AN’OM SURASI

    81

    АНЪОМ СУРАСИ (араб. – чорва моллари). Қуръондаги узун суралардан бири. Маккада бир кечада тўлиқ нозил бўлган (бир неча оятидан ташқари). 165 оят,
    3052 сўз, 12422 ҳарфдан иборат. Узун суралардан бўлга­ни учун «тивол» деб юритилади. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 6­-сура.
    Сурада Ислом ақидаси асослари, шариат аҳкомлари, оилавий масалалар, жиҳод аҳкомлари, ғайридинларга доир кўрсатмалар, Қиёмат сураси, охират, пайғамбарлар, дунё ва ҳаёт моҳиятига тааллуқли маълумотлар ўз ифодасини топган.
    Эътиқод ва имонга алоқадор асосий масалалар – Аллоҳнинг зоти ва сифатлари, ваҳий ва пайғамбарлик моҳияти ҳамда қайта тирилиш ва қиёмат кунида бўлади­ган ҳисоб­китоб борасида сўз юритилади. Турли бут ва санамларга сиғинаётган мушрикларнинг
    қилаётган ишлари ботил экани баён қилинган. «Анъом»да­ги оятлар Аллоҳ яратувчиликда ҳам, маъбудликда ҳам ягона, деб уқтиради. Аллоҳнинг кўрсатмаларини инкор қилганларнинг аҳволи ёмон бўлгани мисоллар билан кўрсатилади. Шунингдек, бу сурада Расулуллоҳ (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам)га «Айт!» деган кўрсатма 44 марта такрорланган. Яна пайғамбарлар отаси – Иброҳим (алайҳиссалом) ва унинг зурриётидан бўлган бир қанча пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилинади. Булардан ташқари, яшаб турган дунё инсон учун имтиҳон олами эканлиги айтилиб, инсон бу дунёда Аллоҳнинг халифасидир, деб таъкидланади. Бинобарин, бу дунёни обод қилиш ҳам, вайронага айлантириш ҳам инсоннинг ўз қўлида эканлиги яна бир бора эслатиб
    ўтилади.
    Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муш рик­ларнинг амали ва гапларидан ранжимаслик айтилиб, у зотга тасалли берилади ва барча пайғамбарлардан ўрнак
    олишга чақирилади.
    Сурада ҳайвонлар ва экинлар, ҳалол ва ҳаром ҳақида ҳам сўз юритилган.
    Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган: «Анъ­ом» сураси Маккада, кечаси бир йўла нозил бўлди. Атроф­да етмиш минг фаришта тасбеҳ айтиб турдилар (Имом
    Табароний ривояти). Бу сурада чорва ҳайвонлари ва улар ҳақидаги хукмлар ҳам баён этилгани учун у «Анъом» – «Чорва моллари» деб аталади.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index