IDRIS (alayhissalom)

    71

    ИДРИС (алайҳиссалом) – Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Идрис (алайҳиссалом)нинг тўлиқ исмлари Идрис (Ахнух) ибн Ярад ибн Маҳлойил ибн Қинон ибн Ануш ибн Шис ибн Одам (алайҳиссалом)дир. Идрис (алайҳиссалом) милоддан аввалги 4­минг йилликда, Одам (алайҳиссалом) вафотларидан 1140 йил кейин Бобил (баъзи манбаларда Миср)да туғилиб, 365 йил умр кўрганлар. Одам ва Шис (алайҳиссалом)лардан кейинги инсониятга юборилган учинчи пайғамбар ҳисобланадилар. Ҳадиси шарифда Идрис (алайҳиссалом)га ўттиз саҳифа нозил қилингани зикр этилган. Қуръони каримда Идрис (алайҳиссалом)нинг номла­ри Марям ва Анбиё сураларида 2 марта зикр этилган.
    Жумладан, оятларда шундай дейилади: «Яна (ушбу) Китобда Идрис (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у садоқатли пайғамбар эди. Биз уни юксак мақомга кўтардик» (Марям, 56–57).
    Ушбу оят тафсирида шайх Абдулазиз Мансур бундай дейди: «Бу оятда «юксак мақомга кўтардик» дейилиши­дан мурод Идрис (алайҳиссалом)га пайғамбарлик мақоми берилгани ёки у зот тўртинчи осмонга чиқиб кетганлари ёхуд жаннатга кирганларидир, деб тафсир қилинган. Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа кўплаб муҳаддислар саҳобий Молик ибн Саъсаъа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган Исро ва Меърож воқеасига тааллуқли саҳиҳ ҳадис­да Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўртинчи осмонда Идрис (алайҳиссалом)ни кўрганлари нақл қилинган.
    Абул Баракот Насафийнинг (1232–1310) «Тафсир ан­ Насафий» асарида юқоридаги оят шарҳи давомида Идрис (алайҳиссалом) ҳақларида қуйидаги ривоят келтирилади: Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Идрис (алайҳисса­лом)нинг ибодати фаришталарга ёқиб қолади. Ўлим фариштаси Аллоҳдан изн сўраб унинг зиёратига боргани­да Идрис (алайҳиссалом) унга: «Менга бир ўлим аччиғини тоттиргин, токи кейин осон жон берай», – дейди. У рози бўлади. Қайта тирилгач: «Энди бир дўзахга ҳам киритиб чиқар, токи ундан кўпроқ қўрқай», – дейди. Фаришта бу илтимосини ҳам бажаради. «Энди жаннатга ҳам бир олиб кир, токи унга рағбатим ортсин», – дейди. Киргач, қайтиб чиқишдан бош тортиб: «Ўлимни тотдим, дўзахга кириб чиқдим. Жаннатга кирганлар қайта чиқарилмагай», – дейди. Фаришта Аллоҳга арз қилганида У: «Бу ишлар ҳаммаси Менинг изним билан бўлди. Қўй, у жаннатда қолаверсин!», – деган экан». Шунингдек, Идрис (алайҳиссалом) Қуръони каримда Аллоҳ таоло томонидан берилган турли бало ва синов­лар га сабр қилган пайғамбарлар қаторида зикр этилган: «Исмоил, Идрис ва Зул-Кифлни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир» (Анбиё, 85). Манбаларда зикр этилишича, Идрис (алайҳиссалом)
    замонларига қадар одамлар ҳайвонлар терисидан кийим кийишар эди. Идрис (алайҳиссалом) эса матодан биринчи бўлиб кийим тиккан тикувчи бўлдилар. Ҳайвонларнинг юнгидан бўлган матони аёллар қўл билан тўқир эдилар. Қалам билан биринчи марта ёзув ёзган, биринчи марта тош­тарозу ишлатган ҳам Идрис (алайҳиссалом)дир. Идрис (алайҳиссалом) ўсимликлардан дори тайёрлаб, турли касалликларни даволар эдилар. Дунёвий илм билан диний илмни шогирдларига қўшиб ўргатган биринчи муаллим ҳам Идрис (алайҳиссалом)дир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири; Тафсир ан­Насафий; Қисас ал­анбиё; Ал­Қисас ал­ қуръоний; Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси); Ҳадис ва ҳаёт 20­-жуз (Анбиёлар қиссаси).

    С. Сиддиқов

    « Back to Glossary Index