Диншунослик ва диний таълим ўртасидаги уйғунлик ҳамда фарқли жиҳатлар

127

Инсонлар турли сабабларга кўра динни ўрганишга рағбат билдирадилар. Бу ҳақида гап кетганда, диншунослик ва диний таълим ўртасида муҳим фарқлар мавжудлигини назардан четда қолдирмаслик лозим. Одатда, ушбу фарқ динни ўрганиш учун танланган ёндашувга тегишли субъект ва объектга боғлиқ ҳисобланади.

Диний таълим турли шаклга эга бўлиб, бу тушунча, кўпинча, бир дин вакилининг ўз динининг муайян эътиқодини ўрганиш учун амалга оширадиган ҳаракатига нисбатан ишлатилади. Масалан, ёш мусулмон бола мактабга бориб, Қуръон тиловат қилиш қоидалари ва исломий қадриятлар ҳақида таълим олади. Шунингдек, ёш яҳудий фарзанди синогога қошида ташкил қилинган ўғил болаларга балоғат ёши (Бар-Мицва)га қадар Тавротдан муайян маълумотларни таълим бериладиган махсус синфга қатнайди. Шу каби ҳиндуийлик эътиқодига мансуб диндор фарзанди Веда қўшиқларини ўрганиш учун қадимий услубларни сақлаб қолган анъанавий диний мактабда шуғулланади. Шу шаклда, буддавийлик эътиқодидаги ўспирин йигит ўз дини ҳақиқатларини англаб етиши учун ибодатхонада шогирд-монах сифатида бир неча ойни ўтказади. Мазкур барча мисолларда, диний таълим олиш истагидаги талабгорга кўрсатмалар (инструкция) диний мутахассис – исломда имом, яҳудийликда раввин, ҳиндуийда гуру, буддавийликда бҳикҳу томонидан таъминланади. Ушбу жараёнларда мутахассиснинг вазифаси ўқувчилардаги динга бўлган шубҳа-гумонларни бартараф этиб, уларда мустаҳкам эътиқод ва диний таълимотга нисбатан кучли муҳаббатни шакллантириш ҳисобланади.

Диний таълимнинг яна бир жиҳати, бирор диний анъанага эътиқод қилишга киришдан бошлаб, диндор кишида инклюзив (умумий) ва эксклюзив (фарқли) белгилар шаклланади. Диний таълим таъсирида диндор кишида ўз диний жамоасига нисбатан садоқат, вафодорлик ва муҳаббат каби туйғулар, бир вақтда, бошқа дин вакилларига нисбатан “бегоналашув” кайфияти “барқ” уради. Чунончи, бир жайн муаллимидан жайнизм ҳақида таълим олар экан, албатта, дарс орасида жайнизмнинг бошқа динлардан фарқларини ҳам ўрганади. Ёки бўлмаса, бир дин вакили турли динларни ўрганишга киришар экан, бу бўйича мантиқий-илмийлик ва объективликка, камдан-кам ҳолатда, таянади, балки кўпинча, мақбул ёндашув сифатида ўз диний қарашларини илгари суради. Тан олиш керакки, муайян ҳолларда мазкур курс ва таълимотлар талабани бошқа диний анъаналар тўғрисида мос ва ўхшаш маълумотлар олиши, бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик руҳиятини шаклланиши, динлараро диалогни қарор топишига хизмат қилади. Лекин, кўп ҳолларда, диний таълим ёки у билан шуғулланувчи институтлар диндор кишида бошқа динларга нисбатан танқидий қарашни шаклланиши, бошқа дин вакиллари билан ўтадиган мунозараларда ўз диний эътиқодини қатъий ҳимоя қилиши, диний тарғибот ишларида фаол бўлиши учун туртки вазифасини ўтайди.

Бундан фарқли равишда, диншунослик соҳаси тадқиқотчиси эса дин (ёки динлар)нинг барча жабҳаларини тадқиқ этишда илмий ва объектив шаклда ҳаракат қилади. Бу соҳада фаолият олиб бораётган диншуносдан ўз ишини диний эътиқод ва анъаналардан ташқари туриб олиб бориши ва соғлом маънодаги нейтрал ўринда юриши талаб қилинади. Бироқ, охирги бир неча ўнйилликлар ичида, бу соҳада нейтраллик ва объективликни таъминлаш мураккаб бўлиб қолмоқда. Зотан, биз маданий, диний ва фалсафий аслиятимизга кўра иш кўриб, дунёга ҳам мазкур нуқтадан назар ташламоқдамиз. Шундай бўлса-да, диншунос олимлар соҳага оид маълумотларни юқори билим даражаси ва ўз-ўзини танқид қилиш асосида тушунтиришга уринмоқдалар.

Ўз навбатида, динларни ўрганиш борасида тўлиқ даражада нейтраллик ва объективликни татбиқ қилиш инсоннинг диний тажрибасини мукаммал ўзлаштириш учун етарли миқдорда фойда келтирмаган йўналишларни аниқлаб олишга имкон туғдиради. Диний тажриба чексиз ҳиссий туйғулар мажмуаси бўлиб, у орқали афсусланиш, ҳурсандчилик, муҳаббат ёки тобеълик каби руҳий жараёнлар бошдан кечирилади. Баъзи динлардаги дунёқарашлар фаришталар, жин-шайтонлар, ёвуз руҳлар, худолар, маъбудлар, ҳайвон ҳомийлар, аждодлар руҳи ва шу кабиларга ишонишни қамраб олади. Шунингдек, юқоридаги тушунчаларга ишонишдан ташқари абадийликка оид қарашлар, жаннат, жаҳаннам, параллел дунё тизими, ерости дунёси кабиларга нисбатан эътиқод қилиш ҳам мавжуд. Албатта, бу сингари тушунчаларни бирор тажриба ёки синов орқали ўрганиш диншунос олим учун мушкул. Аммо, мазкур тушунчалар “ақл доирасидан ташқари”, деб ҳисобланса-да, уларни “тешиб ўтиш” (ўрганиш) диншунос тадқиқотчи олдидаги муҳим вазифа саналади. Буни уддалаш мумкинми? Албатта, мумкин. Масалан, бир инсон ҳикоя тингласа, роман ўқиса, спектакл томоша қилса, кинофильм кўрса, шубҳа-гумонларнинг муайян даражасини вақтинча унутиб, ўша ҳикоя ёки кинофильмдаги воқеага беихтиёр кириб қолади. Ҳақиқатан, бу жиҳат бадиий асарларга хос хусусият ҳисобланади. Бу каби ҳолатни синаб кўриш диншунос учун ҳам муҳим саналиб, диндор бошдан кечираётган тажрибани ҳис қилиш мақсадида вақтинча шубҳа-гумон ва иккиланишни тўхтатиб, ўзида тадқиқ этаётган дунёга кириши тадқиқот объекти сифатида танланган мавзуни теран ва чуқур ўрганишга ёрдам беради.

Баъзиларни таъкидлашича, динга бундай субъектив кириш мақсадга мувофиқ эмас, чунки, агар тадқиқотчи диндор бўлса, унинг эътиқодига зарар етади, агар динсиз бўлса, бу каби хатти-ҳаракати билан динга нисбатан юзаки ёки мунофиқона муносабат билдирган бўлади. Аммо, ушбу мулоҳазага қарши амалий мисолларни келтириш мумкинки, улар (мисоллар) юқоридаги фикрни бўртириб юборилганлигини кўрсатади. Масалан, жодугар, сеҳргар, аждаҳо ва бошқа шу каби образлар билан жонлантирилган “Узуклар ҳукмдори” фильми ёки “Гарри Поттер” романига ихлосманд кишини ўша дунёга кириб қолган дейиш ноўрин. Аслида, бу масалага бошқача ёндашган маъқул. Турли динларни ўрганишга тарғиб қилган немис файласуфи Гёте айтганидек, бир тилни билган киши ҳеч нимани билмабди. Мазкур фикрни мавзуга оид тарзда ўгирсак, ҳақиқатан, турли динларни ўрганиш кишига ўз дини ёки умуман дин ҳақида тушунчалари бойишига кўмак беради. Киши бошқа тилларни ўрганиш орқали ўз она тили хусусиятларига зарар етказади, дейиш ҳақиқатдан йироқ бўлгани сингари, кишини бошқа динларни ўрганиши шахсий эътиқодига тўсқинлик қилади, дейиш ҳам ноўрин саналади. Аксинча, бу ҳолат мавжуд муаммоларни теранроқ кўришга кўмак беради, дейиш мумкин.

Барча бадиий асарлар фақат тўқима эпизодларга эмас, балки мазмунан реалликка асосланишини ҳисобга олган ҳолда, диншунос тадқиқотчи бирор динга мансуб бўлмаган тақдирда ҳам, ҳамма диний таълимот ва анъаналарни фантазия (ҳаёлот) сифатида қабул қилмаслиги лозим. Чунки, христиан, мусулмон, жайн, ҳатто шаман ҳам ўзининг диний қарашини ҳақиқат эканлигига қаттиқ ишонади. Шунинг учун диншунос тадқиқотчи турли диний қарашларга нисбатан нафратона муносабат билан эмас, балки, ўз тадқиқот мавзусининг барча жиҳатларига муносиб эътибор ва илмий таҳлил асосида ёндашиши лозим. Зотан, динлар ўз эътиқод қилувчиси учун энг олий қадрият ва ҳақиқатларни намоён этувчи деб ҳисобланади. Диншунос тадқиқотчи эса бирор диний эътиқодни тасдиқламаган ёки камситмаган ҳолда, “улар нима учун диндор учун аҳамиятли” эканлиги ўрганиши ва тушунтириб бериши керак бўлади. Бинобарин, “инсон ҳаёти жаннат ёки жаҳаннамга киришга сабаб бўладиган эзгу амалларга боғлиқлиги, инсон атрофини ғайриақлий мавжудотлар ўраб олганлиги, ҳаётда муайян озуқа ва ичимликларга нисбатан чеклов белгиланганлиги” тўғрисидаги каби қарашлар баъзи танқидий-скептик ёндашувли инсонлар учун фантазия бўлиб кўриниши мумкин. Лекин, айни пайтда, мазкур диний эътиқодлар улкан миқдордаги инсонларни ҳаётда жон сақлаб қолиши, ҳаётни давом эттириши ва нобуд бўлиши учун восита бўлиб хизмат қилаётганлигини диншунос тадқиқотчи назардан қочирмаслиги муҳимдир. Шу нарса аниқки, видео ўйинлар, сеҳргарлик романларида яратилган дунёга нисбатан енгил муносабат каби диний эътиқодлар қийматсиз тушунчаларни тасвирламайди. Шунга кўра, диний деб қабул қилинган хатти-ҳаракатларга нисбатан енгил ёки эътиборсиз қарамаслик лозим. Аксинча, бу дунё ижобий шаклда кириб, диннинг ҳақиқатларини ўрганиш учун сезувчанлик ва тасаввурни бойитиш талаб қилади. Энг муҳими, диншунос тадқиқотчи танқидий таҳлил кўникмасини ривожлантириш устида ишлаб, диний анъаналар қарашларига мос тушмайдиган фактларга тўқнаш келишдан хавотир олмаслиги керак.

Диншуносликда динни, масалан, буддавийликни ўрганиш учун буддист бўлиш талаб қилмайди, балки, унинг ичига кириб, таълимоти ва бош ғоясини тушунса, нима учун миллионлаб инсонлар унинг йўлига эргашаётганлигини англаб етишга ёрдам беради. Тўлиқ объективлик компьютер механизмларига хосдир, инсонга эмас. Динни тушуниш учун (санъат, мусиқа ёки адабиёт билан) ҳиссий реакцияга эга бўлган истак чора-тадбир сифатида талаб қилинади. Чунки бу орқали бир инсон қалбида чуқур ўрнашган эътиқод туйғуси, бошқа бир инсонда пастроқ даражада акс этишини тушуниш мумкин бўлади. Қолаверса, севги, рашк, раҳм-шафқат, орзу-истак ёки қўрқув каби ҳиссий кечинмаларни тушуниш учун улар борасида субъектив тажрибага эга бўлиш керак. Шу билан бирга, диншунослик мақсади тадқиқотчи ёки олим учун ўрганишлари натижасида ўзига муносиб дин топишни кўзда тутмайди. Дунё динларини ўрганишда улардаги ижобий жиҳатларга хулоса бериш ва воқеъликни объектив таҳлил қилиш ўртасида нозик мувозанат сақланиши лозим. Нимагаки, бир динга ёпишиб, унинг ижобий жиҳатларини кўкларга кўтарилса, у ҳақида танқидий қараш салоҳиятига тўсқинлик қилади. Шунингдек, улар катта миқдордаги вақтлари ва интеллектуал кучларини фақат биргина динни ўрганишга сарфлайдилар. Ваҳоланки, диншунос олим бетарафликнинг энг юқори даражасида ўз кучи ва салоҳиятини бир неча диний анъаналарни ўрганишга сарфлашни орзу қилади. Аслида, диншуносликнинг ўрганилмаган жабҳаси юқори даражадаги субъектив қизиқиш билан тадқиқ қилинса, ана ўшанда, “фалончи юксак объективлик миқёсида соҳанинг очилмаган қиррасини очди” дейиш мумкин.

Албатта, чуқур субъектив қизиқиш ва оғир объектив таҳлил билан боғлиқ бу идеалларни мукаммал бажариш мутлақр нореал ҳодисадир. Агар Ғарб классик анъанаси бўйича таҳсил олган мусиқачи блюз, рок, ҳип-хоп, жазз кабиларни янгича хилини яратишга киришса, у муайян услубий ўзгаришларни амалга ошириб, улардан ўзининг кейинги ижодий фаолиятида фойдаланиши мумкин. Айни пайтда, диншунос тадқиқотчи мусиқачидан кўра кўпроқ мусиқа танқидчисига мос тушса-да, амалга оширилган ўзгаришларнинг таъсири бўйича ўхшашлик кўзга ташланади. Турли диний қарашларни тадқиқ қилиш муқаррар тадқиқотчининг дунёқарашини ҳам кенгайтиради ва ўзгартиради. Кимдир инсон руҳияти ва борлиқ ҳақиқати бўйича янги терминларни ва турли ёндашувларни эгаллайди. Шу жиҳатлар билан, диншунослик диний таълимдан фарқ қилиб, иккинчисида муайян дунёқараш ва унга боғлиқ қадриятлар тизимини тарбиялаш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилса, диншуносликда тадқиқотчи дин ва инсон тушунчалари борасида ўз қарашларини кенгайтиришга ундалади.

Одилжон Эрназаров, “Диншунослик ва жаҳон динларини
қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси катта илмий-ходим изланувчиси
(Мақола Хиллари Родригес ва Жон С.Хардингнинг “Диншуносликка кириш”
асари асосида тайёрланди)