Дунё халқлари Мавлиди шарифни қандай нишонлайдилар?

58

Маълумки, “Рабиъул-аввал” ойи кириб келиши билан Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг “мавлидлар”и бутун дунё бўйлаб кўтаринки руҳда нишонлана бошлайди. Қайд этиш лозимки, “Мавлиди шариф”ни ўтказишда мусулмон мамлакатларида ўзига хос анъаналар бўлиб, улар бир-биридан фарқланади. Қуйида дунёнинг баьзи мамлакатларида ушбу муборак сана қай тарзда нишонланишини кўриб чиқамиз.

Ливия, Бенгҳази шаҳрида “Мавлид”ни нишонлаш маросимида одамлар шарлар билан безатилган соябон кўтариб юришади.

Шаҳар кўчаларида Мавлид учун ишлаб чиқарилган махсус ўйинчоқлар сотилади.

Шунингдек, байрам асносида махсус ниқоблар ҳам тақилар экан.

Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрида эса аёллар ва болалар ўзларининг энг чиройли кийимларини кийиб, Пайғамбар (алайҳис-салом)га салавотлар айтган ҳолда лимон ва апелсин баргларини кесишади.

Жанубий Африкада “Rampies-sny” деб аталадиган ушбу мавлид маросимида аёллар лимон ва апелсин баргларини кесиб, уларни атиргул ва лимон сувига ботиришади ва эркакларга совға сифатида бериш учун кичик халтачаларга жойлаб чиқишади.

Мисрлик аёл Мавлид байрами арафасида бозордаги анъанавий ширинликлар ва «Арусат ал-Мавлид» (Мавлид келини) қўғирчоқларининг нархлари билан танишмоқда. Қоҳира

Мавлудни нишонлаш учун анъанавий ширинликлар сотадиган сотувчи (Эски Қоҳира бозори).

Туркиянинг Бурса шаҳрида Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг мавлидларини нишонлашар экан, машҳур само рақсини ижро этишади.

Фаластиннинг Наблус шаҳри кўчаларида кишилар Пайғамбар (алайҳис-салом)ни мадҳ этувчи нашидлар куйлайдилар.

Наблусда (Фаластин) Мавлид байрамида болалар учун оммавий тарзда ширинликлар тарқатилади.

Покистоннинг Карачи шаҳридаги Мавлуд байрами арафасида ранг-баранг чироқлар билан ёритилган масжид.

Покистоннинг Лаҳор шаҳрида бозорлар Мавлидни нишонлаш учун махсус безатиб чиқилади.

Вашингтон яқинидаги “Америка Диёнат Маркази”да байрамдан кейин одамларга кечки овқат тарқатилиш жараёни.

Юқоридагилар билан бир қаторда, масжидларда ва турли йиғилишларда Пайғамбар (алайҳис-салом)га бағишлаб ёзилган “Мавлид”лар ўқилади. Анъанага кўра, баъзи ўлкаларда “Мавлид ал-Манавий”, баъзисида эса “Мавлид ал-Барзанжий” ўқилиб, уларда Пайғамбар (алайҳис-салом) сийралари ўрганилиб, у кишига салавотлар айтилади.

Бизнинг диёрларда ҳам мазкур ой кириши билан ўзгача шукуҳ ва байрам кайфияти мусулмонлар хонадонларига кириб боради.

Кўриб ўтганимиздек, дунёнинг турли мамлакатларида мусулмонлар “Мавлид” байрамини ўзгача тарзда, ўзларининг узоқ йиллик тарихий анъаналари, урф-одатларига мос тарзда нишонлайдилар. Турли йўллар билан Набий (алайҳис-салом)га бўлган муҳаббатларини изҳор қиладилар.