LUQMON SURASI

    38

    ЛУҚМОН СУРАСИ (араб. – Луқмон). Маккада нозил бўлган. У 34 оят, 548 калима ва 2110 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 31-­сура. Масоний суралардан. Тарихда ўтган Луқмони ҳаким деб шуҳрат топган ҳабаший бир доно шахс. Уламолар унинг пайғамбар ёки валий бўлгани ҳақида бир фикрга келиша олмаганлар. Чунки Қуръонда ва на ҳадисларда бу тўғрида аниқ маълумот учрамайди. Фақат Қуръонда унинг ўз ўғлига қилган айрим насиҳатлари берилган. Маккий суралар каби оятларда тавҳид ва имонга даъват, куфр каби масалалар талқин этилади. Асосий мавзу ширкдан
    қайтариш, унинг энг катта зулм экани баён қилинган. Сура Қуръони каримнинг таърифи билан бошланиб, сўнгра шу буюк борлиқда ҳам Аллоҳ таолонинг борлиги ва
    бирлигига далолат қиладиган турли оят­аломатлар мавжуд эканлиги ҳақида хабар берилади ва коинотдаги энг кичик заррадан тортиб, энг катта сайёраларгача, яъни осмон, ер, қуёш, ой, кеча, кундуз, тоғ, денгиз, ўсимликлар каби барча мавжудот ягона Аллоҳ томонидан белгиланган тартиб­интизомга бўйинсуниши уқтирилади. Бу сурада тўрт кунлик дунё матоҳларига алданиб қолган мушриклар ва уларнинг топажак оқибатлари тўғрисида ҳам, ёлғиз Аллоҳга имон келтириб, ҳаётларини яхши амаллар билан ўтказаётган имон эгалари ҳақида ҳам мисоллар келтирилади, Аллоҳ яратган нарсаларга ибрат кўзи билан қараб, хулоса чиқариш эслатилади. Сура ниҳоясида барча инсонларни фарзандлар ҳам, мол­дунё ҳам фойда бермайдиган ҳисоб­китоб Куни – Қиёмат ҳақ эканлиги ва унинг даҳшати хусусида огоҳлантирилади.Бу сурадан Луқмони ҳаким тўғрисидаги хабар ва унинг ўз фарзандига қилган ўгитлари ҳам ўрин олгани сабабли у «Луқмон» сураси деб номланган.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index