Диншунослик атамалари қомусини тузиш асослари

238

Бугунги глобаллашув шароитида диний бағрикенглик, конфессиялараро ўзаро ҳурмат, турли динларга эътиқод қилувчиларнинг бир-бирларини тушунишлари асосий ҳаётий тамойилга айланмоқда. Ўзбекистонда диний бағрикенглик борасида олиб борилаётган сиёсат демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг юксалишига, турли миллат ва элатлар маданиятларига ҳурмат кўрсатиш жамиятда миллатлараро ва динлараро аҳилликнинг сақланишига имкон туғдирмоқда. Бу тажрибаларнинг назарий асосларини атрофлича тадқиқ қилиш ҳамда Ўзбекистон ютуқларини жаҳон ҳамжамияти олдида тарғиб этиш мамлакатимиз учун катта аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган диний конфессиялар тарихи, таълимоти, жамият ривожидаги ўрни, улардаги умуминсоний қадриятлар, динлараро бағрикенглик маданиятининг ўзига хос хусусиятларини назарий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиш мамлакатимизда тинчлик, барқарорликни мустаҳкамлашнинг маданий-маърифий ва ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришга кенг йўл очади.

Шундан келиб чиқиб, диншунослик соҳасига оид тушунча ва атамаларнинг умумлаштирилган,диншуносликнинг жаҳон тажрибаси ҳамда диний-маънавий мерос бўйича амалга оширилган тизимли тадқиқотларни қиёсий ўрганишга асосланган, кенг доирадаги мутахассис ва ўқувчилар учун мўлжалланган диншунослик атамалари қомусини яратиш мамлакатимизда диншунослик соҳаси ривожининг илмий заминини мустаҳкамлашдек долзарб вазифани амалга оширишга хизмат қилади.

Мазкур қомус Ўзбекистонда бу соҳада яратилаётган дастлабки тадқиқот ҳисобланади. Жаҳон диншунослиги тараққиёти тажрибасидан келиб чиқиб, замонавий диншунослик ютуқларини умумлаштириш ҳамда ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш ва унинг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлашда турли динларнинг ўрнини илмий холислик асосида кўрсатиб бериш, турли дин ва эътиқодларга бўлган бағрикенглик тамойилини мустаҳкамлаш мақсадида диншунослик соҳасига оид 1000 дан зиёд истилоҳ ва атамаларнинг илмий асосда шарҳланган луғати тайёрланади.

Мана шу мақсадда илк диний тасаввурлар, ибтидоий динлар, зардуштийлик, монийлик, ҳиндуийлик,конфуцийлик, брахманлик, конфуцийлик, даосийлик, яҳудийлик, шунингдек, христианлик, буддавийлик,ислом каби жаҳон динларидаги асосий атама ва истилоҳлар ажратиб олинади, уларнинг индекси тузилади. Индекс сўзлиги эксперт ҳайъати кўригидан ўтгандан сўнг унинг асосида атамаларнинг глоссарийси яратилади. Глоссарий ўз навбатида илмий аппарат ва манбалар билан таъминлангач, қомус таркибига киритилади.

Кўп конфессияли ва кўп миллатли юртимизда миллатлараро тотувлик, динлараро соғлом мулоқотни таъминлаш йўлида Юртбошимиз раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламдаги ишлар, эришилган ижобий натижалар, уларнинг минтақавий ва глобал барқарорликни таъминлашдаги аҳамиятининг илмий таҳлили натижасидаги назарий хулоса ва умумлашмалар қомус сўзлиги мазмунини ифодалашнинг асоси бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда диншуносликка оид маълум илмий изланишлар амалга оширилган бўлса-да, динни яхлит ижтимоий феномен сифатида тадқиқ қилишга қаратилган, диншуносликнинг асосий категориялари, тушунча ва тамойиллари таърифланган қомусий характерга эга луғатлар яратилмаган.Шу нуқтаи назардан мўлжалланаётган қомус доирасида амалга ошириладиган ишлар мазкур йўналишда эришилган натижаларни қамраб олади ҳамда хорижда амалга оширилган тадқиқотлар, нашр этилган манбаларни қиёсий ўрганишга асосланади.

Ҳозирги кунда миссионерлик билан шуғулланаётган турли оқим ва секта, диний-экстремистик гуруҳ вакиллари диний атама ва истилоҳларни ўз манфаатлари йўлида нотўғри талқин этиб, кишилар онгида дин ҳақида нохолис дунёқарашни шакллантиришга уринмоқдалар. Шу нуқтаи назардан қараганда, диншунослик атамалари қомусини яратиш нафақат соҳани чуқур тушуниб етиш, балки кишилар, айниқса ёшлар онгида соф диний-маърифий тушунчалар ва ғаразли талқинлар орасидаги фарқни атрофлича ёритиб беришга хизмат қилади.

Диншунослик атамалари қомуси материаллари асосида диншуносликни алоҳида ва ўзига хос тизим сифатида ўрганиш билан боғлиқ методологик масалалар ҳал этиш имконияти яратилади,диншуносликнинг тушунча ва категориялар аппаратини илмий-назарий ҳамда тизимли ишлаб чиқишга асос беради.

Тадқиқот доирасида олинадиган натижалар динларнинг ўзига хос ривожланиш хусусиятлари ва қонуниятлари ҳамда жамият ҳаётидаги ўзгаришларнинг кечишидаги ўрни ҳақида атрофлича кенг маълумот олишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, динларнинг ижтимоий-тарихий моҳияти, инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тадқиқ қилиш кишилик жамияти тараққиётининг бугунги ҳолати ва даражасининг мазмунини тўғри ва чуқур англашга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш қўмитасининг “Ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш ва унинг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлашга йўналтирилган диншунослик атамалари қомусини яратиш” мавзусидаги Давлат илмий-техника дастури доирасида бажарилаётган илмий лойиҳа натижасида олинадиган илмий натижа ва хулосалар Ўзбекистонда илк маротаба амалга оширилаётган диншунослик қомусига асос вазифасини бажаради.

З.ИСЛОМОВ,
Тошкент ислом университети,
профессор