FURQON SURASI

    58

    ФУРҚОН СУРАСИ (араб. – ажрим этувчи, фарқловчи). Маккада нозил қилинган. У 77 оят, 872 калима ва 3763 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 25­-сура.
    Сурада Ислом ақидаларига оид масалалар, имон, ислом, куфр, ширк, жаннат, дўзах, пайғамбарлар, ҳидоят, залолат ва бошқа маълумотларни ўқийсиз.Сура ушбу Фурқонни – ҳақ билан ботилни ажратиб бергувчи Китобни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳ таоло нозил қилганини таъкидлаш ва унга ҳамд айтиш ҳамда улуғлаш билан бошланади. Фурқон Қуръони карим номларидан бири.
    Мушрикларнинг Қуръони карим борасидаги «ўтганларнинг афсонаси», «Қуръон сеҳрдир», «Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган» деган ҳар хил даъволари қатъий ҳужжатлар билан рад этилади. Шунингдек, «Пайғамбар одам эмас, фариштадан бўлиши керак», «Пайғамбар бойлардан, казо­казолардан бўлиши керак» деган гапларига ҳам раддиялар берилган. Суранинг бошидан охиригача мушриклар билан бўлаётган қарама­-қаршиликларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тасалли бериш, қалбларини тинчлантириш, у зотни қўллаб­қувватлашга аҳамият берилган. Яна бу сурада доҳий «дўст»ларнинг васвасаларига учиб, ўз имон ва динидан воз кечган кимсалар, кофир ва мушриклар охиратда бу қилмишларидан надомат чекиб, бармоқларини тишлаб қолишлари ҳақида огоҳлантириб ўтилади.
    Ўтган умматлар ва уларнинг оқибатлари, хусусан Нуҳ, Од, Самуд, Лут, Мусо (алайҳиссалом) қавмлари зикр этилган. Сура ниҳоясида эса Раҳмон бандалари – ҳақиқий мусулмонларнинг сифатлари ва уларни жаннат неъматларига эришишларига сабаб бўладиган хулқ­атворлари тасвирланади. Қуръони каримда, Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган барча илоҳий китоблар Фурқон – ҳақ билан ноҳақни ажратиб бергувчи Китоб, деб аталаверади. Бу сурага ном бўлган Фурқондан мурод эса Қуръондир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index