INFITOR SURASI

    41

    ИНФИТОР СУРАСИ ( араб. – ёрилиш). Маккада Нозиот сурасидан кейин нозил бўлган. У 19 оят, 80 калима 327 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 82­-сура. Бу сура ҳам Таквир сураси каби қиёматдаги ҳолат­ларга бағишланган. Бу сурада осмонларнинг ёрилиши, яъни қиёматдаги рўй берадиган ҳодисалардан баъзилари келтирилади. Яна охиратда инсон ўзи қилган яхши­-ёмон амалларидан сўралиши, бу дунёда қилинадиган ҳар бир иш – ҳаракат номаи аъмолга фаришталар томонидан ёзилиб туриши ва жазо куни ҳақида маълумотлар мавжуд.
    Сура қиёмат кунининг даҳшатли манзараларини чи­зиш билан бошланади ва инсонга хитоб қилиниб, уни йўқ­дан бор қилган ва унга шундай гўзал сурат бериб қўйган Аллоҳ таолога ибодат қилишдан нима тўсиб тургани сўра­лади. Ғурурга кетган инсонга хитоб қилинади. Динни, қиё­матни ёлғонга чиқармасликка чақирилади.
    Сўнгра жазо Куни ҳақ экани айтилиб, ҳар бир кишининг қилган амалини ёзиб турадиган улуғ фаришталар бирон ишни қолдирмасдан номаи аъмол саҳифаларини тўлдириб бораётганликлари яна бир марта уқтириб ўтилади. Сура охирида жазо куни қандай кун эканини ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч ким била олмаслиги ва у Кунда барча ҳукм ёлғиз Аллоҳ таолонинг қудрат қўлида бўлиши ҳақи­да хабар берилади. Инсонларнинг аброр (яхши) ва фожир­ларга (бетавфиқ, гуноҳкор, бузуқ) бўлиниши, аброрлар­нинг жаннатга, фожирларнинг эса дўзахга тушиши таъ­кидланади.
    Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қилган ҳадисда: «Ким қиё­мат кунига ўз кўзи билан очиқ­ойдин назар солмоқчи бўлса, «Изаш шамсу куввирот», «Изас самааун фатарот» ва «Изас самааун шаққот» сураларини қироат қилсин», дейилган (Имом Термизий ривояти).Сура қиёмат кунида осмон ёрилиб – очилиб қолиши хусусидаги оят билан бошлангани учун уни «Инфитор» – «Ёрилиш», деб аталади.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index