G’OSHIYA SURASI

    31

    ҒОШИЯ СУРАСИ (араб.  – ўраб олувчи). Маккада Зориёт сурасидан кейин нозил бўлган. У 26 оят, 92 калима ва 381 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 88-­сура.
    Қиёматнинг сифатларидан бири. У ҳамма мавжудотни ўз таъсир доирасига олувчи бўлгани учун унинг номларидан бирига айланган. Ер ва осмондаги ҳар бир мавжудот ягона Яратгувчининг – Аллоҳ таолонинг борлигига далолат қилиб туриши таъкидланади. Сурада туя, осмон, тоғ ва ерларнинг ажойиб ва ғаройиб шаклда яратилгани, уларга ибрат ва маърифат назари билан боқиш зарурлиги, шунингдек, Макка мушриклари томонидан қаттиқ қаршиликка учраган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) то Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Ислом дини қувватлашгунча ўз умматини насиҳат ва эслатма услубида даъват қилишдан иборат экани зикр этилади. Сура икки қисмдан иборат: биринчиси, қиёмат куни, унинг ҳолати, кофирларга бўладиган азоб ва мўминга бўладиган икром баён қилинган. Иккинчиси, Аллоҳнинг ваҳдонияти, қудрати, У яратган туя, осмон, тоғ ва ерга назар
    солишга чақиради. Сура ниҳоясида Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг зиммаларидаги вазифа фақат насиҳат билан Ҳақ йўлига даъват қилиш эканлиги уқтирилиб, насиҳатга қулоқ тутмаган кимсалар Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганларида ўз қилмишларига яраша жазо олишлари ҳақида хабар берилади.
    Сура исломнинг аввалида, оммавий даъват бошланиб, Макка мушриклари инкор қилган вақтда нозил бўлган. У барча халойиқни ўз даҳшати билан ўраб оладиган Қиёмат куни рўй берадиган воқеаларни баён қилиш билан бошланади. Шунинг учун бу сура «Ғошия – Ўраб олгувчи» деб номланган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index