Ҳадис тўпламларининг ҳанафий мазҳаб далилларини асослашдаги ўрни (“Шарҳ маъони ал-осор” асари мисолида)

132

Ҳадис, фиқҳ, тафсир ва ақида илмлари бўйича олим Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад Таҳовий (239/854 й. – 321/933 й.)  ҳадис илмларини тадқиқ қилиш ва улардан далиллар олишда ҳанафий мазҳабининг етук намоёндаси ҳисобланган. Бу борада алломанинг “Шарҳ маъони ал-осор” асари ҳадис, фиқҳ илмини очиб беришда, бир-бирига зоҳирий кўринишда қарама-қарши бўлган ҳадисларни мувофиқлаштириб баён этиш бўйича мукаммал асарлар қаторига киради.

Ушбу китоб ҳанафий мазҳабининг далилларини очиб берувчи қимматли манбалардандир. Ҳанафия мазҳабга қарши отилган “осҳоби раъй”  таъна тошларини қуруқ туҳмат эканини исботлаб берувчи китоблардан биридир. Шунингдек, ушбу асар ислом динига нисбатан танқидий қаровчилар ва етарли диний билимларга эга бўлмаган шахслар томонидан, Пайғамбарнинг сўзлари, ишлари ўртасида зиддиятлар бор, деб даъво қилганларга раддия сифатида ҳам муҳим ўрин тутади.

“Шарҳ маъони ал-осор” асарининг ёзилиш услуби ўзига хос бўлиб, Имом  Таҳовий асарни таълиф қилишда бир юз ўн тўққиз устозидан ривоят қилган ҳадислардан фойдаланган. Буларнинг орасида энг кўп ҳадис ривоят қилган устозлари Юнус ибн Абдулаъло бўлиб, саккиз юз етмиш еттита ҳадис ривоят қилган[1]. Лекин Таҳовийнинг мазкур асарида ҳадис ривоят қилмаган устозлари ҳам борлигини унутмаслигимиз лозим. Зеро, унинг устозлари бир юз ўн тўққизтадан кўп бўлганига шубҳа йўқ.

Муҳаддис Бадриддин Айний (ваф. 855/1451 й.) ўзининг “Нухоб ал-афкор” китобида Таҳовийнинг “Маъони ал-осор” асари борасида шундай зикр қилади: “Таҳовийнинг асарлари ўзгача услубда, фойдаларга бой тарзда битилган китоблар сарасига киради. Хусусан, алломанинг “Маъони ал-осор” асарини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу асарга эътибор берган ўқувчи асарнинг ҳадис илмига оид асарлар орасида ҳадислар эътибордан энг қувватлиси, далиллар жиҳатдан кучлиси эканига гувоҳ бўлиши табиий. Бунинг бирдан бир сабаби эса, Таҳовий асарда ўта синчковлик билан далилларни ўрганиш ва ҳадислар қарама-қаршиликларига барҳам беришда “жамъ[2]”, “насх[3]”, “таржиҳ[4]” ва бошқа шу каби услублардан моҳирона фойдаланган”[5].

Ҳаттоки Ибн Ҳазм ҳам ушбу асарни Имом Моликнинг “Муватто” асарларидан устун қўйган. Имом Заҳабий “Тазкират ал-ҳуффоз” асарида Ибн Ҳазмнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Таъзимга лойиқ китоблар сирасига аввало икки саҳиҳ тўплам, Саид ибн Саканнинг “Саҳиҳ” асари, Ибн Жоруднинг “ал-Мунтақо” асари, Қосим ибн Асбағнинг “ал-Мунтақо” асари ва шунингдек, Имом Таҳовийнинг бир қанча асарлари киритиш мумкин”

Маълумки, бирор асарнинг шарҳи деганда, унинг тушуниш қийин бўлган, ечимга муҳтож, ёритилмай қолган, қисқа услубда келтирилган жойларини ёки изоҳга эҳтиёжли ўринларини кенгроқ, батафсилроқ тушунтириб берган китоб тушунилади. Китобнинг шориҳи биринчи асар муаллифи бўлсин, ёки бошқаси бўлсин, бунинг аҳамияти йўқ. Лекин “Шарҳ маъони ал-осор” асари бундан мустасно. Сабаби, асар икки ном билан юритилган: бири – “Шарҳ маъони ал-осор”, иккинчиси – “Маъони ал-осор”дир. Бунга сабаб – асарда икки маъно ҳам уйғун тарзда бирикиши мукинлигидадир. Яъни “Маъони ал-осор” деганда, “осор” – ҳадисларнинг маънолари тушунилса, “Шарҳ маъони ал-осор”да эса, ҳадис маънолари шарҳи, баён ва изоҳлари тушунилади. Асарда эса, айни шу ҳолатлар кузатилади. Муаллиф бир ҳадисни баён қилишда ва уни кўринишда зид маъно касб этаётган бошқа бир ҳадис билан солиштириб, мувофиқлаштириб келтиришда зид келаётган ҳадислар атрофидаги маънодош бошқа ҳадисларни ҳам келтириб, изоҳлаб, ҳар бирини баёнлаб ўтганини, ҳадис маъносини очиқ-ойдин, батафсил келтирганини кузатиш мумкин.

Қолаверса, ҳадис илми уламолари ҳам Таҳовийга таъриф бераётган, табақотини зикр қилаётган пайтда уни “Маъони ал-осор” асари муаллифи ёки “Шарҳ маъони ал-осор” асари муаллифи дея келтириб ўтадилар. Фикримизга далил сифатида Аллома Анвар Шоҳ Кашмирийнинг (ваф. 1352/1933 й.) “Файз ал-Борий ала саҳиҳ ал-Бухорий” асари муқаддимасида келтирган қуйидаги сўзларини мисол келтириш мумкин: “Менинг наздимда Имом Таҳовийнинг “Шарҳ маъони ал-осор” номи билан машҳур асари Абу Довуднинг “Сунан”ига яқинроқ бўлиб, ровийларнинг баъзилари мутакаллим бўлганини ҳисобга олмаганда барчалари “ишончли” унвонига эгалиги билан танилган шахслар ҳисобланади. Сўнгра Термизийнинг “Сунан”и кейинги ўринни тутади”[6].  “Сияр аълом ан-нубала” китобининг муаллифи  Муҳаммад Заҳабий (ваф. 748/1347 й.) Абу Жаъфар Таҳовийнинг таълиф этган асарлари орасида “Шарҳ маъони ал-осор” номли китобини эмас, балки “Маъони ал-осор” асарини зикр қилиб ўтган[7].

Муҳаддислардан Кашмирий ва Заҳабийларнинг юқоридаги фикрларидан Таҳовийнинг “Маъони ал-осор” асари “Шарҳ маъони ал-осор” номи билан ҳам юритилишини англаб олиш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тарихда бир қанча муҳаддислар “Шарҳ маъони ал-осор” асарига шарҳлар битганлар. Улар қуйидагилар:

1.Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Аҳмад Боҳилийнинг (ваф. 314/926 й.) “Шарҳ маъони ал-осор” номли шарҳи

2.Абдулқодир ибн Муҳаммад Қурашийнинг (ваф. 775/1373 й.) “ал-Ҳовий фи баён осор ат-Таҳовий” асари. Ушбу асарда муаллиф ҳадисларни олти саҳиҳ ҳадислар тўпламидан тахриж қилган.

3.Маҳмуд ибн Аҳмад Бадриддин Айнийнинг (ваф. 855/1451 й.) “Мабани ал-ахяр фи шарҳ маъони ал-осор” номли асари.

4.Маҳмуд ибн Аҳмад Бадриддин Айнийнинг (ваф. 855/1451 й.) “Нухаб ал-афкор фи танқиҳ мабан ал-ахяр” асари.

5.Абулфазл ибн Наср ибн Муҳаммад ад-Дуҳустонийнинг “Шарҳ маъони алосор” асари.

6.Ҳофиз Абу Муҳаммад Манбажий (ваф. 686/1287 й.) ҳам ушбу китобга шарҳ битган.

Шунингдек, Таҳовийнинг мазкур асарига бир қанча олимлар мухтасар ҳам ёзганлар. Улар қуйидагилар:

1.Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушд ал-Қуртубий (ваф. 520/1126 й.)

2.Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулазиз ас-Самарқандий (ваф. 701/1302 й.)

3.Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Муҳаммад аз-Зайъалий (ваф. 762/1361 й.). Ушбу олимнинг мухтасарини Ҳофиз Абу Муҳаммад Манбажий (ваф. 686/1287 й.) шарҳлаган.

Асарнинг ровийлари борасида битилган асарлар:

1.Маҳмуд ибн Аҳмад Бадриддин Айнийнинг (ваф. 855/1451 й.) “Мағони ал-ахяр фи рижал маъони ал-осор” номли асари.

2.Қосим ибн Қутлубуғонинг (ваф. 879/1474) алИйсор би рижал маъони алосор” асари.

3.Муҳаммад Айюб Музоҳирий ал-Ҳиндийнинг “Тарожим алахбор мин рижал шарҳ маъони алосор” асари[8].

Ҳар бир манбанинг ўзига хос хусусиятлари бўлгани каби, Таҳовийнинг ушбу асари ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Уларни қуйидаги маълумотлар билан кўрсатиш мумкин:

        – ҳадис чигалликларини ечиш ва қарама-қаршиликларига барҳам бериш туркумида ёзилган Имом Шофиий (ваф. 204/820 й.) ҳамда Ибн Қутайбанинг (ваф. 270/883 й.) асарларида учратиш қийин бўлган ҳадисларни саралаб келтирилгани;

        – асарда келтирилган ровийлар иснодларини энг ишончлиги бир неча йўллар орқали олингани. Зеро, бу турдаги асарларда заиф ривоятлар ҳам келтирилиб, бошқа томондан қувватланиши кузатилади. Ёки бунинг акси. Баъзида эса, ривоятлар заиф иснодларнинг кўпайгани боис далил қилиб келтиришга яроқли бўлишини ҳам учратиш мумкин.

        – ровийлар бир-биридан эшитиш йўли билан ривоят қилганлари, бошқа асарларда эса мудаллас[9] йўли билан қилинган ривоятлар ҳам мавжудлиги;

        – ҳадисларнинг барчаси исноди муттасил[10] ёки марфуъ[11] эканлиги;

        – мубҳам[12] исмларни аниқ номлаш, ўхшашларни аниқлаш, мужмал, қисқа тарзда келтирилган ҳадисларни баёнлаш. Ҳадислар тарихи, сабабларини келтириш, ровийлар силсиласини саҳобийга бир неча марта қайта-қайта боғлаш;

        – бу турдаги асарларда қисқагина келтирилган ҳадисларнинг тўлиғини келтириш, умумий қилиб келтирилган ривоятларни қайдлаш;

        – ривоятларни саҳобийлардан, тобеинлардан, улардан кейинги имомлардан ва ўз замонасининг кўзга кўринган олимларидан нақл қилиш;

        – фиқҳга оид масалани ёритиб, унга доир ҳадисларни келтириб, қандай ҳукмлар чиқишини қисман баён қилиш;

        – ҳар бир боб фиқҳий масала билан номланган ва бу билан ҳадисдаги нозик истинботга ишора қилиш;

        – асар фиқҳий китоблар тарзида тартиблангани ҳамда ўша масалага доир ҳадислар келтириб, муносиб тарзда боғланиши, қолаверса, масала атрофидаги ҳадисларни ҳам баён қилиниши каби бир неча хусусиятларга эга эканини мисол келтириш мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Таҳовийнинг ушбу асари фиқҳий тарзда ёзилган. Асарда  деярли фиқҳ илмининг барча китоблари, аниқроғи ўттиз бешта китоб келтирилгани эътиборга молик. Ҳадислар қарама-қаршилиги ва зиддиятларининг ечимига аталгани билан фарқланиб туради.

Шу жиҳатдан, алломанинг “Шарҳ маъони ал-осор” асари фиқҳ, ҳадис илмига ўзига хос ёндашилган китоб бўлиб, ҳадислардан фиқҳий далилларни олишда ҳанафий мазҳаби китоблари орасида етакчи ўринда туради. Таҳовийнинг айни шу асаридан фойдаланган ҳолда иқтибослар келтирилиб, далил ўрнида қўлланилган ҳанафий фиқҳи ва фатвога оид қўплаб асарларни мисол келтириш мумкин. Дунё ислом уламолари то ҳозирги кунгача далил олишда фойдаланиб келаётган Ибн Обидин Шомийнинг (ваф. 1252/1836 й.) “ад-Дурр ал-мухтор” ва унинг хошияси “Радд ал-муҳтор” асарлари ҳамда “Фатавои оламгирия” асарларини шулар қаторида келтиришимиз мумкин. Юртимиздан етишиб чиққан аллома Алоуддин Касонийнинг (ваф. 587/1191 й.) “Бадоиъ ас-саноиъ” асарида ва буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг (ваф. 593/1197 й.) “ал-Ҳидоя” китобида Имом Таҳовийнинг фиқҳга оид асарларидан фойдаланган ҳолда келган ҳужжат-далилларини учратишимиз мумкин. Бу эса, Мовароуннаҳр уламолари мазкур асарни мўътабар санаб, ардоқлаганларидан далолат беради.

ИИТМ тадқиқотчиси

Абдураҳмонов Ихтиёр

[1] Таҳовий. Шарҳ маъони ал-осор. Юсуф Миръашлий таҳрири. – Байрут: Ал-Олам ал-кутуб, 1994. – Ж. 5. – Б. 10.

[2] Бир-бирига зид кўринган икки ҳадис ўртасини жамлаш.

[3] Бир-бирига зид бўлган ҳадисларни қайси бири олдин айтилган, қайси бири кейин амалга оширилганини аниқлаш.

[4] Далил ва кўрсатмаларга эга бўлган ҳадисни бу ҳадисга зид келаётган бошқа ҳадисдан кўра қувватли санаш.

[5] Бадриддин Айний. Нухоб ал-афкор. – Қатар: Вузарот ал-авқоф ваш-шуун ал-исломий, 2008. – Ж. 1. – Б. 5.

[6] Таҳовий. Шарҳ маъони ал-осор // Юсуф Миръашлий таҳрири. – Байрут: Ал-Олам ал-кутуб, 1994.  –Ж. 5. – С. 12.

[7] Муҳаммад Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2010. – Ж. 10. – С. 16.

[8] Таҳовий. Шарҳ маъони ал-осор // Юсуф Миръашлий таҳрири. – Байрут: Ал-Олам ал-кутуб, 1994.  –Ж. 5. – Б. 12-13.

[9] Ровий эшитган ҳадис ровийсини яшириб бошқа ровийга иснодини бериш.

[10] Пайғамбар ёки саҳобийга нисбат берилиш билан иснод бошидан то охиригача узилишсиз бўлиши.

[11] Пайғамбарнинг сўзлари, ишлари, тақрир ва сифатларига нисбат берилган ҳадис

[12] Ҳадис матнида ва иснодда ровий ёки ривоятга алоқадор шахсларни номи зикр қилинмаган.