MUHAMMAD (SOLLALLOHU ALAYHI VA SALLAM)

    41

    МУҲАММАД (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ) (араб. – мақталган) – пайғамбарлар сўнгиси ва энг улуғи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг исмлари. Муҳаммад исми айтилганда ёки эшитганда саловат айтиш, яъни «саллалоҳу алайҳи васаллам» – «унга Аллоҳнинг раҳмат ва саломи бўлсин» дейиш вожиб. Қуръони каримда Муҳаммад исми 4 марта келган. Шу билан бирга 47 ­сурага Муҳаммад номи берилган. Жумладан, «Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар
    ўтган» (Оли Имрон, 144), «…ҳамда Муҳаммадга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) … имон келтирган зотларнинг эса ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва ишларини ислоҳ этур» (Муҳаммад, 2) ва «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир» (Фатҳ, 29) оятларини келтириш мумкин.
    «Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир» (Аҳзоб, 40) оятида Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни «Пайғам­барларнинг муҳри» деб атади. Зеро, ҳар бир муҳим ёзма ҳужжат сўнггида муҳр босилгани каби охирги пайғам­бар келгач, пайғамбарлар китобига ҳам муҳр босилгандек бўлди.
    Бундан ташқари, Муҳаммад исми Қуръони каримдан аввалги китобларда Аҳмад исми билан зикр этилган. Масалан, «Эсланг, Исо ибн Марям: «Эй, Исроил авлоди! …(Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман»» (Саф, 6), дейилган.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур.; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index