Диний таълим билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар

262

Дунё тарихий тажрибасининг гувоҳлик беришича бирорта халқ ва миллат таълим-тарбияга эътибор бермасдан тараққиётга эриша олмаган. Бугунги кунда ривожланган давлатлар деб эътироф этиладиган мамлакатлар тараққиётининг дастлабки омили сифатида ҳам илм-фан эътироф этилади. Истиқлол йилларида республикамизда ҳам таълим-тарбия масаласига энг долзарб вазифалардан деб қарала бошланди.

Мустақилликни қўлга киритганимиздан сўнг бир йил ўтар-ўтмас республикамизнинг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. 1997 йилга келиб эса, мазкур соҳада республикамизда янги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ишлаб чиқилди. Бу ҳуқуқий ҳужжатлар асосида юртимизда академик лицей ва коллежлар ташкил этилди. Олий таълим тизимида эса бакалавр ва магистратура босқичлари шакллантирилди. Таълим-тарбия соҳасида ўтказилган давомли бўлган изчил ислоҳотлар, аввало, фуқаролар онг ва тафаккуридаги ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Бу эса ўз навбатида ёш авлод маънавиятининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда қабул қилинган таълим тўғрисидаги қонунчилигимиз республиканинг дунёвий демократик давлат эканидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Умуман олиб қараганда, дунёдаги давлатларнинг дин ва диний таълим билан муносабатларига эътибор қаратилса, ўзига хос манзара вужудга келганини кўриш мумкин. Сиёсатдаги дин ва давлат муносабатлари омилидан келиб чиққан ҳолда давлатларни қуйидагича гуруҳларга ажратиш мумкин бўлади:

Динга давлат дини мақоми берилган давлатлар (Қатар, Покистон, Коста-Рика);

Черков таъсири доирасидаги давлатлар (Дания, Буюк Британия, Шимолий Ирландия);

Дунёвий давлатлар ёки диний муносабатларда бетарафлик йўлини тутувчи давлатлар (Бурунди, Мадагаскар, Нигер, Туркия, Чад);

Расмий динга эга бўлмаган давлатлар (Аргентина, Белорусь, Боливия, Гана, ГФР, Гондурас, Испания, Италия, Кабо-Верде, Маврикия, Словакия, Судан, Таиланд);

Дин давлатдан ажратилган давлатлар (АҚШ, Голландия, Перу, Португалия, Россия, Франция, Украина, Ўзбекистон);

Католик черкови билан келишувга эга давлатлар (Австрия, Венгрия, Венесуэла, Гаити, Доминикан Республикаси, Испания, Ливия, Мальта, Монако, Марокаш, Польша, Сан-Марино);

Ҳуқуқий эътироф этилган диний гуруҳларни муҳофаза қилувчи давлатлар (Испания, Италия, Кабо-Верде, Чехия);

Диний-жамоавий тизимли давлат (Исроил).

Евангелия лютеран дини давлатнинг расмий дини саналади. Фуқаролар, шу динга эътиқод қилувчилар ўз фарзандларини ҳам шу динга эътиқодли қилиб тарбиялашлари керак. Норвегия Конституцияси, 2 -модда

Давлатларни бундай гуруҳлаштириш нисбийдир ва ўз навбатида бу ўша мамлакатнинг диний таълимга ёндашувини ҳам белгилаб беради. Жумладан, Германия Федерациясида диний таълим умумий таълим тизимига киритилган бўлиб, барча давлат мактабларида бундай таълим мажбурий ҳисобланади. Бу қоида Германия асосий Қонунининг 7-моддаси асосида мустаҳкамланган. Бунда ота-оналар фарзандининг қайси динга эътиқод қилишидан келиб чиққан ҳолда диний таълим-тарбия дарсларини танлайдилар. Умумий таълим тизимида ўргатиладиган диний таълим назоратини эса давлат ўз зиммасига олади.

a) Мактаб ишлари давлат назорати остидадир.
b) Бола тарбиясига ваколати бўлган шахслар шунингдек, уларнинг диний таълим олишини ҳал этиш ҳуқуқига ҳам эга.
c) Диний таълим ноконфессионал мактаблардан ташқари бошқа барча мактабларда мажбурийдир. Ҳеч бир ўқитувчини унинг хоҳишига қарши диний таълим беришга мажбурлаш мумкин эмас. Германия Конституцияси, 7-модда.

Англияда ҳам мамлакат қироличаси расман черковнинг бошлиғи ҳисобланиб, таълим жараёни христиан дини қадриятлари билан боғлиқ ҳолда олиб борилади. Ҳукумат диний мактабларни молиялаштиради.

Европанинг яна бир мамлакати Бельгияда ҳам диний таълим мажбурий ҳисобланади. Давлат мактабларида болаларга ота-оналар танловига кўра христианликнинг католик ва протестантлик йўналишлари, шунингдек ислом, яҳудийлик динларидан бири ёки атеистик дунёқараш асосида таълим берилади.

МДҲ мамлакатларида эса, мактаб таълими диндан ажратилган бўлса-да, ҳозирда айрим давлатларда синов тариқасида диний предметлар давлат таълим тизимига киритилмоқда. Жумладан, Россияда 2009 йилдан бери мактабларда синов тариқасида диний фанлар ўқитилиши йўлга қўйилди.

Ўтган йиллар давомида республикамизда ҳам дунёдаги бошқа давлатларда бўлгани сингари диний таълим сифатини оширишга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Диний таълим тизимини жаҳон андозаларига мос равишда ташкил этиш ва ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар доирасида, энг аввало, диний таълим билан боғлиқ норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Бу ҳужжатлар жумласига, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги қарори каби ҳужжатларни айтиб ўтиш ўринли.

“Таълим тўғрисида”ги Қонун республикамизда олиб бориладиган таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принципларини белгилаб берди. Унга кўра Ўзбекистонда таълим тизими дунёвий характерда бўлиши лозим. Бу тамойилнинг моҳияти шундаки, таълим жараёнида диний қараш ва ғояларни тарғиб қилишга қаратилган фанлар ўқитилмайди. Шунингдек, давлат таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди ва таълимнинг барча босқичларида дунёвий таълим берилишини кафолатланади. Энг асосийси, бу қоида фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқини уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар таъминланишини англатади.

Ўзбекистонда умумий ўрта мактаб ва лицей-коллежларда «Диншунослик», «Дунё динлари тарихи» каби фанларда бир қанча динлар ва улардаги ибодатлар ҳақида батафсил маълумот берилиши, шунингдек, «Одобнома», «Маънавият асослари», «Ўзбек адабиёти» каби фанларда ҳар бир шахсда инсонийлик, ватанпарварлик, ота-онага ҳурмат, инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-муруват туйғуларини камол топтиришга хизмат қилувчи Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф ва турли диний мазмундаги ривоятлардан намуналар келтирилган мавзулар анчагина эканини айтиб ўтиш зарур. Бу эса, нима учун ислом динига оид диний маълумотлар мактаб дарсликларига киритилган каби саволларга сабаб бўлиши табиий. Шу боис, бу масалага ёндашувда ўша ҳадисларнинг бутун мусулмон оламига етиб келишида асосий сабабчилардан бўлган имом Бухорий, имом Термизий каби буюк муҳаддислар шу юртда яшовчи маҳаллий аҳолининг аждодлари ҳисобланиб, улар қолдирган илмий меросни ўрганиш эса, шу Ватан фарзандларининг муқаддас бурчи экани билан изоҳлаш ўринлидир.

Республикамиз қонунчилиги бўйича таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмаслиги айтиб ўтилган, лекин дин ҳақида маълумот берувчи фанлар бундан мустасно.

Дин ҳақида маълумот берувчи ўқув предметларида бирор динга устунлик бермаган ҳолда кўпчилик эътиқод қилувчи дунё ва миллий динлар, улардаги ибодат ва расм-русмлар ҳақида маълумотлар кўпинча энциклопедик тарзда баён этилади. Шунингдек, бундай фанларда динийлик руҳи бўлмайди.

Диний фанлар эса аксарият ҳолларда ўша дин вакиллари томонидан ёзилади. Ўз навбатида ёритилаётган маълумотнинг яққол ҳақиқат эканига заррача бўлсада, шубҳа қолдирмаган ҳолда тадқиқ этилади. Шунингдек, диний фанларда даъват руҳи мавжуд бўлиб, ўқувчининг диний кўрсатмаларда баён этилган рисоладигидек инсон бўлиб камол топишига чорлаб туради. Бундай фанлар умумий таълим тизимига киритилмасада, махсус диний таълимга ихтисослашган таълим муассасаларнинг асосий ўқув предметлари ҳисобаланади.

Маълумки, виждон эркинлиги ҳар бир шахсга диний таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шундай бўлса-да, диний таълимотлардан сабоқ олишнинг муайян қоидлари, тартиблари белгиланган.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси 3-бандига кўра “вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди”.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига асосан вояга етиш ёши 18 ёш деб белгиланган. Қонунчиликда вояга етмаган шахснинг физиологик, психологик жиҳатларини эътиборга олган ҳолда, уларнинг айрим ҳуқуқларини амалга оширишлари чекланиши мумкин. Чунки 18 ёшгача бўлган ўсмирларда ташқи таъсирга тез берилувчанлик ҳамда психологиясида турли ўзгаришлар содир бўлиш ҳоллари кузатилади. Одатда, бу ёшдаги ўсмирларниниг айрим ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини уларнинг ота-оналари ёки уларга тайинланган васий ёки ҳомийлар амалга оширади.

Юқорида келтирилган нормада ҳам вояга етмаган болаларнинг диний ташкилотларга жалб этиш тақиқланиб, уларни ўз ихтиёрига ва ота-оналари ёки қонуний васийлари ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмаслиги таъкидланмоқда. Лекин миллий қонунчилигимизда вояга етмаганларнинг, шунингдек уларнинг ота-оналари ихтиёрий розилиги асосида диний таълимотдан сабоқ олиши ёритилмаган.

Шундай бўлсада, бу қоидани ёритишга ёрдам берувчи айрим нормалар мавжуд. Жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддаси 2-бандида олий ва ўрта махсус диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади. Демак, диний ўқув юртларида ўқимоқчи бўлганлар, албатта, умумий мажбурий ўрта таълим тизимида таълим олган бўлишлари лозим. Умумий мажбурий ўрта таълим одатда 15-16 ёшларгача давом этади. Айтиб ўтилган қоида талабига кўра балоғатга етмаган бола 15-16 ёшгача диний ўқув юртларида эмас, давлатнинг умумий таълим босқичида ўқиши зарур экани келиб чиқади.

Шу билан бирга, айрим диний таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг максимал ёши масаласи ҳам белгиланган ҳолатлари кузатилади. Яъни таълим олувчиларнинг ёши 35 ёки 40 дан ошмаган бўлиши каби шартлар белгилаб қўйилиши мумкин. Аслида бу ҳол амалдаги қонунчилигимизга хилоф саналади. Чунки “Таълим тўғрисида”ги қонунимизга кўра, шахснинг таълим олишини юқори ёши белгиланмаган. Айни пайтда, бундай чеклов ёши катта ёшдаги шахсларнинг виждон эркинлигини бузилиши ҳамдир. Мантиқан олиб қараганда ҳам ёши катта инсоннинг ҳам диний таълим олишга ҳақи бор. Ўз навбатида, агар бундай шахсларга диний таълим муассасаларида таълим олишининг чеклаб қўйилиши бу эҳтиёжни ноқонуний йўл билан қондирилишига сабаб бўлиши мумкин. Масалан, хусусий тартибда диний таълим олиш йўли билан.

Маълумки, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддаси 4-бандига асосан хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади. Қонунчиликда хусусий тартибдаги таълим ман этилган бўлсада, “хусусий тартибда”ги таълим нима, таълимни “хусусий тартибда” деб юритиш учун қандай шартлар зарур экани ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маълумотлар учрамайди.

Шундай қилиб, фуқаролар диний таълимни асосан олий ва ўрта махсус диний ўқув муассасаларидагина олишлари мумкин. Бу диний ўқув муассасаларининг фаолияти, уларни тузиш тартиби, фаолиятини тўхтатиш асослари “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 март қабул қилинган “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги 99-сонли Қарорига мувофиқ амалга оширилади. Унга кўра ўз фаолиятини юритмоқчи бўлган диний таълим муассасалари лицензияга эга бўлишлари шарт.

Диний таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш Вазирлар Маҳкамасининг комиссияси томонидан амалга оширилади. Бу комиссия ишчи органи функциясини Дин ишлари бўйича қўмита бажаради.

Диний таълим соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга фақат юридик шахсларгина талабгор бўлиши мумкин ва лицензия 5 йил муддатга берилади.

Белгиланган тартиб-қоидаларга асосан лицензия талабгори бўлган муассасалар баъзи шарт ва талабларга жавоб беришлари лозим. Жумладан,

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя қилиш;
ўз фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган талабларга жавоб берувчи мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган биноларининг мавжуд бўлиши;
диний фанларнинг Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ўқув концепцияси, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ўқитилиши;
вояга етмаган шахсларни уларнинг иродасига, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (васийлар)нинг хоҳишига хилоф равишда ўқитишга, таълим жараёнида уруш, зўравонлик, прозелитизм ва ҳар қандай миссионерлик каби ноқонуний фаолиятни амалга оширилишига йўл қўймаслик;
диний фанларнинг диний маълумотга эга бўлган шахслар томонидан ўқитилиши;
диний ташкилотларнинг бошқарувини тегишли марказий орган рухсатномасига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилиши;
битирувчилари диний фанларни ўқитишга қўйилиши мумкин бўлган диний таълим муассасалари, шу жумладан хорижий диний таълим муассасалари рўйхатини Қўмита билан келишиши;
диний фанларни ўқитаётган шахсларни Қўмита билан келишилган муддатларда даврий аттестациядан ўтказиш;
белгиланган давлат таълим стандартлари ва талабларига мувофиқ дунёвий фанларни ўқитиш;
ўқув жараёнини таъминлаш учун зарур моддий маблағлар (ёки уларнинг аниқ манбалари) мавжуд бўлиши;
Қўмитага, унинг талабига кўра, лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотлар бериш;
ўқув жараёнида чет элда нашр этилган, белгиланган тартибда экспертизадан ўтган диний адабиётдан фойдаланиш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишлар ўтказилганда лицензияни назорат органларига кўрсатиш каби талаблар бажарилиши зарур бўлади.
Юқоридаги қоидалардан кўриниб турибдики, диний таълим тизимини тартибга солишга қаратилган норматив ҳужжатлар, диний ўқув юртлари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш билан бирга давлат ва жамият хавфсизлиги ва миллатлараро ва динларо ҳамжиҳатликни ҳам сақлашга хизмат қилади.

Ҳозирда республикамизда айтиб ўтилган талаблар асосида лицензияга эга бўлган ва Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган ўндан ортиқ муассасалар диний таълим соҳасида фаолият олиб бормоқда. Улар жумласига Тошкент ислом институти, Рус Православ Черковининг Тошкент Православ маънавий Семинарияси ва Тошкент христиан-протестант диний семинарияси, шунингдек, республиканинг барча минтақаларида ташкил этилган мадрасаларни айтиб ўтиш ўринлидир.

2000 йилдан бошлаб Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчиларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси йўлланмаси билан режали равишда республикада фаолият кўрсатаётган масжидларга ишга тақсимлаш жорий қилинди ва 2001 йил январь ойидан бошлаб, илк марта диний билим юртлари талабаларига стипендия бериш йўлга қўйилди.

Илгари диний таълим муассасаларини тамомлаган битирувчиларнинг олган дипломлари диний ташкилотлардагина ишлаш имконини берар эди. Бу эса, диний ўқув юртлари битирувчилари учун муайян қийинчиликларга сабаб бўларди. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятни такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги Қарори мазкур масаладаги муаммоларни бартараф этиш ва диний соҳа барқарорлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин.

Ҳукуматнинг бу Қарорига кўра, Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида жорий этилган таълим стандартлари, ўқув режалари ҳамда талабаларнинг қабул қилинган давлат меъёрларига мувофиқ диний ва дунёвий билимлар олаётганини инобатга олиб, мазкур ўқув юртларининг битирувчиларига бериладиган дипломлар давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди.

Шу билан бирга, унга эга бўлган шахсларга давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди.

Юқорида келтирилган маълумотлар шуни кўрсатадики, юртимизда диний таълим тизимини ривожлантириш, аҳолининг диний таълимга бўлган эҳтиёжини таъминлаш бўйича ўзига хос ҳуқуқий механизм шакллантирилган ва бу халқимиз манфаатлари учун хизмат қилишига йўналтирилган. Бу эса, республикамизда фуқароларнинг эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини таркибий қисми ҳисобланган диний таълим соҳасида ўзига хос мактаб шаклланганидан далолат беради.

Жўраев Шукрулло Рахимович,
Исломшунослик илмий-тадқиқот
маркази катта илмий ходими