ABASA SURASI

    56

    АБАСА СУРАСИ (араб. سبع ةروس – юзини буриштирди, хўмрайди). Маккада Нажм сурасидан кейин нозил бўлган. 42 оят, 133 калима ва 530 ҳарфдан иборат. «Муфассал» сураларидандир. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 80-­сура.
    Маккий суралардан бўлгани учун унда ақида, пайғам­барлик масалалари, инсоннинг яратилиши, тавҳид, қиёмат ва унинг даҳшатлари ёритилган.
    Сура аввалида Абдуллоҳ ибн Умми Мактум исмли кўзи ожиз саҳобий келиб, диний масала сўрамоқчи бўлганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) малол олиб унга илтифот қилмай, Макка зодагонларини даъват қилиш билан овора бўлганлари учун Аллоҳдан олган танбеҳлари баён этилган.
    Сура давомида ниҳоятда қисқа тарзда инсоннинг яра­тилиши, яшаши ва вафот этиши, инсон учун яратилган, истеъмол қиладиган неъматларни санаб ўтилади, қиёмат кунидаги одамларнинг ғам­ташвишлари, ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолиши, яхшиларнинг юзлари ёруғ, ёмонлар­нинг юзлари эса қора бўлиши каби маълумотлар берилади.
    Сура кишилар аниқ икки тоифага бўлиниб қоладиган Қиёмат кунида рўй берадиган даҳшатли воқеалар ҳақида хабар бериш билан хотима топади.
    Суранинг яна бир номи «Сафаро»дир.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index