KAHF SURASI

    909

    КАҲФ СУРАСИ (араб. – ғор). Маккада нозил бўл­ган. У 110 оят, 1577 калима ва 6460 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) сураларидандир. Тартиб рақами бўйи ча Қуръ­онда 18­-сура.
    Сурада тавҳид, имон йўлида золим шоҳ зулмидан қочиб, бир ғорга яширинган йигитлар, Мусо билан Хизр (алайҳиссалом) ва Зулқарнайн қиссалари ўз ифодасини топган. Сурада кишиларнинг Аллоҳ таолога бўлган имон­ эътиқодларини мустаҳкамлаш учун энг гўзал, ибратли қиссалардан учтасининг зикри келган. Суранинг 71 ояти қиссалардан иборат.
    Биринчиси «Асҳобул каҳф» қиссаси бўлиб, унда золим ҳоким истибдодидан динини сақлаб қолиш учун ўз жонларини фидо қилган йигитларнинг бир ғорга паноҳ тортиб киришиб, у жойда уч юз йил қолиб кетишгани ҳақида ҳикоя қилинади. Уларнинг сони ҳақидаги тортишув ва улар билан бирга бўлган ит ҳақида ҳам зикр қилиб ўтилган. Суранинг «Каҳф» – «Ғор» деб номланишига сабаб ҳам шудир.
    Иккинчиси Мусо пайғамбар ва Солиҳ инсон (Хизр) қиссаларидирки, унда Мусо (алайҳиссалом)нинг илм йў­лидаги хокисорликлари, Хизр (алайҳиссалом)нинг бошқа пайғамбарларга берилмаган ғойибдан огоҳлик неъмати­га муяссар бўлганликлари тўғрисидаги лавҳалар баён эти­лади.
    Учинчи қиссада Аллоҳ таоло марҳамати билан бутун дунёни ўз ҳукмида тутиш шарафига ноил бўлган адолат ва тақвода беназир буюк шоҳ Зулқарнайн, у кишининг фатҳ­ юришлари хусусида сўз юритилади. Шу билан бирга, икки боғ эгалари, Одам ва Иблис, Яъжуж ва маъжуж ҳақида ҳам қисқача маълумотлар учрайди. Яна бу сурадан молу давлат ғурурланишга арзимай­диган нарсалар экани, умуман бу ҳаёти дунё ўткинчилиги ҳақида айтилган бир қанча ибратли мисоллар ҳам жой ол­гандир.
    Бу суранинг фазилати ҳақида бир қанча ҳадислар кел­ган. Жумладан, «Ким “Каҳф” сурасининг охиридаги ўн оятни ёдласа, Дажжол фитнасидан сақланади» (Имом Муслим ва Насоий ривояти).
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index