MO’UN SURASI

    32

    МОЪУН СУРАСИ (араб. – рўзғор буюм ва анжомлари). Маккада Такосур сурасидан кейин нозил бўлган. У 7 оят, 25 калима ва 125 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 107-­сура.
    Бу сурада диннинг моҳияти ҳақида сўз юритилиб, имонсиз, яъни охиратдан умиди йўқ бандаларнинг разил сифатларидан баъзилари санаб ўтилади. Жумладан, охират жазосини инкор этиш, атрофларидаги етимларга дилозорлик қиладиган, намозни унутиш, риёкорлик қилиш ва рўзғор буюмларини қизғаниш каби нуқсонлар. Шунингдек, бу сурада ўзлари ёлғиз бўлганларида намоз ўқишни «унутиб» қўядиган ва фақат бошқалар кўриши учун намоз ўқийдиган ҳамда қўшни, ҳамсоялардан одатда энг арзимас рўзғор буюмларини ҳам аяйдиган риёкор ва хасис кимсалар ҳақига дуойи бад қилинади ва бу билан етимларга доим ёрдам қўлини чўзадиган, тоат­ибодатини ёлғиз Яратганнинг ризолигини кўзлаб, бериё қиладиган саховатли зотларгина ҳақиқий мўмин­мусулмонлар эканлиги таъкидланади.
    Суранинг номи бўлмиш «Моъун» калимаси – идиш­-товоқ, болта, теша каби майда рўзғор буюмлари деган маъноларда келади. Суранинг «Дин» ва «Ятим» номлари ҳам бор.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index