БЎЛАЖАК ИСЛОМШУНОС ОЛИМЛАР ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИДА АМАЛИЁТ ЎТАМОҚДА

425
Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бир гуруҳ талабалари Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига ўқув амалиётини ўташ учун келди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида янгидан қурилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, бу яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Буюк муҳаддис Имом Термизий ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш, халқимизга тушунарли тилда китоблар чоп этиш бўйича тавсиялар берди. Бу ерда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муносиб шароит яратиш, олимларнинг халқаро илмий конференцияларда иштирокини кенгайтириш ва ёш олимларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур вазифаларига мувофиқ Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқи, ақида, калом илми ва ақидавий таълимотлар, ислом тарихи ва манбашунослиги, мумтоз филология, психология (дин социопсихологияси) магистратура мутахассисликларининг 2-курс талабалари Марказда бўлиб, икки ҳафталик амалиётларини ўтамоқда. Уларнинг барчаси сурхондарёлик талаба-ёшлардир.
Сўнгги йилларда ислом динини маърифий асосда ўрганиш, аждодларимизнинг бой илмий меросини тадқиқ қилиш ва шу асосда ёш авлодни тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ва бошқа илмий мактаблар ташкил этилди.
Мазкур таълим муассасаларининг талаба ва ўқувчилари ушбу марказда термизлик алломалар асарларини ўрганиб, таржима қилади. Мақола ва рисолалар тайёрлашда иштирок этади. Талабаларимиз малака ошириш маркази ҳудудий бўлимида имом-хатиблар машғулотларида, вилоят ёшлари учун ўтказиладиган маърифий тадбирларда қатнашади. Жумладан, замонавий янги марказнинг конференциялар залида Термиз давлат университети “Тарих” (ислом тарихи ва манбашунослиги), “Археология” таълим йўналишлари талабалари билан дастлабки маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда талабаларга марказнинг мақсад ва вазифалари, буюк алломаларимиз илмий асарларининг қиймати каби йўналишларда тақдимотлар ўтказилиб, видеороликлар намойиш этилди.
Шу ўринда айтиш лозимки, магистрантлар амалиётлари ўқув йили мобайнида давом эттирилиб, улар учун белгиланган стажировкалар шу ерда ўтказилади. Вилоятдаги таълим муассасалари билан ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам давом этади.
Самариддин НУРМУХАМЕДОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти.