FOTIHA SURASI

    358

    ФОТИҲА СУРАСИ (араб. – очувчи). Қуръондаги биринчи сура. Маккада Муддассир сурасидан кейин нозил бўлган. У 7 оят, 27 сўз ва 104 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами
    бўйича Қуръонда 1-­сура.
    Бу сура Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га икки марта: Маккада Меърож кечасида ҳамда ҳижратларидан кейин Мадинада, қибла ўзгартирилганда такроран нозил қилинган. Шунинг учун бу суранинг бир номи «ас­сабъул­масоний», яъни «икки бор нозил қилинган етти оятли сура» дейилади.
    Суранинг ўнга яқин номлари бўлиб, улардан энг машҳури – «Фотиҳа», яъни «Очувчи». Қуръони карим шу сура билан бошлангани учун мазкур ном берилган. Ислом дини кўрсатмаларининг асосини ташкил этгани учун унга «Уммул­Қуръон», яъни «Қуръоннинг онаси» номи ҳам берилган.
    «Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим» жумласи ҳанафий мазҳабига кўра «Фотиҳа» сурасининг биринчи ояти ҳисобланмайди, балки «Намл» сурасининг 30­ояти таркибида келган бир жумла бўлиб, у сураларни бир­биридан ажратиб туриш учун сураларнинг бошига табаррукона ёзиб келинган. «Фотиҳа» сурасини намоз қироатида тўла ўқиш ҳанафий мазҳаби бўйича вожиб, бошқа мазҳабларда эса, у фарздир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index