MU’MINUN SURASI

    59

    МУЪМИНУН СУРАСИ (араб. – мўминлар). Маккада нозил қилинган. У 118 оят, 1840 калима ва 4802 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 23-­сура.Мўмин­мусулмонларга лойиқ сифатлар зикри билан бошлангани учун шундай ном берилган. Унда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Маккадаги даврларида аҳли Исломга мушриклар тарафидан берилган азиятларга сабр қилиш, охират саодати учун бу дунёда қилиш зарур бўлган солиҳ амаллар, пайғамбарлар қиссаси ва бошқа илоҳий ўгитлар баён этилган. Ақида, тавҳид, пайғамбарлик, Қиёмат сураси, қайта тирилиш, жазо ёки мукофот масалалари ёритилган.
    Сурада Аллоҳ Таолонинг борлиги ва бирлигига ҳамда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) У Зотнинг сўнгги пайғамбари эканлигига имон келтирган мўминлар Фирдавс боғларига меросхўр бўлиш учун қайси амалларни қилиб, қайси амаллардан тийилишлари лозим эканлигини баён қилинган. Шунингдек, имонга чорловчи далиллар келтирилади. Бунда инсонни она қорнидаги ривожи, туғилиши, ўсиши ва умрининг охиригача бўлган ҳолати зикр қилинган. Шунингдек, осмонларнинг яратилиши, сув, ўсимлик ва мевалар, инсонга бўйсундирилган чорва ҳайвонлар, кемалар борасида сўз юритилган.Бу сурада ҳам Нуҳ, Ҳуд, Мусо, Исо пайғамбарлар ва уларга мушриклар томонидан берилган озорлар ҳақидаги қиссалар зикр қилиниши билан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Макка кофирларининг етказаётган азиятларида тасалли берилади, суранинг асосий мазмуни асосан бу дунёдаги ҳаёт учун қайта тирилиш ҳақ экани атрофида айланади. Кофирларнинг эътирозларига жавоблар берилади. Шу билан бирга, ҳаётларини куфр билан ўтказган кимсаларнинг «сакаротул­мавт – ўлим мастлиги» чоғида тортадиган азоблари, ажаллари етиб – орзу­хаёллари пучга чиққан пайтида чекадиган афсуслари ҳам баён қилинади.
    Пайғамбарлардан кейин одамларнинг ихтилоф қилиб, фирқаларга бўлинишлари, дунё ҳаётига алданишлари, аммо ҳақиқий мўминлар финаларга алданмай Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишлари баён этилади. Сура одамлар икки тоифага: бахтли ва бадбахтларга бўлинадиган, ҳар қандай насл, қариндошликдан тониладиган, фақат имон ва қилинган яхши амалгина фойда берадиган Қиёмат куни ҳақида хабар бериш билан ниҳоя топади.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index