FOTIR SURASI

    29

    ФОТИР СУРАСИ (араб. – илк бор яратувчи). Маккада Фурқон сурасидан кейин нозил бўлган. У 45 оят, 997 калима ва 3130 ҳарфдан иборат. Суранинг иккинчи номи малоикадир (фаришталар). Тартиб рақами бўйича Қуръонда 35-­сура.
    Маккий суралар каби, Аллоҳнинг ягоналиги, унинг чексиз илми ва қудратига далолат қилувчи ақлий далиллар, фаришталар, дунё ва охират, куфр ва имон, тажовузкорлик
    ва бошқалар тўғрисида маълумотлар мавжуд. Сура Аллоҳ таолога ҳамд айтиш билан бошланиб, Унинг осмонлар ва ерни, фаришталар, инсонни, жинларни йўқдан бор қилган Зот экани ҳамда инсонларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Ўзи билан улар ўртасида фаришталарни элчи қилиб қўйгани ҳақида хабар берилади. Бу сурада бу дунёдан кейин охират ҳаёти келиши ҳақ эканлигига осмон ва ерда кишилар кўз ўнгида кечадиган воқеалар ҳам аниқ далолат қилиб туриши ва шу билан бирга коинотдаги ҳар бир махлуқот ўзининг нечоғли мукаммаллиги ва ўта нозик интизоми билан ниҳоят даражада қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган бир Яратгувчи мавжуд эканига очиқ ҳужжат бўла олиши уқтирилади. Борлиққа эътибор қаратилади.
    Аллоҳнинг қудратига, фотирлигига, холиқлигига далил сифатида мевалар турли бўлишига, одамлар, ҳайвонлар ва чорваларнинг хилма­хил бўлишига ишора қилинади.
    Тоғ ва тошларнинг турлилиги айтилади. Уларнинг барчаси Аллоҳнинг ягоналигига, улуғ ва қудрат эканига далиллиги келтирилади.
    Сура мушрикларнинг жонсиз бутларга сиғинишларини кескин қоралаш билан ниҳояланади. Мўмин билан кофир, зулмат ва нур қиёсланади. Бу сура Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлмиш «Фотир» – «Илк Яратгувчи» номи билан аталгандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index