JIN SURASI

    122

    ЖИН СУРАСИ (араб. – жин, одамлар кўзидан тўсилган мавжудот). Маккада Аъроф сурасидан кейин нозил бўлган. У 28 оят, 285 калима ва 870 ҳарфдан ибо рат.
    Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 72­-сура.
    Маккий суралар каби ақида, имон, Аллоҳнинг ягона­лиги, ўлгандан сўнг тирилиш, қилган амалига яраша муко­фот ёки жазо олиш каби масалалар баён этилган. Сурада асосан жин ҳақида маълумот беради. Шу билан бирга, бир гуруҳ жинлар тоифаси Расул (алайҳиссалом) ҳузурига келиб, Қуръон тиловатини тинглаб, сўнг имон келтирганлари, умуман, жинлар билан инсонлар ўртаси­даги муносабатлар, уларнинг самовий ваҳийларга алоқаси ва бошқа маълумотлар ўз ифодасини топган.
    У Аллоҳ таоло оловдан яратган кўзга кўринмас мах­луқлар – жинлар олами ҳақида ҳикоя қилади. Маъ­лумки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсу жинга баробар пайғамбар қилиб юборилганлар, худди инсонлар орасида бўлгани каби жинлар орасида ҳам у зотнинг пайғамбар эканликларига имон келтирганлар ҳам, имон келтирмайдиганлар ҳам бор. Бу сура аввалида Қуръон оятларини эшитишлари билан у Китобга дарҳол имон келтирган бир гуруҳ жинлар ҳақида хабар берилиб, сўнгра умуман жинлар қандай махлуқот эканликлари тўғрисида маълумотлар келтирилади. Улар айрим ки­шилар ўйлаганидек, инсонларга бирон фойда ёки зиён етказишга ё ғайб сирларини билишга қодир эмасликлари, шунингдек, уларнинг ичида яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам, мусулмонлари ҳам, Иблиси лаин каби кофирлари ҳам бор эканлиги очиқ­равшан баён қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон тиловат қилишлари ва у зотни жинлар ўраб олиб тило­ватни эшитишлари, Аллоҳга, Пайғамбарга бўйсуниш таъ­кидланган оятлар мавжуд. Сура Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўз­ларининг зиммаларида қандай вазифалар борлиги, Аллоҳ Ўз пайғамбарига нималарни маълум қилиши ва нималар­ни билдирмаслиги, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осийлик қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлишини айтишга буюриш билан хотима топади. Ушбу суранинг биринчи оятидаги «жин» сўзи унга ном бўлиб қолган.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index