LUT (alayhissalom)

    36

    ЛУТ (алайҳиссалом) – Қуръони каримда номи келган пайғамбарлардан бири. Тўлиқ исмлари Лут ибн Ҳорон ибн Торх (Озар) ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Роғу ибн Фолиғ ибн Обир ибн Шолиҳ ибн Арфахшаз ибн Сом ибн Нуҳ (алайҳиссалом)дир. Лут (алайҳис- cалом)  Иброҳим (алайҳиссалом)нинг жиянлари, акалари Ҳороннинг ўғлидир.            Лут (алайҳиссалом) милоддан аввалги 1861 йилда Бобил (Ироқ)нинг Ўр шаҳрида туғилдилар ҳамда 1686 йилда вафот этганлар. У зот 175 йил яшаганлар.
    Қуръони каримда Лут (алайҳиссалом)нинг номлари 14 суранинг 27 оятида зикр этилган. Улар: Анъом, Аъроф, Ҳуд, Ҳижр сураси, Анбиё, Ҳаж, Шуаро сураси, Намл сураси, Анкабут сураси, Соффот, Сод, Қоф, Қамар ҳамда Таҳрим сураларидир. Жумладан, қуйидаги оятда Лут (алайҳиссалом)нинг пайғамбар эканликлари ҳақида шундай дейилади: «Лут ҳам, албатта, пайғамбарлардандир» (Соффот, 133). Аллоҳ таоло Лут (алайҳиссалом)ни ҳам Иброҳим (алайҳиссалом) даврларида пайғамбар қилиб юборган. У зот биринчилардан бўлиб амакилари Иброҳим (алайҳиссалом)га имон келтириб, у зотнинг йўлидан юрганлар: «Бас, Лут унга имон келтирди» (Анкабут, 26).
    Лут (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом)нинг маслаҳатлари билан ҳозирги Иордания ҳудудида Ўлик денгиз ўрнида қадимда мавжуд бўлган Садум шаҳрига бордилар. Ушбу шаҳар ўзининг гўзал табиати билан бошқа ерлардан ажралиб турарди. Аллоҳ изни билан Лут (алайҳиссалом) мазкур шаҳар ва унинг аҳолисига пайғамбар қилиб юборилдилар. Садум аҳолиси маънавий бузуқ кишилар бўлиб, баччавозлик ва бошқа турли гуноҳ ишлар билан шуғулланишар эди. Лут (алайҳиссалом) бу қавмни имонга чақириб, фаҳш ишларидан қайтардилар. Уларни ҳар қанча даъват илмасинлар, охират азобидан қўрқитмасинлар, улар ҳидоят йўлига ўтишмади: «Лут ўз қавмига: «Албатта, сизлар шундай фаҳш ишни қилмоқдасизки, сизлардан олдин оламлардан ҳеч ким уни қилмаган эди. Ҳақиқатан ҳам сизлар (хотинларингизни қўйиб) эркакларга боришингиз, қароқчилик қилишингиз, мажлисгоҳларингизда ёмон ишлар қилишингиз ростми?!» – деган эди. Бас, (Лут) қавмининг жавоби: «Агар сен ростгўй кишилардан
    бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтир!» – дейишлари бўлди, холос» (Анкабут, 28–29). Шунда Аллоҳ таоло Лут (алайҳиссалом) қавмига фаришталар ва улар орқали қаттиқ азобни юборди: «(Фаришталар) айтдилар: «Эй, Лут! Биз Раббингнинг элчиларимиз. (Қавминг) сенга сира ета олмаслар (тега олмаслар). Бас, туннинг бир қисмида оилангни олиб кет! Сизлардан бирор киши ортига боқмасин! Хотинингни эса қўявер! Зеро, уларга етган нарса (азоб) унга ҳам етгусидир. Уларга ваъда қилинган вақт бомдод вақтидир. Бомдод яқин эмасми?!» Фармонимиз (азобимиз) келганида у ерни остин-устун қилиб юбордик ва у ерга қиздирилган лой қотишмасидан иборат тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Азоб тошлари) Раббингиз ҳузурида белгили қилиб қўйилган эди. Улар золимлардан узоқ эмасдир» (Ҳуд, 81–83). Абул Баракот Насафий ушбу оятлар тафсирида шундай дейди: «Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом)га буйруқ бергач, у бир қаноти билан Лут қавми яшайдиган Мадоин юртининг йирик қишлоғи Садумни остидан осмону фалак бўйлаб кўтариб туриб тескаричасига ерга ташлайди.
    Бир ривоятда унинг қавмидан бу ҳодисада 400 минг, бошқа ривоятда тўрт миллион киши ҳалок бўлади. Мазкур қавм устига ёғдирилган ҳар бир тошга у билан ҳалок бўлувчи золимнинг исми ёзиб қўйилган эди. Шундай жазо Макка мушрикларига ёки ҳар қандай золим, ситамкорга ҳам етиши мумкин». Лут (алайҳиссалом) ўзларига эргашган кишилар билан бало келишидан аввал Садумдан чиқиб кетиб, бориб жойлашган Суғар (Ўлик денгизи шарқида қадимда мавжуд бўлган) шаҳри эса фалокатдан омон қолган.Тарихчи олимларнинг айтишларича, харитадан жой олган Ўлик денгизи Лут (алайҳиссалом) қавмининг Садум ва Омура (Иордания) шаҳарлари ўрнида пайдо бўлган. Ўлик денгизнинг туби археологлар томонидан текширилганда, унинг остидан ушбу қадимий шаҳарларнинг қолдиқлари топилган.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи); Жалолиддин Суютий. Ал­Итқон. Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­-қуръоний. Ж. I; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси).

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index