MAORIJ SURASI

    39

    МАОРИЖ СУРАСИ (араб. – меърожлар, яъни поғоналар, зиналар, нарвонлар). Маккада ал-­Ҳоққа сура­сидан кейин нозил бўлган. У 44 оят, 224 калима ва 929 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 70­-сура.
    Маккий суралар каби ақида масаласи асосий ўрин олган. Шунингдек, охиратдаги бахт ва бахтсизлик ҳа­қида огоҳлантириш, роҳат ва азоб, мўмин ва гуноҳкор бандаларнинг у ердаги ҳоли, у пайтда ҳар ким ўзи учун жавоб бериши, инсон иродасининг заифлиги, уни фақат имон ва итоат билан мустаҳкамлаш мумкинлиги ва бошқа илоҳий эслатмалар ўз ифодасини топган. Сура кофирларнинг туғёнга тушиб, ўзлари огоҳлан­тирилган охират азобини инкор этишлари ҳақида хабар бериш билан бошланиб, сўнгра улар имон келтирмаётган Қиёмат кунида кофирларга бериладиган жазодан ҳеч қан­-дай йўл билан қутулиб бўлмаслиги яна бир бор таъкид­ланади.
    Бу сурада яна инсоннинг хафачиликни ҳам, хур­сандчиликни ҳам кўтара олмайдиган ношукр ва ожиз ву­жуд эканлиги уқтирилиб, фақат тақво ва эзгу амалгина ин­сонни бундай ожизликдан омон сақлай олиш мумкинлиги айтилади.
    Макка кофирларининг қиёматда қайта тирилишнинг инкор қилишлари, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватларини масхара қилишларига асосий эътибор қаратилган. Шунингдек, маккаликларнинг туғёни, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат этишдан бош тортишлари ҳам ёритилган.
    Сура ниҳоясида кофирларнинг жаннатга кириш тўғрисида бефойда тамаъ қилишлари баён қилиниб, сўнгра Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га уларни то ўзларига ваъда қилинган азобга йўлиқишгунча тарк қилиш буюрилади. Сура номланган «Маориж» калимаси асли «поғоналар» маъносида бўлиб, бу сурада «Осмон қаватлари», «юқорига чиқадиган йўл» маъноларида келгандир.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index