G’OFIR SURASI

    32

    ҒОФИР СУРАСИ (араб. – мағфират қилгувчи). Маккада Зумар сурасидан кейин нозил бўлган. 85 оят, 1199 калима ва 4960 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 40­-сура.
    Бу сурани уч хил ном билан атаганлар: биринчиси – суранинг ўзидан олинган – «Ғофир», иккинчиси – «Мўмин» суранинг 40­оятидан олинган, учинчиси – «Ҳо мим» сура шу ҳарфлар билан бошланган. Қуръони каримдаги суралар тартибидаги «Ҳо, Мим» ҳарфлари билан бошланадиган етти суранинг аввалгиси. Маккий суралар каби ақидага оид маълумотлар, имон, эътиқод, куфр, ширк, ҳақ ва ноҳақлик, умуман, эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги кураш, ҳақ билан ботил, имон билан туғён ўртасидаги Одам Ато давридан буён давом этиб келаётган кураш баён қилинган. Фаришталар ва пайғамбарлар, хусусан, Мусо (алайҳиссалом) ва Фиръавн қиссаси ўз ифодасини топган.
    Бу сурада фаришталар туну кун дуо ва тасбеҳларида Аллоҳдан мўминларнинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб дуо қилишлари ҳақида хабар берилади. Даҳшатли ва қўрқинчли ҳолатда Аршни кўтариб турувчиларнинг қандай илтижо қилишлари сўзланади. Қиёмат кунидаги манзаралар, даҳшатлари, Аллоҳнинг ҳузурида халойиқнинг қўрққан ҳолда туришлари, барчанинг амалига яраша жазо ёки мукофот олиши васф қилинган. Ўтган қавмлардан куфр келтирганларнинг ҳалокатга учраганлари ва туғёнга кетганларнинг оқибатлари баён қилинган.
    Шунингдек, бу сурада ҳам Мусо пайғамбар билан Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган можаролар, шунингдек бошқа сураларда зикр қилинмаган Фиръавн хонадонидан бўлган ва ўзининг Аллоҳ таолога имон келтирганини сир тутиб юрган бир мўмин кишининг қиссаси ҳам баён қилинади. Шунинг учун бу сурани «Мўмин» сураси деб ҳам
    атайдилар. Суранинг аввалида ушбу Қуръонни нозил қилган Зот – Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан бир қанчаси санаб ўтилади. Улардан бири «Ғофир – Мағфират қилгувчи» сифати бўлиб, сура мана шу улуғ сифат билан номланган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index