ISRO SURASI

    62

    ИСРО СУРАСИ ( араб.– тунда сайр қилдириш). Маккада нозил килинган. У 111 оят, 533 калима ва 6460 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 17-­сура.
    Сурада тавҳид, имон, эътиқод, ибодат, солиҳ амаллар, ота­онани рози қилиш каби фазилатларга тарғиб билан бир қаторда, ширк, куфр, маъсият, зулм каби ёмон сифатлардан холи бўлишга даъват этувчи оятлар мавжуд. Ислом даъвати тарихидаги энг қийин ва оғир дамлар­да нозил бўлган. Чунки мушрикларнинг мусулмонлар­га етказаётган озорлари кучайган, Аллоҳнинг динидан қайтаришга барча кучларини сарфлаган вақт эди. Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари Абу Толиб ва хотинлари Хадича (розияллоҳу анҳу) вафот этган, ҳимоясиз қолган кезлари эди. Шундай пайтда Исро ва Меърож ҳодисаси бўлиб ўтган. Бунда Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Маккадан Байтул Мақдисга олиб боради ва у ердан меърожга олиб чиқади. Бу Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва мусулмонларга тасалли бўлди. Умидсизликдан олиб чиқиш бўлган.
    Шу билан бирга, бу кишиларнинг имони синалган. Чунончи, ҳар бир нарсага мўъжиза талаб қилиб турган мушрикларга бу воқеа гап­сўз учун қулай фурсат бўлса, мусулмонлар учун имонини синашга кучли омил бўлган. Бу ҳодиса, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун илоҳий ҳурмат ва улуғ мартаба ҳисобланган. Бу сурада Мусо (алайҳиссалом) ва у кишининг қавм­лари Бани Исроил қавми хусусида ҳам сўз юритилиб, уларнинг туғён ва исёнлари ҳамда охиратдаги мусибатлари ҳақидаги хабар мушрикларга ўрнак сифатида келти рилган. Шунинг учун айрим уламолар уни «Бани Исроил» сураси деб атайдилар. Мусо (алайҳиссалом)га берилган тўққиз мўъжиза ҳам ибрат сифатида зикр этилади. Унда мўминларга ёлғиз Аллоҳ таологагина ибодат қилишдан кейинги энг зарур амал ота­онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳузурида тавозе билан туриш, буюрган ишларини эътирозсиз бажариш экани уқтирилади. Яна бу сурада борлиқдаги жонли­жонсиз барча мавжудот ўз вужудлари, ўзаро боғланишлари ва бир тартиб­интизомга сўзсиз бўйинсунишлари билан уларни яратган ҳам, бош­қариб турган ҳам ёлғиз Аллоҳ таоло эканлигига далолат қилиб туриши таъкидланади. Қуръони карим васфи, руҳ ҳақидаги оятлар мавжуд. Шунингдек, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг шахсиятлари ва у зотга Аллоҳ томонидан ато этилган мўъжизалар таъриф­тавсифидир. Бу сура Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарига кечанинг бир қисмида кўр­сатган Қуддуси шарифга «сайр» мўъжизаси ҳақида хабар бериш билан бошланади. Шу боисдан, суранинг номи «ал­-Исро» – «Тунги сайр» деб аталган.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index