FIL SURASI

    82

    ФИЛ СУРАСИ (араб. – Фил). Маккада Кофирун сурасидан кейин нозил бўлган. У 5 оят, 23 калима ва 96 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 105­-сура.
    Сурада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган йилда рўй берган тарихий ва ибратли воқеа қисқача баён этилган. Ҳатто араблар тарихларини ушбу ҳодиса бўлиб ўтган йил билан боғлашган. Каъбани вайрон қилиш ниятида келганлари сабабли Аллоҳ таолонинг ғазабига учраб ҳалок бўлган «Асҳоби фил – Фил минган лашкарлар» ҳақида сўзлайди. Бу воқеа Аллоҳ таолонинг энг сўнгги ва энг суюкли пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган милодий 570 йилда рўй берган бўлиб, саноқсиз лашкар билан, қудратли филларга миниб, Аллоҳнинг уйини бузиш учун Яман ҳокими Абраха бошчилигида бостириб келган кофирларни Аллоҳ таоло Ўзининг ожиз махлуқлари бўлмиш қушлар тумшуқларида келтирган майда тошлар билан ҳалок қилади ва Каъбани яқинда туғиладиган пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва келажакда янги
    дин, янги уммат учун сақлаб қолади. Кейин у зот дунёга келиб, вояга етгач ва у кишига Қуръон оятлари нозил бўла бошлагач, ўша илоҳий мўъжиза то Қиёматгача Каъба томон юзланиб ибодат қилгувчи мўминларга ибрат, Аллоҳнинг динига қарши тургувчи кофирларга эса бир аччиқ сабоқ бўлиши учун у ҳақда мана шу сураи карима нозил қилинди. Бу сурада Аллоҳ таоло ўз қудрати ва мўъжизасини эслатган. Имон келтирмаганларнинг оқибати кўрсатилган. Сурага биринчи оятидаги «Фил» сўзи ном бўлган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index