MARYAM SURASI

    38

    МАРЯМ СУРАСИ (араб. – Марям. Имрон қизи, Исо (алайҳиссалом) пайғамбарнинг онаси). Маккада нозил бўлган. У 98 оят, 962 калима ва 3302 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 19­-сура.
    Сурада Марямдан Исо (алайҳиссалом)нинг отасиз туғилиши, бешикда гапиргани ва бошқа мўъжизалари ҳақида оятлар бўлгани учун у «Марям» сураси деб аталган. Қолган оятларда тавҳид, имон, ақида, жаннат, дўзах, охират, Аллоҳнинг фазли, раҳмати ва мағфирати каби маънавий тушунчалар ўз ифодасини топган. Қайта тирилиш, ҳисоб­китоб, ҳидоят­залолат каби мавзулар ҳам зикр этилган.
    Бу сурада ҳам бир қанча пайғамбарлар қиссалари, улардан Нуҳ, Идрис, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Мусо, Ҳорун, Закариё ва Яҳё (алайҳиссалом)лар ҳақида зикр қилинади. Уларнинг барчалари бир занжирнинг ҳалқала­ри эканликлари, яъни Ягона Аллоҳнинг динига даъват этганликлари яна бир бор эслатиб ўтилади. Закариё ва унинг кексалик чоғида кўрган фарзанди Яҳё ҳақида зикр қилиниб, сўнгра энг ажиб ва ғариб қисса – Марям ва унинг отасиз дунёга келган ва бешикда ётган чоғидаёқ тилга кириб ўзининг кимлигини айтган фарзанди Исонинг қиссаси ҳикоя қилинади ва Яратган наздида бу осон иш эканлиги таъкидланади.
    Иброҳим (алайҳиссалом)нинг тарихлари, у кишининг оталари билан бўлиб ўтган тортишувлари, охири ўз юртларини тарк этиб кетишлаи ҳикоя қилинади. Шунингдек, бу сурада қиёматнинг айрим манзаралари, у куннинг даҳшатлари – жаҳаннамга ташланишларини кутиб, тиз чўкиб турган кофирларнинг аҳволи чизиб берилади. Лекин У зотнинг ёлғиз Аллоҳга бандалик қиладиган кишиларга бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам раҳм­-шафқатли эканлиги таъкидланиб, суранинг бир неча ўринларида Аллоҳ калимасининг ўрнига Раҳмон­Меҳрибон сўзи қўлланади. Сура ниҳоясида Аллоҳ таолонинг фарзанд ва шерикдан пок – тенги йўқ зот экани яна бир карра уқтириб ўтилади.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index