FATH SURASI

    122

    ФАТҲ СУРАСИ (араб. – ғалаба). Мадинада Жума сурасидан кейин нозил бўлган. У 29 оят, 560 калима ва 2438 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 48-­сура.
    Сура Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳудайбия сулҳидан қайтиб келаётган пайтлари Макка ва Мадина орасидаги йўлда, кечаси нозил бўлган. У Ҳудайбия сулҳига
    бағишланган. Бу пайт ҳижратнинг олтинчи йили эди. Сура маданий бўлгани учун шариат ҳукмлари, мунофиқлар ва шу каби бошқа масалаларни қамраб олган. Сурада мунофиқлик қилувчи, кўпчилик билан бирга ёвга қарши чиқиш ўрнига, ундан турли баҳоналар билан бош тортувчилар қораланади. Яна унда мўминларнинг дин йўлида қилган жиҳодлари, имони заиф кимсалар ва мунофиқларнинг эса бу жиҳоддан қолиш учун кўрсатган баҳоналари ҳақида сўз борган. Мунофиқлар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Маккага боришдан бўйин товлашди. Мусулмонлар у ерда қирилиб кетади деган гап тарқатишди. Аммо мусулмонлар фатҳ билан ортга қайтишди.
    Бу сурадан Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг кўрган тушларини рост қилгани ҳақидаги оят ҳам ўрин олгандир. Шунингдек, саҳобаларнинг то бошларига ўлим келгунича Аллоҳ йўлида курашиш хусусида Расуллуллоҳга берган байъат­қасамёдлари, Аллоҳнинг улардан рози экани тўғрисида хабар берилади. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақ пайғамбар эканликларини таъкидлаш ва у зот кўрсатган йўлга юрадиган мўмин­мусулмонларнинг сифат­фазилатларини баён этилади. Мусулмонлар ўзаро бир­бирларига раҳмдил, душманларга нисбатан эса қўрқмас шиддатли эканликлари айтилган. Саҳобаларнинг сифати ҳам Тавротда ҳам Инжилда келганлиги зикр этилади. Сулҳнинг орадан бир йил ўтгач рўй берадиган буюк Фатҳ – Макка мушриклари устидан қозонилган ғалабанинг бошланиши бўлиб қолгани тўғрисида сўз боради. Суранинг «Фатҳ – Ғалаба» деб номланишининг боиси ҳам шудир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index