JAHANNAM

    20

    ЖАҲАННАМ (араб. – дўзах) – кофир, мунофиқ ва гуноҳкор бандалар охиратда жазоланадиган жой. Қуръони каримда Жаҳаннам 39 суранинг 77 ўрнида келади.
    Қуръони каримда жаҳаннам аҳли қуйидагича васф этилади: “У кофирлар учун тайёрлангандир” (Бақара, 24). “Йўқ! Ким ёмонлик касб қилса ва уни хатолари қур-
    шаб олган бўлса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар” (Бақара, 81). “Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз”
    (Нисо, 56). Жаҳаннам халқ қилинган, ҳозир мавжуд, у фоний эмас, боқийдир. Жаҳаннам олов билан қиздириб туриладиган даҳшатли чуқурлик бўлиб, қоронғиликдан иборат. Ундан ҳанграган овоз келиб туради. Жаҳаннам етти қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг алоҳида эшиги бор. Ҳар бир қават бир-­биридан азоблироқ. Гуноҳларнинг даражаси ҳар хил бўлгани каби, азоблар ҳам шунга муносиб бўлади. Гуноҳкорларга олов, темир гурзи, қайноқ сув ёки аёз совуқ билан азоб берилади. Масалан, “Бас, кофир бўлганлар учун (охиратда) оловдан кийимлар бичи либ,
    бошларидан қайноқ сув қуюлур. У (сув) билан уларнинг қоринларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур. Уларга (уриб жазо бериш учун) темир гурзилар
    бордир” (Ҳаж, 19–21). Терилари куйиб битгач, янгисига алмаштирилади ва азоб қайтадан бошланади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: “Азобни тотсинлар
    деб, терилари куйиб битиши билан ўрнига бошқа (янги) териларни алмаштириб турамиз” (Нисо, 56). Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу): “Мазкур оятнинг тафсирини мен биламан, бир соатда териси етмиш марта алмаштирила­ди”, дедилар. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Худди шуни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганман”, дедилар. Шунингдек, Жаҳаннам аҳлига очлик билан ҳам
    азоб берилади. Бу ҳам бошқа азоблар каби қаттиқ бўлади. Очликка чидай олмай таом ва сув сўрайдилар. Уларнинг таомлари тикан, ичимликлари қайноқ сувдан иборат.
    Жаҳаннамнинг хизматкорлари кучли, қўпол ва бе­шафқат фаришталардан бўлиб, “забония” деб аталади.
    Қуръони каримда Жаҳаннам бошқа номлар билан ҳам келган. 1. Лазо (кучли аланга): “Йўқ! Албатта, у кучли алангадур” (Маориж, 15). 2. Ҳутома: “Йўқ! Албатта, у “ҳутома”га хор-зор этиб ташланур” (Ҳумаза, 4). 3. Саъир: “Албатта, шайтон сизларга душмандир. Бас уни душман тутинг. У ўз гуруҳини (ўзига эргашганларни) фақат саъир
    (ўта қизиган дўзах)га эга бўлишларига чақирур” (Фотир, 6). 4. Сақар: “Яқинда Мен уни Сақарда (жаҳаннамда) куйдиражакман” (Муддассир, 26). 5. Жаҳийм: “Фожирлар
    (кофирлар) эса жаҳим (дўзах)дадирлар” (Инфитор, 14).
    6. Ҳавия: “Унинг жойи ҳавиядир. Унинг нима эканини Сизга не ҳам англатур?! (У) (дўзахдаги) ловуллаб ёнувчи оловдир” (Қориа, 9–11). Ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қалбида зарра оғирлигича имони бор одам жаҳаннамдан чиқарилишининг хабарини берганлар. Банданинг ҳаёт­лигида қилган яхшиликлари, тавбаси, истиғфори, муси­батларга сабр қилиши, ўлимидан кейин марҳум ҳақига қилинадиган дуо ва истиғфор, садақа ёки шафоат сабаб Аллоҳ жаҳаннам азобини бекор қилиши мумкин.
    Ад.: Умар Аҳмад Мухтор. Ал­муъжам ал­мавсуъий ли­алфоз ал­Қуръон ал­карим ва қироат.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳ­лар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.

    И. Турдиматова

    « Back to Glossary Index