HADID SURASI

    41

    ҲАДИД СУРАСИ (араб.  – темир). Мадинада Залзала сурасидан кейин нозил бўлган. У 29 оят, 544 калима ва 2476 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 57-­сура.
    Сурада илоҳий кўрсатмалар, яъни шариат ҳукмлари билан бирга, мўминлар жамиятини тарбиялашга, ақидавий масалаларга доир оятлар баён этилган. Сура уч асосий мавзуни қамраган: 1. Борлиқнинг барчаси Аллоҳники: уни Ўзи яратиши ва хоҳлаганича тасарруф қилиши;
    2. Дин йўлида мол ва жонни фидо қилиш; мўмин ва мунофиқ орасидаги фарқ бўлиши;
    3. Бу дунё хавасларининг ёлғончи экани, мўмин киши охиратини обод қилиши йўлида Аллоҳ розилигини топишга ҳаракат қилиши.У борлиқдаги барча нарса – инсон, ҳайвон, дарахт ва бошқа нарсалар доимо Аллоҳга тасбеҳ айтиб, улуғлаб туриши ҳақида хабар бериш билан бошланади. Шундан кейин Аллоҳ таолонинг илоҳий сифатлари баён қилинади. Бу сурадан мўминларни Аллоҳ уларга ато этган нарсалардан саховат қилишга чорлаган оятлар ҳам ўрин олгандир. Бойлик Аллоҳники, у инсоннинг қўлига омонат сифатида қўйилганлиги зикр этилган. Сура мўминлар билан мунофиқларнинг охиратдаги аҳволи тўғрисида хабар бериб, у жойда мунофиқлар дунёдаги каби мўминлар орасига қўшилиб кета олмасдан, ажралиб қолишларини уқтиради ва бу ҳаёти дунёнинг ўткинчи эканлигини баҳор ёмғири остида тўрт кун барқ уриб очилиб, сўнг ёз иссиғига бардош бера олмай қуриб, қовжираб қоладиган чечакларга ташбеҳ қилинади. Сура Исо пайғамбар йўлларига эргашган аҳли китобларни Аллоҳдан қўрқишга ва У зотнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га
    имон келтиришга даъват қилиш билан хотима топади. Бу сурада кишиларнинг тинчлик кунларида ҳам, урушларида ҳам бирдек зарур ва фойдали бўлган темир моддаси ҳақида 25­оятда металл турлари ва уларнинг хислатлари ҳақида зикр қилингани учун у «Ҳадид – Темир» сураси деб номлангандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index