FAJR SURASI

    73

    ФАЖР СУРАСИ (араб.  – тонг, бомдод вақти). Маккада Лайл сурасидан кейин нозил бўлган. У 30 оят, 139 калима ва 597 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 89­-сура.
    Сурада олдин ўтган кофир қавмларнинг қилмишлари, бойликка меҳр қўймаслик зарурлиги, қиёмат ҳодисалари, инсоннинг ношукурлиги, жаннат аҳлидан бўлиш учун нима ишлар қилиш лозимлиги талқин этилади. Бу сурада сўз аввал узоқ ўтмишда ўтган ва Аллоҳ таолонинг пайғамбарларини ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлган Фиръавн, Од ва Самуд каби қавмлар ҳақида сўз юритилади. Уларнинг кучи, моли фойда бермагани эслатилади. Уларнинг оқибатидан ўрнак олишга чақирилади.
    Сўнгра Аллоҳ таоло бандаларини бойлик билан ҳам, камбағаллик билан ҳам имтиҳон қилиши хусусида оятлар келади. Яъни, мол­мулк синов учун берилиши ёки берилмай қолиши таъкидланади. Бойлик берилган киши ўзини қандай тутиши айтилади.
    Сура ниҳоясида эса, Қиёмат куни рўй берадиган даҳшатли ҳодисалар ва дунёдаги ҳаётини имону эътиқодда устивор бўлиб ўтказган жонлар у Кунда жаннат неъматларига эришишлари тўғрисида боради. Сура ўзининг илк ояти билан «Ва­л­Фажр – Тонгга қасам», деб номлангандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index