Диний ташкилотлар фаолиятини юридик асослари

369

Инсон ва фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишларида диний ташкилотларнинг муҳим ўрни бор. Давлат билан дин ўртасидаги муносабатларда субъект сифатида бир томондан эътиқод қилувчилар, яъни фуқаролар, иккинчи томондан давлат ва учинчи томондан диний ташкилотлар қатнашади.Инсон ва фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишларида диний ташкилотларнинг муҳим ўрни бор. Давлат билан дин ўртасидаги муносабатларда субъект сифатида бир томондан эътиқод қилувчилар, яъни фуқаролар, иккинчи томондан давлат ва учинчи томондан диний ташкилотлар қатнашади.

Ўзбекистон дунёвий характердаги давлат ва диний ташкилотлар давлатдан ажратилган бўлишига қарамай, уларни жамиятдан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Дин билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда иштирок этувчи фуқаролар ва давлатнинг ўрни ва аҳамияти бирмунча ойдин бўлса-да, диний ташкилотлар ҳақида, уларнинг мақоми ва вазифалари, фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлиш виждон эркинлиги соҳасидаги билим ва кўникмаларнинг янада ортишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддаси диний ташкилотларга бағишланган бўлиб, унда айтилишича, “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади”.

Диний ташкилотга берилган бу каби таъриф бошқа давлатлар қонунчилигида ҳам учрайди. Жумладан, Арманистон Республикасининг  “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида “Диний ташкилот – бу фуқароларнинг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (черковлар, диний жамиятлар, епархиялар, монастирлар, диний конгрегациялар, диний ўқув юртлари, нашриётлар) дир” дея таъриф берилган.

• Диний жамиятлар фуқароларнинг динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этишлари учун кўнгилли бирлашган тузилмадир.

• Диний ўқув юртлари диний ташкилотларнинг марказий органлари томонидан тузиладиган ва ўзлари учун зарур бўлган руҳоний кадрлар тайёрлашни мақсад қилган, фуқароларнинг диний таълим билан боғлиқ ҳуқуқларини амалга оширишга хизмат қилувчи диний ташкилотлар ҳисобланади.

• Масжид (араб.  – “сиғинадиган жой”) – бу мусулмонларнинг ибодат қилиши, намоз ўқиши учун махсус мўлжалланган ибодатхонаси.

• Черков (грек. Κυριακη (οικια) – “худонинг уйи”) – христиан дини вакилларининг ибодат қилиш ҳамда диний расм-русумларни бажаришлари учун мўлжалланган ибодатхона.

• Синагога (грек. συναγωγή, “жамоат, йиғин”; ивр. בֵּית כְּנֶסֶת‎, бейт кне́сет  -“йиғилиш ўтказиладиган уй”), – яхудийлик дини вакилларининг ибодатхонаси.

• Монастир (грек. μοναστήριον) “роҳибларнинг диний жамоати” – роҳиб ва роҳибаларнинг ягона уставига, шунингдек, ибодат қилиш учун умумий мажмуа, яъни уй-жой, хўжалик бинолари ва унга тегишли бўлган буюмларга эга бўлган диний жамоат.

Россия Федерациясининг “Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги федерал Қонунининг 8-моддаси 1-бандида: “Россия Федерацияси фуқаролари, Россия Федерацияси ҳудудида доимий ва қонуний асосларда истиқомат қиладиган бошқа шахсларнинг динга биргаликда эътиқод қилиш ва тарқатиш мақсадларида тузилган ва юридик шахс сифатида қонун билан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган кўнгилли бирлашмалари”, диний ташкилот деб эътироф этилади.

Демак, диний ташкилот тушунчасига берилган таърифлар ўртасида муштарак жиҳатлар мавжуд. Умуман олиб қараганда диний ташкилот инсон ва фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишларига кўмаклашувчи нотижорат кўнгилли ташкилот ҳисобланади.

Мамлакатимизда фаолият юритадиган барча диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунига ва амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан ташкил этилади ва фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунига асосан диний ташкилотлар фаолияти фуқароларнинг динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этишларига кўмаклашишни мақсад қилади.

Қонунчиликда диний ташкилотларнинг бир неча турлари эътироф этилади. Унга кўра, диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқа ташкилотларга диний ташкилот мақоми берилади.

Диний ташкилот ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилиши учун, аввало, у қонуний асосларга эга бўлиши лозим. Республикамизда тузиладиган диний ташкилотлар устав(низом)и Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, юридик шахс мақомига эга бўлиб, қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фаолиятини олиб бориши  мумкин.

Республикамизнинг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисдаги” Қонуни ва “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида” Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида диний ташкилот тузиш учун тўртта муҳим шартга амал қилиш керак. Унга кўра диний ташкилот тузиш учун ташаббускорлар:• 18 ёшга тўлган бўлишлари лозим. Бу ҳолат деярли барча давлатларнинг қонунчилигида мустаҳкамланган қоида бўлиб, шахс 18 ёшга тўлгач ўз хатти-ҳаракатининг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етади ва судда даъвогар ва жавобгар бўлиш ҳуқуқига эга бўлади.• Ўзбекистонда муқим яшаётган бўлишлари лозим. Диний ташкилотда ўтказиладиган ибодат ва расм-русмлар асосан шу ҳудудда муқим яшовчи инсонларга мўлжалланади. Бундан ташқари хорижда яшовчи инсоннинг бошқа мамлакатда ташкил этиладиган диний ташкилотни тузишдан кўзланган мақсади ҳар доим ҳам эзгу бўлавермайди. Бунга яқин ўтмишимизда айрим диний экстремистик оқимлар томонидан содир этилган жиноий хатти-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.• Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлишлари керак. Бу эса, мамлакатимиздаги диний ташкилотлар шахснинг миллати, динидан қатъи назар фақат Ўзбекистон халқи томонидан тузилиши мумкин эканини англатади. Лекин диний ташкилотга аъзо бўлишда шахснинг бирор давлатнинг фуқароси бўлиш-бўлмаслигининг унчалик аҳамияти йўқ. Чунки, диний ташкилотга аъзо бўлиш виждон эркинлигининг таркибий қисми бўлиб, ҳар бир шахс бу ҳуқуқдан фойдаланишга ҳақлидир.• Сон жиҳатдан 100 нафардан кам бўлмасликлари шарт қилинади.• Республикамизнинг дастлабки таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисдаги” Қонунининг 13-моддасида диний ташкилот камида ўн кишидан иборат ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар ташаббуси билан тузилиши қайд этилган эди. Диний ташкилотлар жамоат бирлашмаларидан айрим жиҳатларда фарқ қилади ва масъулияти ҳам каттароқ. Шу билан бирга қонунчиликда белгиланган қоидалар жамият ривожи ва замон талаби билан ўзгариши муқаррар.

Дунё давлатларининг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилигига эътибор қаратилса, диний ташкилот  тузиш учун зарур бўлган ташаббускорларга қўйилган минимал миқдор турлича эканини кўриш мумкин. Жумладан, Россия Федерацияси ва Қозоғистонда 10 нафар, Польша, Литвада 15, Латвияда 25, Венгрияда 100, Арманистон ва Қирғизистонда 200, Чехияда 300, Туркманистонда 500 нафардан иборат фуқаролар ташаббуси билангина диний ташкилот тузилади.  Бу эса, диний ташкилот тузиш борасидаги қоидалар ҳар бир давлатнинг ўз шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолда белгиланишини кўрсатади.

Диний ташкилот тузилиб, устав (низом)и қабул қилингач, у бир ойлик муддатда Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларида рўйхатдан ўтказилиши лозим. “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Қарор асосида диний ташкилотлар рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатларни адлия органларига тақдим этадилар. Тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар тузилган диний ташкилотнинг қонунийлигини ўрганишга хизмат қилади. Бу ҳужжатлар жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:

• диний ташкилот тузиш ташаббускорлари имзолаган ва нотариал тартибда тасдиқланган ариза;

• таъсис ҳужжатларининг асли ва икки нусхадан иборат нотариал тартибда тасдиқланган таъсис йиғилиши баёни ва устав (низом)и;

• пул мaблaғлapининг ташкил топиш манбалари — далолатнома-декларация;

• диний ташкилот таъсисчилари тўғрисидаги маълумотлар;

• диний ташкилотнинг раҳбар органи аъзолари ҳақидаги маълумот [Якорь] ;

• диний ташкилот раҳбарларининг диний маълумоти ҳақидаги ҳужжат нусхалари;

• Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилиги;

• диний ташкилотнинг юридик ва почта манзили тўғрисида маҳаллий ҳокимияти органларининг кафолат хати каби ҳужжатлар тайёрланиши лозим.

Адлия органларига бу ҳужжатлар тақдим қилингач, бир ойлик муддатда кўриб чиқади ва ташкилот уставини рўйхатдан ўтказиш, рўйхатдан ўтказишни рад этиш ёки аризани инобатсиз қолдириш ҳақидаги қарорни қабул қилади.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисдаги” Қонунга кўра рўйхатдан ўтган ва тегишли конфессияга қарашли диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш учун уларнинг Ўзбекистон бўйича ягона марказий бошқарув органлари тузилиши мумкин.

Марказий бошқарув органи Республиканинг камида саккизта ҳудудий тузилмасида (вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси) фаолият кўрсатаётган, тегишли конфессияларнинг диний ташкилотлари вакиллари таъсис йиғилиши томонидан тузилади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Марказий бошқарув органининг асосий вазифаси ўз конфессиясига тегишли бир нечта диний ташкилотларнинг фаолиятини, динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш, диний таълим бериш, динни тарғиб этиш борасидаги мақсад ва вазифаларини, ҳаракат дастурларини мувофиқлаштириш ва йўналтириб боришдан иборат.

Конфессия (лот. confessio  – мазҳаб, динга эътиқод қилиш) бу – алоҳида олинган бирон-бир дин (ислом, христиан ва ҳ.к.) доирасида ўзининг диний таълимотига эга бўлган, ибодат қилишнинг ўзига хос хусусиятларига ҳамда маълум бир ички ташкилий тузилишга эга бўлган ибодат қилувчи, худога сиғинувчиларининг бирлашмасидир.

Марказий бошқарув органини тузиш тартиби ва қоидалари диний ташкилот тузиш тартибидан айрим жиҳатлари билан фарқ қилади. Жумладан, Марказий бошқарув органи фақат Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилади, яъни адлия бошқармаларидан эмас. Шунингдек, диний ташкилот тузишдаги 100 нафар ташаббускорнинг бўлиши ҳам талаб этилмайди. Балки республиканинг камида саккизта ҳудудий тузилмасида фаолият олиб борувчи бир конфессияга мансуб диний ташкилотларнинг таъсис конференцияси қарори асосида тузилади.

Диний ташкилот ёки Марказий бошқарув органининг раҳбарлари тегишли диний маълумотга эга бўлиши ва Ўзбекистон фуқароси бўлиши зарур. Мабодо, диний ташкилот раҳбарлигига талабгор шахс Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлмаса, унинг номзоди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда олинади.

Диний ташкилотнинг номи, тури, жойлашган манзили, қайси динга мансублиги, мақсади, вазифалари, маблағлари манбаи ҳамда мулкий муносабатлари унинг уставида кўзда тутилади.

Шунингдек, уставда ташкилот фаолиятининг асосий турлари ҳам қайд этилади. Диний ташкилотларнинг фаолият турлари жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:

• ибодат ва бошқа диний маросимларни тегишли бино ва бошқа жойларда ўтказиш;

• ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияланадиган, қариялар ва ногиронлар уйларида хайрия фаолиятларини амалга ошириш;

• диний таълим ва тарбия;

• зиёратларни ташкил қилиш, диний арбобларни қабул қилиш;

• ноширлик фаолияти билан шуғулланиш, жумладан, диний адабиёт ва буюмларни, аудио ва видео ёзувларни ишлаб чиқариш, олиш, тарқатиш, экспорт ва импорт қилиш;

• устав мақсадларига мос келадиган ва хизмат қиладиган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш.

Диний ташкилот уставида ташкилот фаолиятни ташкил этиш ва тугатиш тартиби ҳам бўлиши лозим. Диний ташкилотлар амалдаги қонунчилик ва ўз устави талабларини бузганда, қалбаки ҳужжатлар тақдим этганда, шунингдек уставдаги фаолияти ҳақида тегишли маълумотларни олти ой муддатда адлия органларига тақдим этмаганда, рўйхатдан ўтказувчи орган кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан унга ёзма огоҳлантириш юборади. Огоҳлантиришда кўрсатилган камчиликлар бир ой муддатда бартараф этилмаса, рўйхатдан ўтказувчи орган диний ташкилотни тугатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундан ташқари, диний ташкилотларни тугатиш уларнинг мажлис (конференция) қарори ёки суд қарори асосида ҳам амалга оширилиши мумкин.

Республикамизда давлат органлари билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш вазифаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юкланган.

Қўмита ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади. У маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний масалаларни ҳал қилишда ягона сиёсатни амалга оширади.

Диний ташкилотларни виждон эркинлигини таъминлашдаги ўрни ва аҳамиятини ҳисобга олиб давлат томонидан уларга бир қатор имтиёзлар ҳам белгиланган. Жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида диний ташкилотлар муайян миқдорда давлат мулкидан фойдаланишлари мумкин экани кўрсатилган. Шунга кўра, диний ташкилотлар ўз эҳтиёжлари учун давлат органлари томонидан шартнома асосида бериладиган бинолар ва мол-мулкдан фойдаланишга ҳақлидир. Бу эса тегишли ҳокимият органлари рухсати билан амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 27-моддасига мувофиқ тарихий ва маданий ёдгорликлар объектлари ва буюмлар диний ташкилотларга текин фойдаланиш шартномаси шартларида бериб қўйилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятни такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида»ги Қарорини бир сўз  билан диний ташкилотларга нисбатан белгиланган санация деб аташ мумкин. Чунки, бу Қарор диний ташкилотларга коммунал хизматлар учун олинадиган тўловларни юридик шахс сифатида эмас, балки жисмоний шахслардан олинадиган миқдорда тўлаш ҳуқуқини берди.

Коммунал хизмат тўловларидаги фарқ туфайли юзага келган тушумлар ва зиёратгоҳлардан тушадиган хайрия маблағларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларни таъмирлаш, диний таълим муассасаларининг ўқув ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчи-мударрис ва имом-хатибларнинг меҳнатини рағбатлантириш ишларига сарфлаш белгилаб қўйилди.

Маълумки, республикамизда ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини асраш, халқимиз, айниқса, ёшларимизни диний ақидапарастлик ва экстремизм хатаридан ҳимоя қилиш бўйича мурожаати ва бир қатор жамоат ташкилотларининг таклифларини инобатга олган ҳолда қабул қилинган, юқорида айтиб ўтилган Қарор фақат ислом дини ташкилотларига татбиқ этилса, бошқа диний конфессиядаги ташкилотларга нисбатан тенглик тамойили бузилган бўлар эди.

Шу жиҳатни ҳисобга олган ҳолда, 2003 йил 10 сентябрда ҳукуматнинг махсус Фармойиши қабул қилинди. Фармойишда белгиланишича, фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ташкилотлар эмас, балки барча диний ташкилотлар 2003 йилнинг 1 сентябридан бошлаб уларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун тўловларни жисмоний шахслар учун белгиланган тарифлар бўйича тўлайди.

Диний ташкилотларга ҳукумат даражасида бу каби ижтимоий ёрдамларнинг берилишини ҳам давлатнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний конфессияларни ривожланишига қаратилган чора-тадбирларининг амалий ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда барча шахсларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилувчи диний ташкилотларнинг ҳеч бир тўсиқларсиз, қонунда белгиланган тартиб ва асосларда фаолият олиб боришлари учун тегишли ҳуқуқий асос ва ташкилий шакллар таъминланган. Бу ҳолат давлатимизнинг дунёвий демократик давлат сифатида ривожланаётгани ҳамда диний бағрикенглик тамойилларига содиқ эканини кўрсатади.

Жўраев Шукрулло Рахимович,

Исломшунослик илмий-тадқиқотмаркази катта илмий ходими