FUSSILAT SURASI

    29

    ФУССИЛАТ СУРАСИ (араб.  – муфассал баён қилинган). Маккада нозил қилинган. У 54 оят, 799 калима ва 3350 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 41-­сура.
    Сурада дунё ҳаётининг фонийлиги, охиратдаги абадий ҳаёт учун эзгу амаллар қилиш билан унга тайёргарлик кўришнинг муҳимлиги, инсоннинг аъзолари қилган қилмишларини айтиб бериб, гувоҳлик бериши каби эслатма ва насиҳатлар бор.
    Сура Қуръони карим таърифи билан бошланиб, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи бўлган бу Китобнинг оятлари онгли – ақлли кишилар учун муфассал баён қилиб берилганлигини уқтиради. Мушрикларнинг бу Китобга нисбатан муносабатлари ҳам кўрсатилади. Пайғамбарлик ва пайғамбарларнинг кимлиги ҳақида зикр этилган.
    Сўнгра еру осмонларнинг Аллоҳ таоло томонидан яратилиб, интизомга солингани ва Ўша зот томонидан идора қилиб турилиши батафсил баён қилинади. Од ва Самуд қавми ҳар қанча кучли бўлсалар ҳам куфрлари туфайли ҳалокатга учраганлари ҳақидаги қиссалари келган. Бу сурада Аллоҳ таоло қиёмат кунида ҳар бир инсоннинг кўз­қулоғидан терисигача тил бериб, дунёдан куфр ва исён билан ўтган кимсаларнинг аъзойи баданлари ҳам ўзларига қарши гувоҳлик бериши ҳақида огоҳлантирилади ва инсоннинг: «Қилаётган амалларимни Аллоҳ билмайди», деган гумонда бўлиши унинг охиратини куйдириши аниқ эканлиги таъкидланади.
    Шунингдек, бу сурада ёлғиз Аллоҳ таолони «Роббим» деб, сўнгра У зот кўрсатган тўғри йўлда устивор бўлган зотлар учун охират диёрида тайёрлаб қўйилган мукофотлар ҳақида ҳам хабар берилади. Сура бутун борлиқда ҳам, бир инсоннинг вужудида ҳам Яратганнинг қудрати ва ҳикматига далолат қиладиган аломатлар мавжуд эканлиги ва Аллоҳ таоло бор мавжудотни Ўз илму қудрати билан иҳота қилиб олган Зот эканлиги ҳақидаги оятлар билан ниҳоясига етади. Бу суранинг номини «Сажда» ва «Масобиҳ» деганлар ҳам бор.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index