АҲҚОФ

7

АҲҚОФ (араб. الاحقاف-қумтепаликлар) – Ҳуд (а.с.) қавми Од қабиласи яшаган жой. Қуръони каримнинг 4-сураси номи ва шу суранинг 21-оятида Аҳқоф сўзи учрайди. Араб қабилаларидан бири бўлган Од қавми Арабистон ярим оролининг жанубида баланд қумтепаликларда яшаган. Бу қавмга Ҳуд (а.с.) пайғамбар бўлиб келадилар, улар турли бут-санамларга ибодат қилганлар. Оятда, «(Эй, Муҳаммад!) Од (қабиласи)нинг биродарини (Ҳудни) эсланг! Ўшанда у ўзининг қумтепалардаги қавмини: «Сизлар Аллоҳгагина ибодат қилингиз!…» (Аҳқоф, 21) дейилган. Аммо қабила бунга жавобан, «Улар: «Сен бизларни худоларимиздан буриш учун келдингми?! У ҳолда агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга ваъда қилаётган нарсангни (азобни) келтиргин-чи?», – дедилар. У айтди: «(азоб ҳақидаги) билим фақат Аллоҳ ҳузуридадир. Мен сизларга ўзим элчи қилиб юборилган (дин)ни етказурман. Лекин мен сизларни жоҳил қавм эканингизни кўриб турибман». Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир (қора) булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир», – дедилар. Йўқ, у ўзларингиз қистаган нарса бўрондир-ки, унда (сизларга аталган) аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон қилур. Бас, (у бўрон келиб) тонг отганида фақат уларнинг (қолдиқ) масканларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи кишиларни мана шундай жазолаймиз» (Аҳқоф, 22-25).

Ҳуд қавми, яъни Од қабиласини Аллоҳ таоло ҳалок этишни ирода қилгач, аввал қаттиқ иссиққа дуор қилинган ва ёмғир ёғмай қурғоқчилик бошланган, ёмғирга ташна бўлиб турганларида бир булутни юборади. Улар булутни кўриб ҳаммаси унинг остига тўпланиб туришганда қаттиқ шамол келади. Натижада улар етти кечаю, саккиз кун қум остида қоладилар. Сўнгра шамол ҳаммасини учириб бориб денгизга улоқтиради. Уларнинг уйларидан бошқа нарса қолмади. Ҳуд (а.с.) билан бирга қолган мўминлар хавфсиз жойда омонда қоладилар.