KAVSAR SURASI

    134

    КАВСАР СУРАСИ (араб.– Кавсар – Муҳаммад (алайҳиссалом)га атаб яратилган жаннатдаги бир ажиб дарё ёки ҳовузнинг номи). У Маккада Одиёт сурасидан кейин нозил бўлган. У 3 оят, 10 калима ва 42 ҳарфдан ибо­рат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръон­да 108­-сура.
    Унинг суви асалдан тотли, қор ва сутдан оқ. Ундан ич­ган киши абадий чанқоқлик кўрмайди. Қуръони каримдаги бу кичик сурада Пайғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитоб қилиниб, Аллоҳ таоло у кишига ато этган буюк неъмат – жаннатдаги Кавсар ҳову­зи зикр этилади ва ана шундай илоҳий мукофотга етиш­нинг барча воситалари – Қуръон, пайғамбарлик ато этил­гани таъкидланиб, у зотни бундай илоҳий марҳаматнинг шукронаси учун намоз ўқишга ва қурбонлиқ қилишга даъват этилади. Сўнгги оятда эса, кимда­ким Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ёмон кўриб, душманлик қилса, шу­нингдек, унинг ишини давом эттирадиган ўғил фарзанди йўқ, вафотидан кейин барчанинг ёдидан чиқади, деган кимсаларнинг ўзи йўқ бўлиб кетиши ҳақида тасалли ва башорат берилади.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index