Диний бағрикенглик – тотувлик ва барқарорлик омили

126

Бир хиллик инсоният тараққиётига эмас, балки унинг қашшоқлашувига сабаб бўлади. Кўп қутбли қадриятлар дунёсининг мавжудлигигина инсон камолотининг кафолати бўлиши мумкин. Бунда бағрикенгликка асосланган қадриятларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, жамият турли ижтимоий қатламлар, этник, маданий, лисоний, конфессионал гуруҳлардан иборат бўлган ҳозирги даврда бағрикенглик ўзаро мулоқотнинг ҳурмат ва энг юксак инсоний қадриятларга асосланишини, жамиятда тотувлик ва ҳамжиҳатлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Айни пайтда, инсониятнинг нафақат бугунги куни, балки истиқболига ҳам таҳдид солаётган, хилма-хил заминда юзага келаётган тоқатсизлик, муросасизлик ва тажовузкорликнинг турли кўринишларига хос хусусиятларни ўрганиш, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва омилларни тўғри таҳлил қилиш уларни олдини олиш имконини яратади. Фуқароларда бағрикенглик кўникмаси ва малакасини шакллантириш эса уларнинг келиб чиқишига йўл қўймасликнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистон диний бағрикенглик ва муроса борасида нафақат МДҲ давлатлари, балки бутун дунёга намуна бўлмоқда. Бу ҳақда дунё миқёсида катта обрў ва нуфузга эга бўлган инсонлар ҳам юртимизга зиёратлари вақтида таъкидлаб ўтмоқдалар. Албатта, халқимизга хос бу хислатлар бир зумда пайдо бўлган эмас, балки узоқ тарихий жараёнларнинг натижасидир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзбек халқи маънавий меъросида бағрикенглик маданиятини шакллантиришга қаратилган қадриятлар чуқур илдизга эгалигини таъкидлаш зарур. “Халқимизнинг этник, маданий ва диний сабр-бардоши, – деб ёзади И.А.Каримов, – маънавий уйғонишнинг яна бир битмас-туганмас манбаидир. Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари тутушган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Айни шу заминда кўп асрлар мобайнида жаҳон маданиятлари дунё миқёсида бир-бирини бойитган”.[1]

Бағрикенглик Ўзбекистон халқига азалдан хос бўлган хислат. Имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Абу Лайс Самарқандий ва Бурҳониддин Марғиноний каби юртимиз алломаларининг кўплаб асарларида ўзга дин вакилларига доимо ҳурмат кўрсатиш кераклиги алоҳида қайд этиб ўтилади. Аҳмад Яссавий ҳикматларида бундай дейилади:

Гуноҳ эрмиш кофирларға берманг озор,
Кўнгли қаттиғ дилозордин Худо безор,
Аллоҳ ҳаққи бундай қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб бир сўз айдим мано.

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон азалдан турли урф-одат, маданият, тиллар, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи халқ вакиллари яшаган ўлка ҳисобланади. Жўғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, бошқа давлатлар билан иқтисодий ва маданий алоқалар олиб боргани ерли халқнинг диний ва маданий ҳаётига ўз таъсирини кўрсатган. Миллати ва диний қарашидан қатъи назар инсонни ардоқлаш, қадрлаш, ҳурмат ва иззат қилиш каби туйғулар минтақа халқларининг юксак фазилатлари сирасига киради. Айнан шу омиллар халқимизнинг нафақат маънавий-маърифий, балки динлараро мулоқотининг узоқ ўтмишга тақалишини кўрсатади.

Бағрикенглик ҳақида гапирар эканмиз унинг этимологик келиб чиқиши ва тарихига назар солиш ҳам ўринли бўлади. “Бағрикенглик” (“толерантлик”) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидамлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга дейиш мумкин. Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар, уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этмоғи лозим.

Юнеско 1995 йил 16 ноябрда қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари Деклорацияси”даги “толерант” сўзи ўзбек тилига “бағрикенглик” деб таржима қилингандан бери у тилимизда ўрнашиб қолган. Рус тилида «терпимость» сўзи, бошқачасига айтганда «снисходительность», яъни, бағрикенглик, кенгфеъллик маъноларини англатар экан, диний соҳа ҳақида гап кетганда руслар «веротерпимость» сўзини ишлатишади. Ўзбек тилида “диний бағрикенглик” ибораси айнан шунга адекват бўла олади.

Диний бағрикенгликни антоними ёки зидди сифатида диний ақидапарастлик ва унинг оқибати диний тоқатсизлик юзага келган. 1981 йил 25 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси дин ёки эътиқодга асосланган сабр-тоқатсизлик ва камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида Деклорацияни қабул қилган.

Диний бағрикенглик ҳамиша диний адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлиши, уларнинг ташувчилари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланиши билан бевосита боғлиқ. Бу ўз навбатида юрт тинчлиги, тараққиёти ва умуминсоний маданият ривожига хизмат қилган.

Диний тоқатсизлик ёки ақидапарастликнинг ўзига хос кўриниши сифатида диний экстремизм юзага келган. Диний экстремизм бу баъзи диний ташкилотлар ёки айрим диндорлар томонидан жамиятда қабул қилинган қонун қоидаларга мос келмайдиган фаолият олиб бориш, уларга зид бўлган “ғоялар”ни тарғиб қилишдир. Диний бағрикенглик эса шу каби муаммоларга ечим бўла олади.

Ислом дини ўзининг илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди. Жаҳон динлари ичида фақат исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган. “Бақара” сурасининг 256-оятида “ла икроҳа фид-дин” – “Динда зўрлаш йўқ”, дейилган. Ҳақиқий эътиқод ички имондан келиб чиқади. Шундай экан, уни зўрлик билан ўрнатиб бўлмйди. “Динда зўрлаш йўқ” оятини, инсонга танлаш ихтиёри берилганлиги ва бунинг учун унинг ўзигина жавоб беради, деган маънода ҳам тушуниш мумкин.

Муҳаммад (с.а.в.) ҳаёти синчиклаб ўрганилса, у зот ҳеч қачон ҳеч кимни исломга киришга мажбур қилмаганлари, бирон марта у ёки бу ҳарбий ҳаракат диний эътиқод туфайли бўлмагани аён бўлади. Пайғамбар олиб борган ҳарбий тадбирларнинг барчаси беистисно соф мудофаа мақсадларига хизмат қилган. Бадр (624 й.), Уҳуд (625 й.), Ҳандақ (627 й.) жангларида маккалик мушриклар ҳужумкор, мадиналик мусулмонлар эса, аксинча, мудофаа мавқеида бўлганлар. Бундан кўринадики, ислом динини ниқоб қилган барча экстремистик гуруҳларнинг исломга нисбатан қўяётган даъволари ўринсиздир. Уларнинг салбий ҳаракатлари туфайли кишиларда ислом ва бошқа динларга нисбатан салбий қарашлар пайдо бўлмоқда.

Шу каби муаммоларни олдини олиш учун асрлар давомида шаклланган ана шу қадриятлардан турли ижтимоий гуруҳлар ваклларига, уларнинг ҳис-туйғуларига эътибор ва ҳурмат билан муносабатда бўлишни намоён этувчи, кишиларнинг бир замон ва маконда ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашига йўл очувчи бағрикенглик маданиятини янада юксалтиришни мақсад қилиш зарур бўлади.

– Ёшларимизда муросасизлик, нафрат ва зўравонликнинг турли кўринишларини шаклланишига йўл қўймаслик;

– бошқа динлар ва маросимларга ётсираб қараш умуминсоний маданият ва маънавият ривожига салбий таъсир кўрсатишини тушунтириш;

– бошқа дин вакиллари шаъни ва қадр қимматини ҳақоратловчи хатти-ҳаракатлар, ижтимоий заминдаги адоват, душманлик ва экстремизм инсониятнинг бир бутунлиги, тинчлиги ва тараққиётига таҳдид солаётганидан огоҳлантириш;

– бошқа дин ва миллатлардаги ҳодисаларга нисбатан нохолислик, паст назар билан қараш, уларнинг соҳибларига салбий муносабат тарихнинг ҳамма даврларида кўплаб фожеаларни келтириб чиқарганини ёддан чиқармаслик;

– “ўзгача” қадриятларга ҳар томонлама ҳурмат кўрсатилишини таъминлаш ўзбек халқининг асрий анъаналарига ҳамоҳанг экани ҳақидаги билимларни сингдириш ҳамда тегишли кўникма ва қадриятлар тизимини шакллантиришни устувор вазифалар қаторида эканини қайд этиш.

Республикамиз Президенти Ислом Каримов: “Мусулмонлар ва христианларнинг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маънавий тотувликнинг нодир тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси деб ҳисобланишга арзигуликдир”,[2] – деб таъкидлаган эди.

Аммо яратилган имкониятларга қарамасдан халқимизнинг бағрикенглигини суистеъмол қилган айрим диний оқимлар фақат диний ғоя ва ақидаларни эмас, балки сиёсий ва экстремистик мақсадларни кўзлаб иш олиб боргани ачинарли. Кўп асрлардан бери ҳанафий мазҳабига эргашиб келган халқимиз учун ёт ғоя ва қарашларни ёқлаб чиқишлари баробарида ҳанафий мазҳаби йўл-йўриқлари асосида ибодат қилувчиларни менсимаслик, мазҳаб уламоларини ҳақоратлаш, дин арконларини бажармаётган шахсларни кофирликда айблаш, имомлар билан масала талашиш, бошқа мазҳаб вакилларига шаклан тақлид қилиш каби ҳолатлар кузатилди.

1998 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ХI сессиясида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 23 моддадан иборат янги таҳрири қабул қилинди ва бу Қонунни ишлаб чиқишда мамлакатимизнинг ўзига хос шароити, унда яшовчи кўп миллатли халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда менталитети ҳисобга олинди.Қонуннинг асосий мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъи назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб туришдан иборат.

Истиқлол йилларида дин соҳасида чуқур ўзгаришлар содир бўлди. Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 1995 йилнинг октябр ойида Тошкент шаҳрида “Бир само остида” шиори остида халқаро мусулмон-христиан конференцияси ўтказилиши, 1996 йилнинг ноябрида Рус православ черкови Тошкент ва Марказий Осиё епархиясининг 125 йиллиги тантаналари ўтказилиши фикримизнинг исботидир.

2013 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда 16 конфессияга (Ислом, Рус православ черкови, Рим-католик черкови, Немис-лютеран черкови, Арман-апостол черкови, Тўлиқ инжил христианлари, Евангель-христиан баптистлар черкови, Новоапостол черкови, Еттинчи кун адвентистлари, “Голос божий”, Иегово шоҳидлари, Корейс протестант черковлари, Яҳудийлик, Баҳоийлик, Кришнани англаш жамияти, Буддавийлик) мансуб 2224 та диний ташкилот расман фаолият олиб боради. Жумладан, 2037 та масжид, 2 та марказ, Тошкент ислом институти, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, шунингдек, жами 175 та ноисломий диний ташкилот, жумладан, Православ ва Протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик бу ўз-ўзидан вужудга келадиган ҳолат эмас, балки турли давлат муассасалари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари фаолияти орқали амалга ошадиган давлат миллий сиёсатининг натижаси эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тошкент ислом университети
тадқиқотчиси Нилуфар Туйчиева


[1] Каримов И. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. –Т.: Ўзбекистон, 1997. Б.141-142.
[2] Маънавий юксалиш йўлида. 1998. –Б. 101.