун, шунингдек, бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркини муҳофаза этиш учун зарур бўлган чеклашлар билангина дахл қилиниш мумкин.

4.Мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар ота-оналарнинг ва тегишли ҳолларда қонуний васийларнинг ўз болаларини ўз шахсий эътиқодига мувофиқ диний ва ахлоқий тарбиялаш эркини ҳурмат қилиш мажбуриятини олади.

Бундан ташқари, Пактнинг моддаларида ўз фикрида содиқ қолиш ҳамда ўз фикрини эркин тарзда ифода этиш эркинлиги назарда тутилган. (19-модда) 1966 йилда қабул қилинган яна бир халқаро ҳужжат – Ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам шахснинг диний эркинлиги, эътиқод ва виждон эркинликлари тўғрисида қоидалар баён этилган. Жумладан, ушбу Пактнинг 13-моддаси 3-бандида болалар таълимига оид эркинликлари баён этилган бўлиб, унда ота-оналар ёки қонуний васийларнинг ўз эрки ва шахсий эътиқодига кўра фарзандларини диний ва ахлоқий таълим билан таъминлаш ҳуқуқлари мустаҳкамланган.

Бу икки халқаро пакт дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан ратификация қилинган ва улардаги юридик мажбуриятларни ўз зиммаларига олишган. Бу эса, аъзо давлатларнинг фуқаролари Пактда мустаҳкамланган ҳуқуқлари бузилган тақдирда халқаро миқиёсда ҳам уларни тиклаш имкониятини беради.

Виждон эркинлигини ҳимоя қилишга хизмат қилувчи халқаро ҳужжатлар орасида “Дин ёки эътиқодига қараб дискриминация қилишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида”ги декларация ўзига хос аҳамият касб этади. 1981 йил 25 ноябрда қабул қилинган ушбу ҳужжат юридик мажбурий кучга эга бўлмаса-да, унинг қоидалари ҳозирги кунда халқаро оммавий ҳуқуқ нормалари бўлиб шаклланганини айтиб ўтиш лозим.

Декларация ва Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт ўртасида ўзаро боғлиқлик кўриниб туради. Ушбу Декларациянинг 1-моддаси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддаси биринчи учта бандида таъкидлаб ўтилган қоидалар мустаҳкамланган. Декларациянинг 2- ва 3-моддалари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг дискриминацияга қарши бўлган нормаларини яна бир бор таъкидлаб ўтади. 2-модданинг 1-бандида ”ҳеч ким диний эътиқодига кўра давлат томонидан ёки ташкилотлар, бошқа шахслар томонидан дискриминация қилиниши мумкин эмас”, деб таъкидлаб ўтилган.

Ушбу Декларация нафақат давлат, балки хусусий шахсларнинг хатти-ҳаракатига нисбатан ҳам қўлланилади. 2-модданинг 2-бандида дин ёки эътиқодига қараб дискриминация қилиш ва камситиш динга асосланган ҳар қандай тафовут, чеклаш, ажратиб қўйишларни амалга ошириш орқали келиб чиқиши тўғрисида қайд этади. Декларациянинг 3-моддаси 2-моддада таъкидлаб ўтилган дискриминацияга қарши бўлган нормаларнинг аҳамиятини белгилаб беради. Шахсни дин ёки эътиқодига қараб дискриминация қилиш инсон шаънини таҳқирлаш ҳисобланади. Бу эса Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида эълон қилинган инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш деб баҳоланиб, жазога тортилади. 4-модда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 2- ва 3-моддасида таъкидлаб ўтилганидек, “барча давлатлар дин ёки эътиқодига қараб дискриминация қилишни олдини олиш учун самарали чоралар кўриши лозим” экани ва “ҳар қандай дискриминациянинг олдини олиш мақсадида тегишли қонунчиликка ўзгартириш киритиш, зарур ҳолларда, уни бекор қилиш” бўйича барча ҳаракатларни амалга оширишни таъкидлаб ўтади.

Дин ёки эътиқодига қараб дискриминация қилишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги декларациянинг 5-моддаси ота-оналар ва фарзандлар ҳуқуқини батафсил кўриб чиқишга бағишланган. 1981-йилги Декларациянинг 6-моддаси диний эркинликлар учун муҳим бўлган аввалги нормаларда назарда тутилган қоидаларни бир бутун ҳолда шакллантирган. Бунга Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда назарда тутилган дин ёки эътиқод эркинлигига қандай ҳуқуқ ва эркинликлар кириши ҳақидаги фикрлар мужассамланган. Жумладан, 6-моддада шундай дейилади: “Ушбу Декларация 1-моддасига мувофиқ ва 1-модданинг 3-банди қоидаларига амал қилган ҳолда эркин фикр, виждон эркинлиги, дин ёки эътиқод эркинлигига қуйидагилар киради:

a) диний маросимларни бажариш ёки дин ёхуд эътиқод муносабати билан тўпланиш ҳамда ушбу мақсадларда жой ташкил этиш ва уни сақлаш;
б) тегишли хайрия ёки инсонпарварлик муассасалари ташкил этиш ва уни сақлаш;
в) диний маросимлар, урф-одатлар ёки эътиқод билан боғлиқ бўлган зарур ашё ва материалларни тегишли миқдорда ишлаб чиқариш, уларга эгалик қилиш ҳамда улардан фойдаланиш;
г) дин соҳасидаги тегишли нашрларни чоп этиш ва тарқатиш;
д) тегишли жойларда дин ёки эътиқод масалалари бўйича таълим бериш;
е) алоҳида шахслар ва ташкилотлардан ихтиёрий молиявий ва бошқа хайриялар сўраш ва олиш;
ё) ворислик ҳуқуқи бўйича у ёки бу дин ёки эътиқод нормалари ва эҳтиёжларига биноан тегишли раҳбарларни тайинлаш, сайлаш ва тайёрлаш;
ж) дин ёки эътиқоднинг тегишли урф-одатларига мувофиқ, диний маросимларни бажариш, байрамлар ўтказиш ва дам олиш кунларига риоя этиш;
з) миллий миқёсда ва халқаро миқёсда дин ёки эътиқод соҳасида алоҳида шахслар ва жамоатчилик билан бўладиган алоқаларни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлаш.

Кўриниб турибдики, мазкур Декларцияда виждон эркинлигига оид халқаро нормалар янада кенгроқ ёритилган ва аъзо давлатлардан юридик ҳимоя талаб этилган.

Дин ёки эътиқод эркинлиги соҳасидаги ҳужжатларнинг иккинчи гуруҳини инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий шартномалар ташкил этади. Уларга:

Европа Кенгаши, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Америка давлатлари ташкилоти, Африка иттифоқи, Ислом конференцияси ташкилоти ва бошқа минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган виждон эркинлиги ва дин борасида қабул қилинган ҳужжатлар киради. Ушбу шартномаларда ҳам давлат ва дин ўртасидаги муносабатлар, давлат ва диний ташкилотлар, бирлашмалар ўртасидаги муносабатлар, фуқароларнинг дин ёки эътиқод эркинлиги, виждон эркинлиги тўғрисидаги халқаро нормалар ўз ифодасини топган.

Ҳужжатлардаги моддаларнинг муҳим хусусиятлардан бири шундаки, улар бир-бирини тўлдиради, бир-бирига мос ва ҳамоҳангдир. Хусусан, дин ва эътиқод эркинлигини ҳимоя қилувчи меъёрларни ўрнатувчи минтақавий халқаро шартнома ҳисобланган “Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича Европа Конвенцияси”нинг дин ёки эътиқод эркинлигига тааллуқли қоидалари баён этилган 9-моддаси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг 18-моддасидаги “ҳар бир шахс фикр, виждон ва дин эркинлигига эга, ушбу ҳуқуқ диний маросимларни бажаришда ўзи ёки бошқалар билан биргаликда ҳаракат қилиш, ўз хоҳишига кўра хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки уни танлашни ўз ичига олади”, дейилган нормаси билан ҳамоҳангдир.

Виждон эркинлигига оид минтақавий халқаро ҳужжатларда диний эътиқод ва фуқаролик мажбурияти масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, Европа иттифоқи доирасида 1990 йилда имзоланган Копенгаген шартномасида виждон эътиқоди бўйича ҳарбий хизматдан бош тортиш ва муқобил хизмат масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган. Унда айтилишича, иштирок этувчи давлатлар ҳар кимнинг виждон эътиқоди асосида ҳарбий хизматдан бош тортиш ҳуқуқини тан олади.

Шунингдек, шартноманинг 18-моддаси 4-бандида муқобил хизмат фуқаролик тусига эга бўлиши, яъни жанговар қисмлардаги хизмат билан боғлиқ бўлмаслиги, қандайдир жазолаш тусига эга бўлмаслиги шарт экани мустаҳкамланган.

Бундан ташқари, 1994 йилда имзоланган Будапешт шартномасида ҳам иштирок этувчи давлатлар зиммасига миллий қонунчиликка виждон эътиқодига кўра айрим шахсларни ҳарбий хизматдан озод қилиш ёки муқобил ҳизматни ўташ амалиётини жорий этиш мажбуриятини юклаган.

Инсонинг виждон эркинлигини ҳимоя қилишга хизмат қилувчи қоидалар мустаҳкамланган минтақавий халқаро ҳужжатлар сирасига 1975 йилги Хелсьсинки шартномаси, 1983 йилги Мадрид, 1989 йилда имзоланган Вена шартномаларини киритиш мумкин. Уларда ҳар бир шахснинг ўз ихтиёрига кўра эътиқодни танлаш, ибодат қилиш, диний бирлашмаларга аъзо бўлиш, ота-оналарнинг ўз фарзандаларига диний таълим-тарбия бериш каби ҳуқуқлар мустаҳкамланган.

Юқорида қайд этилган ва бошқа халқаро ҳужжатлар давлат билан дин ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг халқаро меъёрларини белгилаб беради.

Виждон эркинлиги борасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларини собитқадамлик билан амалга оширилиши ҳамда давлат ва дин ўртасидаги ўзаро муносабатларни муваффақиятли рўёбга чиқарилиши динлараро мулоқот ва диний-маърифий фаолиятни тўғри йўлга қўйиш орқали ҳаётга татбиқ этилиши мумкин. Бу, ўз навбатида, жамиятда диний бағрикенглик, ўзаро тинчликни мустаҳкамлашга ёрдам беради, диний конфессиялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлайди ва энг асосийси, инсонларнинг виждон эркинлигини амалга оширишга кўмакалашди.

Жўраев Шукрулло Рахимович,
Исломшунослик илмий-тадқиқот
маркази катта илмий ходими