JUMA SURASI

    138

    ЖУМЪА СУРАСИ (араб. – жамланиш, шу кундаги намоз). Мадинада Сафф сурасидан кейин нозил бўлган. У 11 оят, 180 калима ва 748 ҳарфдан иборат. Муфас­сал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 62­сура. Сурада бир неча ғайбий маълумотлар қаторида жума намозининг аҳамияти, унга азон айтилганда, савдони тўхтатиб намозга бориш лозимлиги, Таврот ва Инжилга амал қилмаган аҳли китобларнинг мисоли ва бошқа эслатмалар ўз ифодасини топган.
    Сура барча инсониятни жаҳолат, билимсизлик бот­қоғидан чиқариб, уларга Қуръон таълимотини етказиш учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни пайғам­бар қилиб юборган Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, У зотни барча айбу нуқсондан поклаш билан бошланади.Шунингдек, бу сурада ўзларига ато этилган Таврот кўрсатмаларига амал қилмаган яҳудийларни устларига китоб юкланган эшакларга ташбеҳ қилиниб, уларнинг золим қавм эканликлари таъкидланади.
    Сўнгра Жума намозининг аҳкомлари баён қилиниб, намозга азон айтилиши билан мўминларнинг масжидга шошилишлари зарурлиги айтилган. Мўминларни ҳаёти дунё матоларига учмасдан Аллоҳ таоло ҳузуридаги мукофот учун амал қилишга даъват этилади.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index