ДИН НИҚОБИДАГИ БУЗҒУНЧИЛАР

47

Инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлган дин кишиларни ҳамиша эзгуликка етаклаган. Аммо, тарих ва замонавий воқелик ундан ёвуз мақсадда ҳам фойдаланиш мумкинлигини кўрсатади. Бундай ҳаракатлар муқаддас ислом дини қоидаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилганини ва оширилаётганини ҳам афсус билан қайд этиш лозим.

Гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган кишиларни “кофир”ликда айблаш ва бегуноҳ мусулмонлар (ҳатто аёллар ва болалар)нинг қонини тўкиши билан танилган “Хорижийлар” ислом тарихидаги ана шундай гуруҳларнинг дастлабкиси эди. Мазкур гуруҳ тарафдорлари фақат ўзларини мусулмон деб билиб, қолган ҳамма, ҳаттоки, жаннатга тушиши башорат қилинган Али (р.а.)ни ҳам кофир деб эълон қилиш даражасига борган эди. Бугун ҳам аксар террорчи ташкилотлар юқоридаги ғояларни ўзлари учун дастуруламал қилиб олгани сир эмас, албатта. Ўтган асрнинг 60­ – 70 йилларида пайдо бўлган “Ат-Такфир вал-ҳижра” ташкилоти ана шундай диний-экстремистик жамоалардан ҳисобланади.

Мисрлик Шукрий Мустафо (1942-1977) шакллантирган ушбу жамоанинг ғоявий қарашлари гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган инсонни “куфр”да айблашга асосланади. Бошқа аксар экстремистик ташкилотлар сингари исломий халифаликни барпо қилишни зарур деб ҳисоблайдиган ушбу ҳаракат тарафдорлари шунингдек, уларнинг талқинидаги Қуръони карим оятлари ва ҳадислар асосида ҳукм юритмайдиган раҳбарларни, уларга эргашган ҳамда уларни куфрда айбламаган уламоларни ҳам кофир, деб ҳисоблайди. Ҳолбуки, бу каби ғояларнинг нотўғрилиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда муфассал баён қилинган. Жумладан, Имом Довуддан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Уч нарса имоннинг аслидир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни куфрда айбламаслик; амали туфайли уни исломдан чиқармаслик”. Бошқа бир ривоятда, Кимда ким ўз биродарини “кофир” ёки “фосиқ” деса, агар ўша инсонда шу нарса топилмаса, айтган инсоннинг ўзига қайтади”, деб таъкидланган.

Пайғамбаримизнинг “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди, кимда ким менга осийлик қилса, Аллоҳ таолога осийлик қилибди. Ким раҳбарларига бўйсунса, менга бўйсунибди, агарда уларга бўйсунмаса, менга осий бўлибди”, деган кўрсатмалари ҳам “такфирчилар”нинг юқоридаги каби ғоялари ислом таълимотига бутунлай зид эканини кўрсатади.

“Такфирчилар”нинг етук уламолар томонидан ёзилган тафсир ва ақидага оид китобларнинг барчасини йўққа чиқариб, олий, ўрта-махсус ва ўрта таълим муассасаларида таҳсил олишни ҳаром, деб эълон қилишида ислом таълимотини бузишда “Хорижийлар”дан ҳам чуқур кетганларини кўриш мумкин. Улар ўзларининг бу каби ёндашувларини асослаш учун “Биз омий умматмиз” маъносидаги ҳадиснинг нотўғри талқинини келтирадилар. Ваҳоланки, уламолар ушбу ҳадисни шарҳлар эканлар, ундан мурод илмсизликка тарғиб эмас, балки Аллоҳгагина маълум бўлган нарсалар борасида инсонлар билимга эга эмаслигини таъкидлайдилар. Қолаверса, Қуръони карим оятлари, ҳадисларда илм ўрганишга кучли тарғиб қилинган. Бунда нафақат диний, балки дунёвий илмларни ҳам ўрганиш назарда тутилган. Жумладан, Имом Бухорийдан ривоят қилинган: “Илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарздир”, “Хитойда бўлса ҳам бориб илм эгалланг”, деган ҳадиси шарифлар фикримизга далил бўла олади.

Воқелик “такфирчилар” ўзларининг бузғунчи ғояларини террорчилик амалиёти билан қўшиб олиб боришга ҳаракат қилаётганини кўрсатмоқда. 2000 йилда 20 нафар тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган Судандаги масжидларнинг бирида амалга оишрилган отишма, 2004 йилда Мадридда содир этилган қўпорувчилик ҳаракатлари бунинг исботи бўла олади. Украина Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра Қрим Автоном Республикасида фаолият юритган “такфирчилар” сиёсий ва диний арбобларини ўз ичига олган “суиқасд рўйхати”ни тузиб, шу асосда бир неча қотилликларни амалга оширган.

Қўпорувчилик ҳаракатлари туфайли кўплаб давлатларда террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган “Ат-Такфир вал-ҳижра” жамоаси вазиятга мослашишга ҳаракат қилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Жамоа томонидан махфийликни сақлаш мақсадида 10 – 15 аъзодан иборат гуруҳлар тузилгани, ўз аъзоларига соқол қўймаслик, замонавий кийиниб юриш, ҳатто, спиртли маҳсулотларни истеъмол қилишга рухсат берилгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

Айни пайтда, юқоридаги каби фаолият усулини танлагани “Ат-Такфир вал-ҳижра”нинг халқаро террорчилик тизимининг узвий қисмига айлангани баробарида турли экстремистик оқимлар учун ўзига хос ғоявий “инкубатор” бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Инсонларни “куфр”да айблашни ўзига байроқ қилиб олган бундай ҳаракатлар фаолияти туфайли “экстремист”, “террорчи” деганда мусулмонларни кўз олдига келтирадиганлар ҳам пайдо бўлганини афсус билан қайд этиш лозим. Шундай экан, ислом дини номидан фаолият олиб бораётган, аммо ўз моҳиятига кўра унга ёт бўлган, унинг таълимотини бузиб талқин қилаётган жамоаларнинг фаолиятига лоқайд бўлмаслик ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Жамолиддин Каримов