ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ШАКЛЛАНИШИДА ДИНЛАРДАГИ ИНТЕГРАТИВ ФУНКЦИЯНИНГ РОЛИ

100

Мақола динлардаги интегратив функциянинг диний бағрикенглик шаклланишидаги ролини кўрсатишга бағишланган. Унда биринчидан, ўтмишда диннинг жамият барқарорлигини таъминлашдаги ролига оид ёндошувлар таҳлил қилинган, иккинчидан, социологик нуқтаи назардан диннинг интегратив функцияси аҳамияти очиб берилган, учинчидан, диннинг жамият тараққиётига таъсирини ўрганишга оид методологик ёндошувлар баён этилган.

Диний ҳодиса ва жараёнларни ижтимоий-назарий тафаккур қилишда қатор методологик тамойилларнинг ўрни каттадир. Улар орасида турли конфессиялар ва уларнинг вакиллари орасидаги бағрикенглик тамойили алоҳида аҳамият касб этади. Диний толерантлик маълум даражада динларнинг интеграциялаштирувчи функцияси таъсирида шаклланиб боради.

XVIII асрнинг охиригача диннинг интеграциялаштирувчи функцияси ҳақида гапириш жуда мушкул эди. Зеро, бунгача бўлган тарихий даврда айниқса, Европада диний тафовутлар асосидаги кўплаб конфликтлар бўлиб ўтди. Жамият барқарорлиги, осойишталиги ва тинчлигини сақлаш  учун диннинг давлат ҳокимиятига таъсирини камайтириш, сиёсий тўқнашувларнинг омили бўлмаслигига эришиш зарурияти пайдо бўлди. Бу ўша давр ижтимоий таълимотларида ҳам ўз аксини топган. Т.Гоббс, Ж.Локк, Д.Юм кабиларнинг бу жараёнларга оид қарашларида – дин жамиятга барқарорлик олиб келувчи куч эмаслиги – таъкидланади. Масалан, Т.Гоббс ўз асарларида христиан дини тарихидан уруш ва конфликтларга доир лавҳаларни келтириб, динда жамият осойишталиги учун хавфли кучлар мавжудлигини эътироф этади. Масаланинг жиддийлиги шундан иборат эдики, Европада диний конфессиялар узоқ давр мобайнида, аксарият ҳолларда барқарорлик ва тинчлик эмас, аксинча, баҳс, кураш ва социал-сиёсий келишмовчиликлар манбаи бўлиб хизмат қилди. Шунинг учун, динга жамият ҳаёти ва барқарорлигига хавф солмайдиган ўрин ажратиш лозим, деган ғояга амал қилишга ҳаракат қилина бошланди.

Бундай ёндашувдан фарқли равишда, диннинг жамият ҳаётида интеграциялаштирувчи куч сифатида намоён бўлиб келаётганлигини асословчи таълимотлар эса, диннинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини аниқлаштириб олишда янгича тамойилларга замин тайёрлади. Бундай назарияни ишлаб  чиқишдаги бош рол Э.Дюркгеймга тегишлидир. Ўзининг «Диний ҳаётнинг элементар шакллари» номли асарида у дин бунёд бўлиши ва ривожланишининг эволюцион назариясини ишлаб чиқади. Унда, дин ҳодисасининг вазифалари ва структурасини ишлаб чиқишга асосий эътиборини қаратади.

XVIII-XIXасрлардаги диннинг радикал танқидчиларидан фарқи ўлароқ, Дюркгейм динда “хом хаёллик” ёки “сохта онг”ни эмас, аксинча инсон маънавий мавжудлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлган муҳим омилни кўради. Дюркгеймнинг тасаввурича, дин предмет ва ҳодисаларнининг муқаддас ва беҳуда хоссаларини ажратиб бериши керак. Диннинг ўзи эса муқаддасликка йўналтирилган эътиқод ва ҳаракатларнинг бирдамликдаги тизимидир. Ушбу эътиқод ва ҳаракатлар “диний-ахлоқий жамоа”ни вужудга келтиришга сабаб бўлади. Демак, дин – инсонлар ҳулқ-атворини ташкил этишнинг алоҳида бир шаклидир. Яъни, индивиднинг бирор-бир гуруҳга мансублигидир. Диний ҳаёт манбаи эса – инсонлар мавжудлигининг социал воситасидир. Дин индивид мавжудлиги учун эмас, аксинча жамият мавжудлиги учун амал қилади. Шунинг учун диннинг ифодачиси бўлиб индивидуал эмас, гуруҳ(жамоа)нинг “коллектив онги”, яъни ижтимоий онг намоён бўлади.

Австралиялик аборигенларнинг диний эътиқодларини тадқиқ этган Дюркгейм, улар учун диний амаллар жамоани бирлаштирувчи омил вазифасини ўтаганлигини эътироф этади. Дин уларнинг жипслигини, бирдамлигини таъминлаб беради ва бу орқали интегратив функцияни намоён қилади. Диний ритуалларда содир бўлаётган руҳий-маънавий бирдамликни  эътиборга олиб, интегратив функция қандай амал қилаётганини тушуниш мумкин.   Дюркгеймнинг тахминича, ритуаллар жамоанинг нормал ҳаёти ва фаолияти учун, худди озиқ-овқат таъминоти каби, ижтимоий-маънавий қониқиш учун зарур бўлган атрибутлардир. Ритуаллар туфайли гуруҳ ўзини қўллаб-қувватлашга эришади ва бу ҳолат жамоанинг ҳар бир аъзоси учун ўта муҳимдир. Чунки индивиднинг ўзи гуруҳдан ташқарида ёлғиз яшай олмайди. Ритуаллар эса коллектив ҳаракатлардир. Дюркгейм назариясида дин амалий жараён сифатида, яъни функционал жиҳатдан талқин этилади. Дин ўзининг социал функциялари билан фойдали экани эътироф қилинади.

Социологик нуқтаи-назардан диннинг ижтимоий ролини аниқлаш муҳимдир, зеро ҳар қандай диний тасаввурларда ижтимоий воқелик ҳам ифодаланади. Социологик қараш учун дин эътиқодлар мажмуи бўлиб, улар ҳаққонийлик ёки сохталик нуқтаи-назаридан эмас, балки социал фойдалилиги жиҳатидан туриб баҳоланиши керак.

  Ҳар қандай жамият ўз яхлитлигини сақлашга муҳтождир ва бу вазифа дин билан боғлиқ омиллар ёрдамида амалга оширилиб келинган. Айнан шу нуқтаи-назардан диннинг социал интегратив вазифаси муҳим аҳамият касб этган. Дин худди ҳуқуқ ва ахлоқ каби ўзига хос социал институт сифатида, кучли ижтимоий-маънавий омил тариқасида жамиятдаги бирлик ҳолатини белгилаб келган. Диний эътиқод, ритуал ва диний ҳаётни ташкил этиш тарихий даврнинг барча шароитларида ўзгариб боришидан қатъий назар, жамият интеграциялашуви жараёни диннинг функцияси тасарруфида қолаверган.

  Диннинг функционал таҳлилига оид ушбу назарияга мувофиқ, дин ижтимоий жараёнларнинг ички ҳаракатлантирувчи кучи ёки “мотор” функциясини ҳам бажаришга қодир. Зеро, у кишилар интилаётган идеалларнинг шаклланишига таъсир кўрсатади. Бу ҳол эса, ўз навбатида, ижтимоий барқарорлик ва ривожланишни рағбатлантиради.

Диний фаолият одатда жамият ва унинг маданияти тизимида намоён бўлиб келади. Инсоният цивилизациясининг турли даврлари ва тарихий вазиятларда диннинг социал тизим билан интеграциялашуви даражаси ҳар-хил, яъни кўпроқ ёки камроқ бўлиши мумкин. Масалан, христианлик дини Византиядан Киев Русига ўтганидан кейин ҳам, узоқ вақт давомида унга худди бегона диний эътиқод каби муносабатда бўлиб келинди. Бошқа бир мисол сифатида буддизм тақдирини келтириш мумкин. У ўзи келиб чиққан Ҳиндистонда тўлақонли эътиқод сифатида кенг илдиз ота олмади ва ҳиндуизм томонидан сиқиб чиқарилди. Аксарият ҳолларда, маълум бир шароитларда у ёки бу дин мавжуд социал тизим билан зиддиятга учраши ва бунинг натижасида жамиятнинг парчаланиши содир бўлиши ҳам мумкин. Дюркгейм учун дин, авваламбор жамият барқарорлиги, яхлитлиги ва ижтимоий тартибининг асосидир. Айнан шу туфайли, дин консерватив кучга айланиб, социал ўзгаришлар томон эмас, балки мавжуд ижтимоий тартибни сақлашга қаратилади ва ўзига хос “мудофаа” функциясини бажаради.

Шу билан бирга, айрим социологик таълимотларда, жамият ўзгариб бориши сабабли дин ҳам ўзгарувчанлик касб этади, деган мулоҳазалар илгари сурилади. Масалан, эволюционизм йўналиши вакиллари фикрича, тарихий жараён ортга қайтмас бўлиб, жамият макон ва замонда ўзгариш хусусиятига эга. Дин ҳам ушбу жараёнга қўшилиб, социал структуранинг бошқа элементлари каби ўзгариб боради. Бундай қарашларда динга пассив рол ажратилган ва у ижтимоий ривожланишни таъминлайдиган бошқа омиллар ҳаракатининг маҳсулидир, деб ҳисобланган.

Мазкур анъанадан фарқли равишда, М.Вебер дастлаб функционалистик позициядан туриб, динни социал жараёнларнинг таркибий қисми, деб ҳисоблайди. Бунда дин ижтимоий барқарорлик асоси сифатидагина эмас, балки социал ўзгаришлар ва ривожланиш омили тарзида ҳам тушунилади. М.Вебернинг динни социал тараққиёт омили ҳақидаги концепциясига замонавий социологлар ҳали ҳам қизиқиш билан ёндошиб келишмоқда.

Бу ўринда М.Вебернинг 1905 йилда нашр этилган “Протестант ахлоқи ва капитализм руҳи” асаридаги ғояларнинг аҳамияти катта бўлган. Унинг динни жамият ривожидаги ролига оид таълимотини тўғри тушуниш ва талқин қилиш учун, ушбу йўналишдаги тадқиқотларида у таянган методологик ёндашувларни англаб олиш лозим бўлади.

  Биринчиси, динни социологик жиҳатдан ўрганишга йўналтирилган ёндашув, яъни кишиларнинг диний ҳулқ-атворини социал англанган ва мақсадга йўналтирилган хатти-ҳаракат деб эътироф этиш. М.Вебернинг мулоҳазаларига кўра, барча социал институтлар, ҳулқ-атвор структураси ва шакллари кишилар томонидан мувофиқлаштирилади. Ўзларининг ҳаракатларида эса, кишилар ижтимоий намунавий(идеал) ҳулқ-атворга таянадилар.

Иккинчиси, социал фаолиятнинг диний мотивациясига эътибор қаратиб, тарихий ривожланишга диннинг таъсирини аниқлаш бўлиб, М.Вебер шу мақсадда жаҳон динларини ўрганишга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, ҳар бир дин кишининг оламга нисбатан муносабатини англатади ва уларда жамоага, катта гуруҳларга бирлашган кишиларнинг тафаккури ва турмуш тарзи мужассамлашгандир. Шунинг учун, ҳар бир динга ўзига хос рационаллик мансубдир.

Учинчиси, ўша даврда динга социал ўзгаришлар омили сифатида қарашнинг, XIX аср охири ва XX аср бошларида долзарб муаммо сифатида ўрганилаётган масалалар билан, яъни капитализмнинг шаклланиши ва ривожланиши муаммоларига жавоб излаш билан боғлиқлигидир. М.Вебер учун бу даставвал «капитализм руҳи» масаласининг вужудга келиши эди. Муаммнинго ечимини у протестант ахлоқида топди. У конкрет тарихий мисолда, яъни Ғарб жамиятлари ижтимоиий-маданий эволюциясининг янги босқичида, дин капитализм ривожини таъминлаётган омил эканини кўрсатиб берди. Дин индивидуал даражада алоҳида кишилар онги ва ҳулқ-атворида туб ўзгаришлар ясашга қодирлиги ҳеч қачон шубҳа уйғотмагани маълум. Вебернинг мақсади – диний мотивация жамият кўламида социал ўзгаришларни содир этиши мумкинлигини исботлаш эди. Бу масаланинг ечимини аниқлаш эса, диннинг жамият барқарорлиги ҳамда ривожланишига, шу баробарида эса, жамият аъзоларининг ўзаро бағрикенглик муносабатларига ижобий таъсир этиш механизмини англашга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.

Валиев Б.Н. – ТИУ, ф.ф.н., доц.