ISO (alayhissalom)

    89

    ИСО (алайҳиссалом) – Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Тўлиқ исмлари Исо ибн Марям бинт Имрондир. Исо (алайҳиссалом)нинг насаблари Яъқуб ибн Исҳоқ (алайҳиссалом)га етиб боради. Оналари Марям бинт Имрондир. Исо (алайҳиссалом) Ба­ни Исроил қавмидан чиққан пайғамбарлардан бири. У зот Фаластиндаги Байт Лаҳм (Вифлеем) шаҳрида туғилган.
    Исо (алайҳиссалом) лақаблари Масиҳ (мой суртилган, силанган, силовчи), кунялари Ибн Марям (Марямнинг ўғли)­дир. Шунингдек, у зот «Калиматуллоҳ» (Аллоҳнинг сўзи),
    «Расулуллоҳ», «Набиюллоҳ», «Исо Руҳуллоҳ» (Аллоҳнинг руҳи), «Ҳақнинг (Аллоҳ) сўзи», «Важиҳ» (обрўли), «Муқар­раб» (Аллоҳга яқин), «Абдуллоҳ» (Аллоҳнинг бандаси) деб таърифланади.
    Қуръони каримда Исо (алайҳиссалом)нинг номлари Бақара сураси, Оли Имрон, Нисо, Моида сураси, Анъом, Марям, Аҳзоб, Шўро сураси, Зухруф, Ҳадид ва Саф сураларида 25 марта зикр этилган. Аллоҳ таоло қуйидаги оятда Исо (алайҳиссалом)ни улуғ пайғамбарлар қаторида зикр қилган: «…Исо, Айюб, Юнус сураси, Ҳорун ва Сулаймонга ҳам ваҳий юборганмиз» (Нисо, 163).
    Қуръони каримда Исо (алайҳиссалом) ҳақларидаги ҳар бир оятда у зотнинг онаси Марям бинт Имрон ҳам ёнма­ён тилга олинади. Марям Имроннинг қизи Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам покдомон тутган­лар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек нопок бўлмаган­лар. Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом) фаришта орқали ўша пок жасадга «пуф» дейиши билан Исо (алайҳиссалом)­ни ато қилган: «Албатта, Исо Масиҳ ибн Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга туширган “Калимаси” ҳамда Унинг томонидан (келмиш) руҳдир, холос» (Нисо, 171). Бу ҳақда бошқа оятда бундай дейил­ган: «Албатта, Исонинг (отасиз туғилиш) мисоли, Аллоҳ наздида бамисоли Одам (алайҳиссалом) кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга “Бўл!” деди, бас, (у) бўлди» (Оли Имрон, 59).
    Исо (алайҳиссалом) бешикдаёқ тилга кирган. Дунёга келганларидан сўнг оналари Марям у зотни кўтариб қавмлари олдига келганларида одамлар турли шубҳа­гумонларга бориб, ҳар хил сўзларни тарқатдилар. Аллоҳ таоло уларнинг пок эканликлари, бу мўъжиза ва ҳидоят аломатилигини зикр қилди: «Шунда (Марям ўзи гапирмай, боласига) ишора қилди. Улар айтдилар: “Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!” (Шу пайт чақалоқ тилга кириб) деди: “Мен Аллоҳнинг бандасидирман.
    (У) менга Китоб (Инжил) ато этди ва мени пайғамбар қилди”» (Марям, 29–30). Ушбу оятлар тафсирида бундай дейилади: Аллоҳ ирода қилса, бешикдаги бола ҳам гапи­рар, ҳатто пайғамбар ҳам бўлиши мумкин экан. Гапирган вақтларида Исо (алайҳиссалом) бир кунлик ёки қирқ кун­лик чақалоқ бўлгани тўғрисида ривоятлар бор.
    Шу тарзда Исо (алайҳиссалом) ўсиб­улғайдилар. У зот ўттиз ёшга етганларида Аллоҳ таоло Бани Исроил қавмига пайғамбар қилиб юборди: «Уларнинг изларидан Исо ибн Марямни ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда издош қилиб юбордик ва унга Инжилни – ичида ҳидоят ва нури билан ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат (манбаи) қилиб бердик» (Моида, 46). Аллоҳ таоло яҳудийларнинг Пайғамбарлари изидан Исо ибн Марямни Пайғамбар қи­либ юборди. Бундан олдин Мусо (алайҳиссалом)га туши­рил ган илоҳий китоб Таврот, Исо (алайҳиссалом)га ҳам ки­тоб бўлиб, у зотга келган диннинг асосини ташкил этади.
    Инжил эса, Тавротни тўлдириб келган: «(Мен) ўзимдан олдинги (нозил этилган) Тавротни тасдиқлаш ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиб бериш учун келдим. Яна сизларга Раббингиздан ҳужжат келтирдим. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!» (Оли Имрон, 50).
    Исо (алайҳиссалом) Бани Исроил қавмини ҳидоятга бошлаб, ўзаро турли ихтилофлар чиқармасдан Аллоҳнинг дини ва шариатига амал қилишга чақирдилар ҳамда уларга пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида бир неча мўъжизалар кўрсатдилар: «Шунингдек, уни Исро ил авлодига пайғамбар (қилиб юборади ва у айта­ди): “Мен сизларга Раббингиз ҳузуридан (пайғам­барлигимга далолат қилувчи) мўъжиза билан келдим; мен сизларга лойдан қуш шаклини ясаб, унга дам урсам, у Аллоҳнинг изни билан (чинакам) қуш бўлади. Кўр ва песни тузатаман. Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларнинг еяётган ва захирада сақлаётган нарсаларингизни айтиб бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бу ишларда сизлар учун аломат бордир”» (Оли Имрон, 49).
    Кўпчилик муфассирлар туғма кўрни, песни Аллоҳнинг изни билан тузатиб, ўликни тирилтириш мўъжизаларини эътиборга олиб, Исо (алайҳиссалом) даврларида тиб илми
    ривожлангани, шунинг учун Аллоҳ таоло у кишига ўша вақт табиблари қўлидан келмайдиган ишларни мўъжиза қилиб берганини таъкидлайдилар. Исо (алайҳиссалом)
    ўзларидан кейин келувчи Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмли пайғамбарнинг башоратини бердилар ва қавмларни унга эргашишга даъват қилдилар: «“(Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман”, – деган эди» (Саф, 6). Бошқа оятда Исо (алайҳиссалом)нинг яна бир мўъжизалари бўл­ган қавмларига «моида» – дастурхон туширилгани ҳақида зикр этилган (Моида, 112–115).
    Исо (алайҳиссалом) қавмларини динга даъват қилиш жараёнида ўзларига бир гуруҳ ҳаворийларни ёрдамчи қилиб олдилар: «Исо улардан куфрни сезгач, айтди: “Аллоҳ сари (боришимда) менга ёрдамчилар ким?”. Ҳаворийлар айтдилар: “Биз Аллоҳ (динининг) ёрдамчиларимиз. Аллоҳга имон келтирдик ва Аллоҳга (бўйин сунувчи) мусулмон эканимизга (сен) гувоҳ бўлгин (эй Исо)!”» (Оли Имрон, 52). Ушбу оят тафсирида: «Ҳаворийлар Исо (алайҳиссалом)нинг яқин ёрдамчилари бўлиб, улар аслида балиқ овлаш билан шуғулланар эди­лар. Уларга мўъжиза кўрсатилгач, имон келтириб доимо Исо (алайҳиссалом)нинг хизматида бўлишган. Уларнинг кийимлари оқ рангда бўлгани ёки диллари пок бўлгани учун ҳаворийлар дейилган. Зеро, араб тилида “ҳавор” сўзи оқ рангни билдиради», дейилган. Шунингдек, «ҳаворий» холис, яқин, ишончли дўст, деганидир. Исо (алайҳиссалом)нинг ҳам шундай кишилари бўлиб, уларнинг сони 12 нафар эди. Улар Пайғамбарнинг даъватларига дарҳол, лаббай, деб жавоб бердилар ва ҳақиқий мусулмон бўлиб, Аллоҳнинг дини йўлида ёрдамчи бўлишга тайёр эканликларини билдирдилар.
    Исо (алайҳиссалом)нинг даъватларини эшитган, мўъ­жизаларини кўрган одамлар у зотга имон келтириб, эрга­ша бошладилар. Улар кундан­кунга кўпайиб борди. Бу ҳол яҳудийларни ташвишга солди. Улар Исо (алайҳиссалом)ни ўлдиришга қасд қилдилар. Аммо Аллоҳ таоло у зотни Ўзи омон сақлади: «Шунингдек, Аллоҳнинг пайғамбари Исо Масиҳ ибн Марямни биз ўлдирдик, деган гапла ри туфайли (жазоладик). Ҳолбуки, уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат (бошқа бир киши Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, унинг тўғрисида баҳслашганлар у ҳақда шубҳададирлар. Уларда гумонга эргашишдан бошқа бирор (тўғри) маълумот йўқ.
    Аниқ-ки, уни ўлдиришмаган» (Нисо, 157). “Тафсири Наса­фий” да ушбу оят ҳақида шундай дейилади: Исо (алайҳис­салом)га “Масиҳ” лақабининг берилишига сабаб – Жабро­ил (алайҳиссалом) барака тилаб у зотни силаб қўйганлар.
    Иккинчи тафсири шуки, кар, соқов, кўр, пес кишиларни қўллари билан силаб қўйсалар, дарҳол шифо топар эди. Зеро, “Масиҳ” сўзи араб тилида “силанган” ва “силовчи” маъноларини билдиради. Яҳудийлардан бир жамоаси Исо билан Марям (алайҳиссалом)ларни ҳақорат қилганлари­да Исо (алайҳиссалом) уларни лаънатлайдилар. Улар чўчқа ва маймунларга айланиб қолишади. Шундан кейин қолган яҳудийлар Исо (алайҳиссалом)дан ўч олиш мақсадида у зотни қатл этишга азму қарор қиладилар. Аллоҳ таоло уларнинг қасдини билдириб, уни осмонга кўтаришини айтади. Исо (алайҳиссалом) ҳаворийларга, ким менинг қиёфамга кириб қатл этилиш ёки осиб ўлдирилишга рози бўлса, унга жаннат муқаррардир, дейдилар. Улардан бири
    бунга рози бўлгач, ўлдирилади. Бошқача тафсири шуки, ҳаворийлар ичида бир мунофиқ киши қотилларни Исо (алайҳиссалом)нинг уйларига олиб келади. Шу пайтда Аллоҳ таоло Исо (алайҳиссалом)ни самога кўтариб, мунофиқни унинг қиёфасига киритиб қўяди. Уни осиб ўлдирадилар. Ўша ондан бошлаб яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам уни ўлдирилган деб эътиқод қилиб келадилар. Мусулмонлар­нинг Исо (алайҳиссалом) ҳақларидаги ақидалари ушбу ва бошқа оятлардан ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифлардан олин­ган. Унда ҳеч қандай ноаниқлик, шубҳа ёки гумон йўқ. Ҳам аси аниқ ва очиқ­ойдин бўлиб, Исо (алайҳиссалом) ти­риклайин осмонга кўтарилганлар. Аллоҳ таоло Исо (алай­ҳис салом)ни Ўзига кўтарган пайтда у зот 33 ёшда эдилар.Ислом ақидаси бўйича қиёмат яқин қолганда Исо алайҳиссалом ер юзига қайта тушадилар: «Албатта, (Исо) қиёмат учун аломатдир» (Зухруф, 61). Ушбу оят таф­сирида: «Ислом таълимотига кўра, Исо (алайҳиссалом) қиёмат қоим бўлиши арафасида осмондан Ер юзига нозил бўлиб, 40 йил Ислом шариати бўйича раҳнамолик қилади ва Дажжолни ҳалок этади. Вафот этгач, жаноза си­ни мусулмонлар ўқийди», дейилган. Бу борада бир қанча ҳа диси шарифлар ҳам далил сифатида келтирилади. Абу Ҳу райра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагиларни ай­та дилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ичингизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушиши яқиндир. Бас, у хочни син ди ради, чўчқани ўлдиради, жизяни жорий қилади, молу дунёни кўпайтириб юборганидан уни биров олмай қўяди. Ҳат токи, бир сажда бутун дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолади» (Имом Бухорий, Муслим, Молик ва Абу Довуд ривояти).
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­-анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи); Жалолиддин Суютий. Ал-­Итқон. Доктор Салоҳ Холидий.        Ал-­Қисас ал­қуръоний. Ж. III; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбар­лар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пай­ғам барлар сиймоси). Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси). Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Тафсири Ҳилол.

    С. Сиддиқов

    « Back to Glossary Index