AL-QAHHOR

    25

        АЛ-ҚАҲҲОР (араб. – Қудратли, Буюк, Кучли). Бу калима Қуръонда 6 маротаба зикр қилинган (Юсуф, 39, Раъд, 16, Сод, 65, Зумар, 4, Иброҳим, 48, Ғофир сураси, 16) ва уларнинг барчаси Аллоҳнинг сифатлари шаклида “Ал­-Воҳид” сифати билан бирга келган. Аллоҳнинг ал-­Қаҳҳор сифати “Барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни Ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсундириб турувчи” маъносини англатади.
    Жумладан, Аллоҳ таоло ягона ва ғолиб илоҳдир: “Эй, икки ҳамзиндонларим! Турли-туман “илоҳлар” яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?” (Юсуф, 39) Аллоҳнинг фарзандлари йўқ, бундай нарсадан пок ҳамда ягона ва ғолиб зот: “Улар (қабрларидан) чиқадиган кунда (қиёматда) Аллоҳга улардан бирор нарса махфий бўлиб қолмас. «Бугун подшоҳлик кимникидир?” (деб сўраб Ўзи айтур) “Воҳид (ягона) ва Қаҳҳор (ғолиб) Аллоҳникидир” (Ғофир, 16).
    Ягона ва ғолиб бўлган Аллоҳдир: “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Мен фақат (бир) огоҳлантирувчидирман. Воҳид (ягона) ва Қаҳҳор (ғолиб) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” (Сод, 65). “Ал­Қаҳҳор” сифатининг ақидадаги маъноси шуки, Аллоҳ таоло Ўзининг ягоналигига далолат қилувчи оятларни нозил қилганидан кейин буни инкор қилганларни, махлуқотларига жабр­зулм қилганларга Ўзининг Азиз султонлиги билан қаҳр қилади.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири (таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур). – Тошкент: Тошкент Ислом университети» нашриёт­матбаа бирлашмаси, 2016.; Муҳаммад Ротиб Нобулусий. Мавсуа асмоиллоҳил­ҳусна. Дамашқ, 2008.; Шайх Муҳаммад Муҳаммад Юсуф. Сунний ақидалар. – Тошкент: Шарқ наширёт­матбаа акциядорлик компанияси, 2007..

    Н.Мукаррамхонов

    « Back to Glossary Index