AR-RAHMON SURASI

    139

    АР-РАҲМОН СУРАСИ (араб. – Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири). Маккада Раъд сурасидан кейин нозил бўлган. У 78 оят, 351 калима ва 1636 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 55­-сура.
    Баъзилар бу сурани Мадинада нозил бўлган дейдилар. Аввалги фикр саҳиҳроқ. Шунингдек, маккий ва маданий қоида ва белгиларга эътиборан ҳам сура маккий экани
    кўринади. У ўзининг илк оятида Аллоҳ таолонинг Раҳмон – Меҳрибонлигини уқтириб, У зотнинг Ўз бандаларига кўрсатган энг катта марҳамати – уларга бутун ҳаётлари учун
    дастур бўлган Қуръони каримни туширганини таъкидлайди.
    Сўнгра коинотдаги энг катта сайёралардан тортиб, энг майда заррагача бўлган барча мавжудот Аллоҳ таоло томонидан ўта нозик ҳисоб билан яратилгани ва улардан ҳар бири ўз зиммасига қўйилган вазифани бажаришда Яратганга сўзсиз итоат этиши баён қилиниб, инсонлар учун ҳам ўзаро олди­берди муомалаларида адолат ва инсоф билан иш тутсинлар, деб мезон барпо қилингани уқтирилади.
    Бу сурада мўминларга ато этиладиган жаннат неъматлари ва кофирларга кўз тутиб турган дўзах азоби батафсил баён этилади. Бошқа сураларда гувоҳ бўлинмаган бир услуб қўлланиб, Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қиладиган ҳар бир жумладан сўнг, яъни сура давомида ўттиз бир бор инсон ва жинларга қараб бу дунё ва охиратда
    ато этган ҳамда этадиган неъматларидан баъзиларини эслатиб: «Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!» деб хитоб қилинади. Қиёматга тайёргарлик кўриш инсонга ҳам жинга ҳам лозимлиги таъкидланади ва у куннинг даҳшатлари сифатланади. Аллоҳ таоло Қуръоннинг таълими, баён қилиш қобилияти, қуёш, ой, юлдуз ва бошқалар зикр қилинади. Мазкур неъматларга бандалар шукр келтиришлари лозимлиги асосий мақсадлардан бири ҳисобланади. Сура Аллоҳ таолонинг буюк ва баракотли Зот эканини яна бир бор таъкидлаш билан хотималанади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳар бир нарсанинг келини бор, Қуръоннинг келини «ар­Раҳмон» сурасидир», деганлар (имом Байҳақий ривояти). Биринчи оятидаги «ар­Раҳмон» сўзи сурага ном бўлган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index