MUDDASSIR SURASI

    22

    МУДДАССИР СУРАСИ ( араб.– бурканиб олган киши). Маккада Муззаммил сурасидан кейин нозил бўлган. У 56 оят, 255 калима ва 1010 ҳарфдан иборат. Муфассал суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 74­-сура.
    Сурада Ислом динига даъват этишда Пайғамбар (алайҳиссалом)га юкланган бурч ва вазифалар, қиёматда бўладиган ишлар, жаннат, дўзах, ҳисоб­китоб, жаннат аҳли билан дўзах аҳли ўртасидаги савол­жавоблар ва бошқа илоҳий ўгитлар мавжуд.
    Бу сурада ҳам худди «Муззаммил» сурасида бўлгани­дек, сўз асосан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шахсиятлари хусусида бориб, дастлабки оятларда  Пай­ғамбаримизга даъват юкини ўз зиммаларига олишлари амр этилади, кофирларни огоҳлантиришга ва бу йўлда ўзларига етадиган озорларга Аллоҳ учун сабр­тоқат қилиш
    буюрилади. Сура давомида қиёмат кунида кофирлар учун осон бўлмаслиги таъкидланади ва улардан бирининг кирди кори батафсил фош этилади.
    Сўнгра кофирларга ваъда қилинган дўзах ва унинг қўриқчи­ходимларининг саноқлари тўғрисида сўз юритилиб, бу саноқ фақат имтиҳон учун айтилгани баён қилинади. Жаннат аҳлининг дўзахийлар билан қиладиган савол­жавоблари ҳам ўрин олган.
    Ушбу суранинг нозил бўлиши ҳақида тафсир китобларда қуйидаги ривоят келтирилади: қурайш қабиласи мушриклари йиғилиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даъватларидан одамларни тўсиш учун турли тадбирлар қилганларида, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғамга ботиб, кийимларига бурканиб олганларида «Йа айюҳал­муззаммил – эй бурканиб ётган!» деб суранинг аввали нозил бўлган.Сура Макка мушрикларининг имондан юз ўгиришлари сабаби келтирилиб, ҳақ йўлига юрмаётганларидан ғамгин бўлган Пайғамбар (алайҳиссалом)га ҳар иш Аллоҳ таолонинг хоҳиш­иродаси билан бўлишини билдириб, таскин­тасалли бериш билан хотима топади. Суранинг биринчи оятидаги сўз унга ном бўлган.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-­Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index