БУКМ

8

БУКМ (араб. кўп. البكم, бирлиги ابكم-кар, соқов, гунг) – кофирлар учун ишлатилган сўз – сифат. Чунки уларнинг соқовлиги – ҳақ гапларни гапирмасликларидан. Жумладан, «(Улар маънан) кар, соқов ва кўрдирлар. Бас, улар зинҳор (ҳидоятга) қайтмагайлар» (Бақара, 18), «(Ҳақиқатан ҳам) кофир бўлган кимсалар (ваҳийдан таъсирланмасликда) худди ҳайвонларга қичқираётган кишининг овозидан ва ҳайқириғидан ўзга нарсани эшитмаётгани кабидир. (Улар маънан) кар, соқов ва кўрлардирки, (гапни) англамайдилар» (Бақара, 171). Бу оятда ҳайвонларга ҳар қанча гапирилса ҳам, фақат овоздан бошқа тинглаб, англаш ўрнига ночорликдан эшитишларига ишора қилинган.

Аллоҳ таолонинг оятларини инкор қилувчилар ҳам соқов кишига ўхшатилган, жумладан, «Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганлар зулматлар ичидаги кар ва соқовдирлар» (Анъом, 39). Ҳатто энг ёмон жонзот дейилган, «Аллоҳнинг наздида жонзотларнинг энг ёмони бу ақлни ишлатмайдиган «кар» ва «соқов»лардир» (Анфол, 22).

Яна бир оятда соқов одамнинг фойда келтирмаслиги ҳақида маълумот берилган. Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган соқовдир. У эгасига (ортиқча) юк бўлиб (хожаси) уни қаерга юборса, бирор яхшилик (фойда) келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи тўғри йўлда бўлгани ҳолда, (ўзгаларни ҳам) адолатга буюрадиган киши баробар бўлурми?! (Наҳл, 76).

Аллоҳ залолатда бўлган кимсаларни «…уларни Қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз» (Исро, 97), деб соқовлик охиратда ҳам бўлиши ҳақида огоҳлантирган.