Шайх Ҳабиб Умар ибн Ҳафиз

261

Ҳабиб Умар ибн Ҳафиз (1963 йил 27 майда туғилган) – яманлик сўфий олим, мударрис, Дорул-Мустафо ислом тадқиқотлари муассасаси асосчиси ва мудири. Шунингдек, у Абу-Дабидаги “Табаҳ” жамғармаси Олий маслаҳат кенгаши аъзоси.
Насаби Пайғамбар (а.с.)га туташган Ҳабиб Умар ибн Ҳафиз бугунги кунимизнинг энг таъсирли дин уламоларидан биридир. У Жануби-Шарқий Осиё, Африканинг Шарқи ҳамда баъзи Халиж давлатларида кенг тарқалган Баълавий сўфийлик тариқатига раҳбарлик қилиши билан ҳам улкан шуҳрат қозонган. Қайд этиш лозимки, сўнгги бир неча йиллар давомида Жануби-Шарқий Осиё, Ҳиндистон, Европа ва АҚШда издошларининг сони ортиб бормоқда.
Ҳабиб Умар дастлабки таълимини Тарим шаҳрида, Тарим муфтийси бўлган отаси Муҳаммад ибн Солим ва бошқа обрўли уламолар қўлида олган. 1981 йилда коммунистик тузум таъсири оқибатида Жанубий Яманда қолиши унинг учун хавфли бўлиб қолади ва у Шимолий Ямандаги Байда шаҳрига кўчиб ўтиб, ўқишни ўша ерда давом эттиради.
Ҳабиб Умар Яманнинг Тарим шаҳрида Дорул-Мустафо номли ислом тадқиқотлари муассасасига асос солади. Ҳозирда бу таълим масканида маҳаллий аҳоли билан бир қаторда, кўплаб хорижлик толиби илмлар ҳам таҳсил олмоқда.
Қайд этиш лозимки, Ҳабиб Умар мусулмонлар ва христианлар ўртасида кўприк вазифасини ўтайдиган “Биз билан сизнинг ўртангиздаги муштарак сўз” номли лойиҳани қўллаб-қувватлаганлардан бири ҳисобланади.
Ҳабиб Умар кўплаб асарлар муаллифидир. Машҳур асарлари сифатида “Мухторул-ҳадис”, “Хулуқуна”, “Аз-закира ал-мушаррафа”, “Файзул-имдод” кабиларни келтириш мумкин.
Олимнинг қаламига мансуб Пайғамбар (а.с.)га бағишланган бир неча мавлуд китоблари ҳам бўлиб, улардан “аз-Зиё ал-ломи” ва “аш-Шароб ат-тоҳур”лар дунё бўйлаб кенг тарқалган.
Юқоридагилар билан бир қаторда, Ҳабиб Умар Яманда жойлашган “Ал-Рафаҳ” хайрия жамиятининг асосчиси сифатида Тарим ҳудудларида қашшоқлик, очарчилик ва етарлича тиббий ёрдам йўқлиги каби мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича “Muslim Aid Australia” ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ҳабиб Умар ибн Ҳафиз
Аллоҳ билан бўлган муносабатингизда тўғри бўлинг, чунки У барча ишларингиз ва ҳолатларингизда сиз боғланишингиз мумкин бўлган энг буюк зотдир. Билингки, У Ўзига юзланганларга ғамхўрлик қилади, қийинчиликларини енгиллаштиради, ҳар қандай шароит, ҳолат ва ўзгаришда бўлмасинлар У зот Ўзининг раҳмати, инояти, афв ва мағфирати ила уларга паноҳ беради”.