Ҳассон ибн Собит

116

Ҳассон ибн Собит ибн Мунзир ибн Ҳаром ибн Амр ибн Зайд Манот ибн Адий ибн Амр ибн Молик ибн Нажжор Ансорий (розияллоҳу анҳу). Куняси Абулвалид ва Абул Ҳусам.

У асли мадиналик бўлиб, Хазраж қабиласида дунёга келган.

Ҳассон ибн Собитнинг онаси Фурайъа бинт Холид ибн Қайс ибн Лузон ибн Абдун ибн Зайд ибн Саълаба ибн Хазраж ибн Соида ибн Калб.

Манбаларда Ҳассон (розияллоҳу анҳу) рақибларига нисбатан раҳмли, камтар ва ўта сахий инсон сифатида таърифланади. Исломга кирмасидан аввал у ўз қабиласини мадҳ этиб шеърлар ёзар, эвазига қабиладошларидан ҳадялар олиб кун кўрар эди.

Арабларда қадимдан одамлар ички кечинмаларини шеърга солиб, мадҳ қилиш одат тусини олган эди. Ҳижратдан аввал исломга кирган Ҳассон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хос шоирларига айланди. У киши жангларда ва бошқа ерларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амрларига кўра ислом душманларини ҳажв қилган. Албатта ундан бошқа шоир саҳобийлар Каъб ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Абдуллоҳ ибн Забарий ва бошқалар ҳам бор эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳассон ибн Собитни ўз сўзлари билан қўллаб-қувватлаганларидек, Аллоҳ таоло ҳам уни Жаброил (алайҳис-салом) билан қўллаган эди. Бинобарин, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳассон (розияллоҳу анҳу)га: «Уларни (яъни, мушрикларни) ҳажв қил, Жаброил сен билан биргадир», деб айтганлар.

Ҳассон ибн Собит (розияллоҳу анҳу) мусулмонлар билан ғазотларда қатнашса-да, бевосита жангга кирмас эди. Чунки, у оддий ҳолларда ҳам урушишни ёқтирмас ва унга кўникмаган, шижоатини фақат ўз шеърлари орқали ифода этиб, аскарларни олдинга бошлашга руҳлантира олиши билан шуҳрат топган эди.

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Ҳассон ибн Собит Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан мушрикларни ҳажв қилишга изн сўради. Шунда у зот рухсат бердилар: »Уларнинг ичида менинг насабим қандай бўлади? (яъни насабимни ҳажв қилиб қўймайсанми?)» дедилар. У: «Сизни улардан хамрдан қил суғуриб олинганидек суғуриб оламан», деди.

Ҳассон ибн Собит (розияллоҳу анҳу) мунофиқлар иғвосига алданиб, Оиша (розияллоҳу анҳо) хусусида «ифк» (яъни Оиша онамизга туҳмат қилиш) воқеасида чалғиб қолган эди. Бу туҳматда қатнашиб қолгани учун ушбу саҳобий ва Мистоҳ ибн Асоса (розияллоҳу анҳу)га ҳатто саксон дарра урилган. Улар орасида Ҳамна бинт Жаҳш (розияллоҳу анҳу) исмли аёл ҳам бўлган. Кейинчалик Ҳассон ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ўз айбини ювиш мақсадида Оиша (розияллоҳу анҳо)ни мадҳ қилиб шеърлар битган.

Абу Убайда (розияллоҳу анҳу): «Ҳассон ибн Собит уч фазилати билан бошқа саҳобийлардан устун эди. Биринчиси, «у жоҳилиятда ансорлар шоири бўлган». Иккинчиси, «Нубувватда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шоирларига айланди». Учинчиси, «ислом тарихида бутун Яманнинг шоири даражасига етди».

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳассонга мушрикларни ҳажв қилиб шеър айтиши учун минбар қўйдирдилар. Ҳассон унинг устида туриб, Пайғамбар (алайҳис-салом) билан фахрланар, у зотни шеърлари билан ҳимоя қилар эди. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): »Албатта Ҳассон Расулуллоҳни мудофаа ёки мадҳ қилар экан Аллоҳ уни Руҳул Қудус ила қўллайди», деб марҳамат қилганлар».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотларидан кейин ҳам Ҳассон ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ўз ишида давом этди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир куни Ҳассон масжидда шеър ўқиш билан машғул эди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) ёнидан ўтиб туриб, унга ғазаб билан қарадилар. Шунда Ҳассон: «Мен бу ишимни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлик чоғларида ҳам қилганман», деди.

Умри охирида Ҳассон ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг кўзлари ожиз бўлиб қолган. Манбаларда Ҳассон ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг бир юз йигирма йил умр кўргани қайд қилинган. Зеро, у зот 60 йил жоҳилиятда, 60 йил исломда яшаган. Лекин нечанчи йилда вафот этгани ҳақида ихтилоф бор. Манбаларда 35-40/655-661 йиллар оралиғи келтирилади.

101 УЛУҒ САҲОБИЙ китоби маьлумотлари асосида тайёрланди