AL-YASA (alayhissalom)

    34

    АЛ-ЯСАЪ (алайҳиссалом) – Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Тўлиқ исмлари ал­Ясаъ ибн Ахтуб ибн Адий ибн Шутлам ибн Афросим ибн Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим (алайҳиссалом)дир. Ал­Ясаъ (алайҳиссалом) асбот, яъни Яъқуб (алайҳиссалом)нинг авлодларидан бўлганлар ва Илёс (алайҳиссалом) амакиларининг ўғлидир. Бани Исроил қавмидан чиққан пайғамбарлардан бири. У зот милоддан аввалги 9 ­асрда туғилиб, милоддан аввалги 790 йилда вафот этганлар.
    Қуръони каримда ал­Ясаъ (алайҳиссалом)нинг номлари Анъом ва Сод сураларида 2 марта келтирилган. У зот ҳақида алоҳида оятлар нозил бўлмаган, балки имон келтириш лозим бўлган пайғамбарлар жумласида зикр қилинган: «Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам (ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаларини оламлар узра афзал қилдик»
    (Анъом, 86). «Яна Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни эсланг! Барчалари яхши кишилардандир» (Сод, 48). Тарихий манбаларда келтирилишича, ал­Ясаъ (алайҳиссалом) Илёс (алайҳиссалом) вафотларидан сўнг пайғамбар бўлдилар ва у зотнинг вазифаларини давом эттириб одамларни Аллоҳга имон келтиришга ва Илёс (алайҳиссалом) келтирган шариатга амал қилишга чақирдилар.

    Ад.: : Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи); Жалолиддин Суютий. Ал­Итқон. Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­қуръоний. Ж. III; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси). Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Тафсири Ҳилол 5­-жуз.

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index