ISMOIL (alayhissalom)

    68

    ИСМОИЛ (алайҳиссалом) – Қуръони каримда номи келган пайғамбарлардан бири. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг тўнғич фарзандлари. Оналарининг исми Ҳожар бўлган.
    Қуръонда Исмоил (алайҳиссалом)нинг номлари 8 су­ранинг 12 оятида зикр этилган. Улар: Бақара сураси, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Иброҳим, Марям, Анбиё, Сод сураларидир. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Эй Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи набий ва ра сул эди» (Марям, 54).
    Исмоил (алайҳиссалом) Забиҳ (Қурбон қилинган), Со­диқ ал­ваъд (Ваъдага вафодор), Ғулом ал­ҳалим (Оқкўн­гил ўғил) каби номлар билан машҳур бўлганлар. Исмоил (алайҳиссалом) тахминан милоддан аввалги XVIII асрда Фаластинда таваллуд топганлар, 137–143 йил умр кў­риб, XVII асрда Маккада вафот этганлар ҳамда Каъбанинг ёнидаги ҳижр (ҳатим­ярим доира шаклидаги Каъбанинг бир қисми)га (баъзи манбаларда Маккадаги ғорга) оналари Ҳожар (алайҳиссалом)нинг ёнларига дафн қилинганлари қайд этилган. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ёшлари 86 га етган бўл­са ҳам, лекин бефарзанд эди. У зот Аллоҳ таолодан илтижо қилиб солиҳ зурриёт сўрадилар. Шунда иккинчи аёллари Ҳожардан биринчи фарзандлари Исмоил (алайҳиссалом) туғилди. Ушбу қисса Қуръони каримда қуйидагича баён этилади:     «Эй Раббим! Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)­лардан ато этгин! Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғи­лиши тўғрисидаги) хушхабарни бердик» (Соффот, 100–101).
    Аллоҳнинг буйруғи билан Иброҳим (алайҳиссалом) аёллари Ҳожар ва ўғиллари Исмоил (алайҳиссалом)ни Маккага олиб келадилар ва икковларини озгина таом ва озгина сув билан қурилажак Байтуллоҳ яқинида қолдир­дилар ва орқаларига қайтаётиб бундай дуо ўқидилар: «Эй Раббимиз! Мен зурриётимдан (бир қисмини – ўғ­лим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй Раббимиз! (Улар) намозни баркамол адо этсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (барча) мевалардан озиқлантиргин, шояд (шунда) шукр қилсалар» (Иброҳим, 37). Қиссанинг даво­ми да айтилишича, Ҳожар она ўғли Исмоил (алайҳиссалом) билан саҳрода таом ва сувлари тугаб қолади. Иссиқ ҳавода чақалоқнинг оғзи қурий бошлаб, она сув истаб Сафо ва Марва тоғлари орасида бир неча бор югуради (ҳозирда ҳожилар шу ерда саъй амалини бажарадилар), тоғ тепаси дан атрофга аланглайди. Ниҳоят Марва тоғининг устидан ерда ётган Исмоил (алайҳиссалом)га назар ташлайди. Аллоҳ­нинг марҳамати билан қум орасидан Замзам суви отилиб чиқади. Шу атрофда яманлик кўчманчи қабилалардан би­ри бўлган Журҳум қабиласи янги булоқ чиққанидан хабар топиб, Замзам булоғи атрофига жойлаша бошладилар.
    Иброҳим (алайҳиссалом) тушларида қилинган илҳом­га асосан Аллоҳга бўлган чин эътиқодлари эвазига кекса ёшларида кўрган ўғиллари Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбон қилишга қарор қиладилар: «Бас, қачонки у (ота­си) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй, ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!” – деган эди, у айтди: “Эй, отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томо­нидан) буюрилган ишни қилинг! Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”» (Соффот, 102). Лекин
    Аллоҳ таоло боланинг ўрнига қўчқор юборади: “Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик” (Соффот, 107).
    Исмоил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг амрига кўра, оталари Иброҳим (алайҳиссалом) билан бирга Байтуллоҳ, яъни Каъбани қурадилар: «Эсланг, Иброҳим (ўз ўғли) Исмоил билан биргаликда Уйнинг (Каъбанинг) пойдеворини кўтарганларида, (шундай дуо қилдилар): “Эй Раббимиз, биздан (ушбу ишимизни) қабул эт. Албатта, Сен Эшитувчи ва Донодирсан!”» (Бақара, 127).
    Тарихий манбаларда айтилишича, Исмоил (алайҳис­салом) икки марта уйланганлар. Биринчи аёллари нинг исми Аммора бинт Саъд ибн Усома ибн Акил Амоли қий бўлган.
    Кейинги хотинлари эса, Саййида бинт Мазоз ибн Амр Журҳумий эди. Исмоил (алайҳиссалом) мазкур аёлларидан ўн икки ўғил ва бир қиз фарзанд кўрганлар. Ўғилларининг исми қуйидагилар: Нобит, Қайдор, Азял, Мийшо, Масмаъ, Мош, Давсо, Арар, Ятур, Набаш, Таймо ва Қайзамон. Улардан барча араб қабилалари тарқалган. Шунингдек, Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг насаблари ҳам Исмоил (алайҳиссалом)га бориб тақалади. Исмоил (алайҳиссалом) Ҳижоз ва Яман аҳолисига пайғамбар қилиб юборилдилар ҳамда уларни Аллоҳнинг бирлигига, Унга ибодат қилишга чақирдилар: «У ўз аҳли (ва уммати)ни намоз ва рўзага буюрар эди ва Парвадигори ундан рози бўлган киши эди» (Марям, 55).
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Ман сур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­ан­биё; Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­қуръоний. Ж I; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳа­ёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси).

    С. Сиддиқов

    « Back to Glossary Index