MOIDA SURASI

    67

    МОИДА СУРАСИ (араб. – дастурхон). Қуръондаги энг сўнгги суралардан бири, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳажжатул вадода Арофатда турганларида нозил бўлган. Маданий сура. У 120 оят, 2804 калима ва 11933 ҳарфдан иборат. Узун суралардан бўлгани учун «тивол» деб юритилади. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 5­сура.
    Мазкур сура шариат аҳкомлари батафсил баён этилиши билан биргаликда, эътиқод мавзуи доимий равишда зикр қилиниб борилади аҳли китоб ва уларнинг бу борада йўл қўйган хатолар ҳақида ҳам сўз юритилади. Яна унда кишилар ўртасидаги ақд (битим, келишув) муомалалари, гўшти ҳалол ҳайвонларни сўйиш масалалари, ов ҳақидаги ҳукмлар: ҳаж ва умра каби ибодатлар учун шарт бўлган эҳром баёни, аҳли китобларга мансуб аёлларга уйланиш жоизлиги хусусидаги хукмлар, таҳорат қоидалари; ўғрилик,
    зўравонлик ва бузғунчилик жиноятларининг жазолари, ичкилик ва қимор, бутпарастлик, фолбинлик тўғрисидаги қатъий хукм ва шариати исломийянинг яна бошқа кўпдан­-кўп ҳукм ва қонунлари ҳақида муфассал маълумот берилади.
    Ўлим пайтидаги васият ҳам эслатилган. Бундан ташқари, бу сурада бизларга насиҳат ва ибрат бўладиган пайғамбарлар қиссалари ҳикоя қилинади. Шундай қиссалардан бири Бани Исроилнинг ўз пайғамбарлари Мусо (алайҳиссалом) билан можаролари бўлиб, унда яҳудийлар имонсиз ва қўрқоқликлари сабабли пайғамбар сўзига кирмай, оқибатда қирқ йиллаб чўлда сарсон бўлиб юрганлари айтилади.
    Яна бир қиссада эса, Одам (алайҳиссалом)нинг икки фарзанди – Қобил ва Ҳобил ўртасида бўлиб ўтган кураш – Қобил ўз биродари Ҳобилни ноҳақ ўлдиргани тўғрисида
    хабар берилиб, бу қисса орқали яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги кураш тасвирланади. Бу фожеа ер юзидаги ноҳақ қон тўкилишнинг биринчиси эди.
    Яна Исо пайғамбарга берилган мўъжизалардан бири – осмондан моида (дастурхон) тушгани воқеаси ҳам бор. Исо алайҳиссаломнинг ҳаворийлари осмондан ясатилган бир дастурхон тушириб беришини сўрайдилар. Аллоҳ ўз пайғамбарини қўллаш ва пайғамбарлигини тасдиқлаш учун дастурхонни туширади. Суранинг «Моида» деб аталишига сабаб шу.
    Суранинг иккинчи номи «уҳууд», яъни шартномалар бўлиб, унда турли шартномалар, аҳдлашувлар ҳақида маълумотлар берилади. Яхшилик йўлида алоқа қилиш, ёмонлик йўлида ҳамкорлик қилмаслик уқтирилади. Шунингдек, бу сурада инсонга Аллоҳ томонидан қилинган нидолар кўп учрайди. Масалан, «Эй, имон келтирганлар» ўндан ортиқ такрорланган ва бошқалар нидолар ҳам келган. Мазкур нидолардан кейин келган маънолар шартномаларга айланган. Таврот ва Инжилда келган ҳукмлар ҳам зикр қилинган.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index