IBLIS

    27

    ИБЛИС (араб. – ноумид бўлган, тушкунликка туш­ган, шайтон) – шайтонларнинг каттасига берилган ном (ёки энг асосий шайтон). Қуръонда «иблис» сўзи ўн бир ўринда зикр қилинган: Бақара сураси, Аъроф, Ҳижр сураси, Ҳижр сураси, Исро сураси, Каҳф, Тоҳо, Шуаро сураси, Сабаъ, Сод, Сод.
    Иблис жин тоифасидан бўлиб, оловдан яратилган. Бу ҳақда Қуръонда бундай дейилган: «Жин (яъни Иблис)ни эса (Одамдан) илгари алангали оловдан яратган эдик» (Ҳижр, 27).
    Одам (алайҳиссалом)га сажда қилишга амр қилинган­да бош тортгани учун Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган. Жумладан, «(Шайтон) айтди: «Мен қора балчиқдан олиб, (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган башарга сажда қилувчи эмасман». (Аллоҳ) деди: «Бас, ундан (жаннатдан) чиқ! Энди сен, (Менинг даргоҳимдан) қувилган – малъунсан» (Ҳижр, 34–35).
    Одамларни ҳақ йўлдан оғдириш ва адаштиришда иб­лисга ёрдам берувчи лашкарлари (шайтон) бор. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: «Бас, у (бут)лар билан бирга йўлдан озган кимсалар (дўзахга) улоқтирилур ва иблис лашкарларининг барчалари ҳам» (Шуъаро, 94–95).
    Унинг вазифаси инсониятни ёмон йўлга бошлаш. Иб­лис фақатгина васваса қилса ҳам ҳеч кимни мажбурлай олмайди. Жумладан, «Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир» (Ҳижр, 42).
    Иблис Аллоҳнинг даргоҳидан қувилгач, «Одам зур­ри ётини адаштираман», деб қасам ичган. Оятда «(Иблис) айтди: «Эй, Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болалари­га) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман» (Ҳижр, 39).
    Иблис қиёматга қадар жонини олмаслигини сўраб Аллоҳдан муҳлат сўраган ва Аллоҳ унга ўша муҳлатни берган. Бу ҳақда Қуръонда бундай дейилган: «(Шайтон) деди: «Эй, Раббим! У ҳолда менга (улар) қайта тириладиган кунгача (қиёматгача) муҳлат бергин!» (Аллоҳ) деди: «Бас, сен муҳлат берилганлардансан. Маълум вақт (қиёмат) кунигача» (Ҳижр 36–38).
    Инсон Иблисни кўра олмаса­да, у одамни кўра олади. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган: «Зеро, у (шайтон) ва унинг тўдаси сизлар уларни кўра олмайдиган тарафдан сизларни кўрадилар» (Аъроф, 27).
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур.

    А. Усмонов

    « Back to Glossary Index